Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида беш кун давомида оғир атлетика мухлислари учун катта спорт байрамини туҳфа этган 20 ёшгача бўлган ёшлар ва катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги ҳамда Марказий Осиё очиқ чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари маълум бўлди.
Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан иқтидорли спортчилар ва Туркия, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон давлатларининг маҳоратли оғир атлетикачилари қатнашган чемпионат давомида бир қатор рекордлар ўрнатилди.
Жумладан, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Нигора Абдуллаева, Ригина Адашбоева ва Омадилло Олимов ўз вазн тоифаларида Ўзбекистон рекордларини янгилашга муваффақ бўлди.
Масалан, ёш қизлар ўртасида -87 килограммда навоийлик Дилёра Давроновага тегишли бўлган 133 килограмм кўрсаткични қашқадарёлик Регина Адашбоева 135 килограммга, +109 килограммли ёш оғир атлетикачилар орасида тошкентлик Мирҳосил Мирзабоевга тегишли 212 кило оғирликни андижонлик Омадилло Олимов 215 килограммга ошириб, мамлакат рекордини янгилагани маҳоратли спортчиларнинг янги авлоди етишиб келаётганлигидан далолат, дейиш мумкин.
Шиддатли баҳслар сарҳисобига кўра, Ўзбекистон кубоги мусобақаларида Тошкент, Самарқанд, Хоразм, Навоий, Наманган, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари совринли ўринлардан жой олган бўлса, умумжамоада Хоразм, Навоий ва Наманган жамоалари етакчиликка эришди.
Бўлажак халқаро мусобақалар олдидан тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлган Марказий Осиё очиқ чемпионатида ўзбекистонлик, туркманистонлик ва туркиялик оғир атлетикачилар ғалабага бўлган иродасини намойиш этишди.
Т. Рўзиев, ЎзА