Ўзбекистоннинг Остона саммитидаги ташаббуслари борасида мулоҳазалар
Маълумки, Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) – хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, савдо ва иқтисодий шериклик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган халқаро форум ҳисобланади. Кенгашга аъзо мамлакатлар ва кузатувчилар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар делегациялари иштирокида ўтаётган саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Мазкур нутқда илгари сурилган қатор долзарб масалалар, мазкур саммитнинг аҳамияти борасида парламентимиз вакиллари ўз мулоҳазаларини, муносабатини баён қилишмоқда.

Актам ҲАИТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари:
— Давлатимиз раҳбари Остона саммитидаги нутқида халқаро ҳамкорлик, глобал иқтисодиётдаги муаммоларга ҳам тўхталди. Хусусан, дунёдаги инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилаётганига эътибор қаратди.
Умумий хавфсизлик манфаатлари, тараққиётимизга таъсиридан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари олтита устувор йўналишлар бўйича ўндан ортиқ нафақат Ўзбекистон, балки Осиё қитъаси ва бутунжаҳон учун муҳим аҳамиятли таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Мазкур устувор йўналишлардан бири сифатида озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига саммит иштирокчилари эътиборини қаратдилар. Давлатимиз раҳбари нутқида қитъамизнинг кўплаб давлатлари истеъмол маҳсулотларининг асосий импорт қилувчилари ҳисобланишини таъкидлади.
Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда. Мамлакатимиз Президенти мазкур ўткир муаммо ечими юзасидан янги ёндашувларни баён этди. Жумладан, озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш, ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш, Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратиш масаласига эътибор қаратди.
Давлатимиз раҳбари ушбу барча масалаларни ФАО шафелигида келгуси йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда муҳокама қилишни таклиф этди. Ушбу таклифлар инсоният учун ўта муҳим бўлган озиқ-овқат масаласида тўғри ва оқилона ечимлар ишлаб чиқилишига йўналтиради.

Зафар ХУДОЙБEРДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг Остона саммити минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашиш учун муҳим платформа ҳисобланади. Ҳозирда унга 27 та давлат аъзо бўлиб, яна 9 та давлат кузатувчи мақомига эга.
Саммитда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, ушбу тузилма хавфсизликни таъминлаш, Осиёда ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш масалалари бўйича очиқ мулоқот майдони эканлигини таъкидлади. Шунингдек, мураккаб геосиёсий воқеликлар Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани, инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига тўғридан-тўғри дахл қилаётгани, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни секинлаштираётгани айтиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бир қатор устувор йўналишларга эътибор қаратиб, қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, протекционизмнинг кучайишига, глобал бозорларни беқарор қиладиган омилларни, жумладан янги чекловларнинг жорий этилишига йўл қўймаслик, Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни, биринчи галда, ишлаб чиқариш-логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш ҳамда инновациялар трансфери салоҳиятини янада тўлиқроқ ишга солиш, рақамлаштиришни фаол рағбатлантириш, юқори технологиялар, сунъий интеллект, Интернет тизимларини ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг прагматик ташқи сиёсат олиб бораётганидан, яъни билдирилаётган таклифлар ўзининг амалий ифодаси билан мустаҳкамланганидан далолат беради.

Дилбар УСМОНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқаро форумдаги нутқида дунёдаги вазиятга баҳо берди ва халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, мулоқот ва ишонч мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганини қайд этди.
Саммитда давлатимиз раҳбари бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, глобал бозорларни беқарор қиладиган омилларга йўл қўймаслик, Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни яратиш, рақамлаштиришни фаол рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, саммитда Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида янги ёндашувларни таклиф этди. Бу долзарб ва айни пайтда амалга ошириш жуда муҳим бўлган масалалар сирасига киради.
Энг қувонарлиси, давлатимиз раҳбари мазкур саммитда иштирок этаётган 28 та давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарларини дунёдаги глобал муаммоларни ҳамкорликда ҳал этишга ва бунда ҳар бир мамлакат бир-бирига кўмакчи бўлишини айтиб ўтди.
Бундан кўринадики, бугун ҳеч бир давлат ён қўшни ёки узоқ-яқиндаги мамлакатлар билан ҳамкорлик қилмасдан иқтисодий юксалишларга эриша олмайди. Шундай экан, саммитда Президентимиз кўтарган барча масалалар дунё мамлакатларини ҳамжиҳатлик ва тотувликка чорлайди.
Муҳтарама Комилова тайёрлади, ЎзА