“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида брифинг
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш натижаларига бағишланган брифинг ўтказилди.
Унда “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти Ахборот хизмати раҳбари Неъмат Душаев атрофлича ахборот берди. Хусусан, жорий йилнинг биринчи яримида жамиятга 262 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 тага кам бўлиб, мурожаатлар сони 5,1 фоизга қисқарганини кўрсатади.
Қайд этилишича, мурожаатлар сонининг камайиши фуқаролар билан ишлаш тизими самарадорлигининг ошгани, сайёр қабулларнинг мунтазам ташкил этилаётгани, мурожаатларни жойида ўрганиш ҳамда профилактик тушунтириш ишларининг тизимли олиб борилаётгани билан боғлиқ.
Брифингда мурожаатларнинг асосий қисми ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муносабатлари, иш ҳақи ва кўмир маҳсулотлари таъминотига оид масалалар ҳиссасига тўғри келиши қайд этилди. Жумладан, ҳомийлик ва моддий ёрдам бўйича 118 та, меҳнат муносабатлари бўйича 61 та, иш ҳақи масалалари юзасидан 35 та, кўмир маҳсулотлари таъминоти бўйича 8 та ҳамда раҳбар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича 2 та мурожаат келиб тушган.
Шунингдек, жамиятда мурожаатлар билан ишлашнинг очиқ ва замонавий механизмлари изчил такомиллаштирилаётгани таъкидланди. Хусусан, Teлеграм платформада ҳар ой овозли чат шаклида очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, фуқароларнинг саволларига масъул раҳбарлар ва мутахассислар томонидан тўғридан-тўғри жавоб қайтариш амалиёти йўлга қўйилгани маълум қилинди.
Ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатларнинг 224 таси ёки 85,8 фоизи ижобий ҳал этилган, 24 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 1 та мурожаат асосли равишда рад этилган, қолган мурожаатлар эса белгиланган тартибда кўриб чиқилган. Шу билан бирга, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларининг бузилиши, мурожаатларни асоссиз қолдириш ёки назоратдан четда қолдириш ҳолатларига йўл қўйилмагани алоҳида қайд этилди.
Брифинг якунида “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва ходимлар билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ҳамда ҳар бир мурожаатнинг қонуний, адолатли ва тезкор ҳал этилишини таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилиши айтилди.
А.Мусаев,ЎзА.