Ватанимиз тарихидаги 6 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1131 йил (бундан 894 йил олдин) – қози Абу Ҳафс Умар ибн Шуайб Дизакий Уструшананинг қишлоқларидан бири бўлган Боркасда вафот этди. Аллома Дизак (ҳозирги Жиззах) шаҳрида туғилиб, Самарқанддаги бир ҳарбий истеҳкомда қози бўлган.
1826 йил (бундан 199 йил олдин) – Бухоро ҳукмдори Амир Ҳайдар 48 ёшида Бухоро шаҳрида тўсатдан вафот этди. Унинг вафотидан сўнг манғитлар сулоласи вакиллари ўртасида ҳокимият учун кескин кураш бошланди. Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг ёзишича, Амир Ҳайдар Қарши вилояти ҳокими бўлган ўғли Насруллоҳ ҳузурида бўлиб, Буxopoгa қайтаёгганда бедаво бир дардга чалинган ва пойтахтга етиб келгач, оламдан ўтган эди. Марҳум амирдан 7 ўғил ва 8 қизнинг қолганлиги вазиятни янада мураккаблаштирди. Аҳмад Дониш ва Мирзо Абдулазим Сомий каби тарихчи олимларнинг фикрича, Амир Ҳайдар бетоб бўлиб тўшакда ётганида сарой аҳлини ҳузуриға чақириб, энг катга ўғли Ҳусайн Тўра (1797–1826)ни ўзининг валиаҳди деб эълон қилган.
1881 йил (бундан 144 йил олдин) – Тошкентда биринчи хусусий банк – операциялар ўтказиш доираси чекланган, унча катта сармояга эга бўлмаган кредит муассаса – Ўрта Осиё тижорат банки очилди. 1909 йилга қадар ушбу банкнинг асосий сармояси 500 минг рублни ташкил қилган. Банк ҳеч қандай товар операцияларини ўтказмас эди. Ўрта Осиё тижорат банки асосан фоизли қоғозлар ва векселлар ҳисоб-китоби билан боғлиқ операцияларни амалга оширарди. Банкнинг ички тартибларига кўра 20 та акцияга эга бўлган акциядорлар йиғилишда 1 та, 300 та акция эгаси эса 5 та овозга эга бўлган. Йиғилишда бир акциядор кўп акцияга эга бўлиб, масалани ўз фойдасига ечиб олмаслиги учун ҳеч кимга 10 тадан ортиқ овоз бериш ҳуқуқи берилмаган. Банк ўз капиталини кўпайтира олмаганлиги сабабли 1911 йилга келиб тугатилган.
1908 йил (бундан 117 йил олдин) – метереолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Виктор Бугаев таваллуд топди (вафоти 1974 йил). У 1935–1940 йилларда Ўзбекистон об-ҳаво бюроси бошлиғи бўлган. Виктор Бугаев Жаҳон об-ҳаво хизматини ташкил этиш ташаббускорларидан бири.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Бухоронинг собиқ амири Олимхоннинг ёзги саройи – Ситораи Моҳи Хосада халқ вакилларининг биринчи Умумбухоро қурултойи иш бошлади. Қурултой Бухорони халқ совет республикаси деб эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Шу тариқа Бухоро республикаси ташкил топди.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Туркистон республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси ва ҳукумати томонидан Туркистон Иқтисодий Кенгаши фаолиятини кучайтириш мақсадида “Туркистон Республикаси Иқтисодий Кенгаши ҳақида” низом қабул қилинди. Унга кўра, мазкур муассаса ҳукумат қошида жорий этилди.
1950 йил (бундан 75 йил олдин) – Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий қисмида жойлашган Шуманай тумани ташкил этилди. У 1960 йил 5 февалда Қўнғирот ва Хўжайли туманларига қўшиб юборилган. 1976 йил 9 январда қайта ташкил этилган.
1956 йил (бундан 69 йил олдин) – тарихчи Жасур Хасановнинг маълумот беришича, Фанлар академиясининг ҳақиқий ва мухбир аъзолари иштирокидаги йиллик йиғилишида мазкур академияга янги президент сайлови бўлди. Унда Ҳабиб Абдуллаев бир овоздан Ўзбекистон ССР Фанлар академияси президенти этиб сайланди. Ҳабиб Абдуллаевнинг раҳбар этиб сайланиши академия фаолияти ва республикада маҳаллий илмий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлар ривожида муҳим давр бўлди.
Ҳабиб Абдуллаев Фанлар академияси таркибида Гидрогеология ва инженерлик геологияси, Нефть-газ конлари геологияси ва қидирув ишлари каби янги замонавий илмий-тадқиқот муассасаларини очишда бош-қош бўлди. Шунингдек, бир қатор янги илмий муассасаларни ташкил этишда жонбозлик кўрсатди. У Фанлар академиясини 1962 йилга қадар бошқарди.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Нукусда буюк олим, атоқли астроном Муҳаммад Тарағай Улуғбек ҳайкали очилди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида Ўзбекистон билан Руминия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш ҳақидаги Протоколни имзолаш маросими бўлди. Шу куни Ўзбекистон Республикаси билан Сенегал Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги қўшма Коммюнике имзоланди.
2011 йил (бундан 14 йил олдин) – Халқаро газ иттифоқи кенгашининг Дубровник шаҳридаги (Хорватия) мажлисида Ўзбекистон Республикаси ушбу ташкилот аъзолигига қабул қилинди.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Геология-қидирув ишларини янада рағбатлантириш ва ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон дзюдо академияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”, “Спорт вазирлиги тизимига кирувчи Денов ва Урганч дзюдо спорт маҳорати мактаблари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА