Навоий кон-металлургия комбинати учун кейинги беш йил янги тараққиёт даврини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.
Бу даврда корхона миқёсида улкан бунёдкорлик ишлари, янги конларни ўзлаштириш, гидрометаллургия заводлари барпо этиш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган комбинатни 2026 йилгача ривожлантириш дастури доирасида “Олтинни уюмда ишқорлаш цехида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини қуриш (7-ГМЗ)” лойиҳаси ана шундай муҳим ишлардан биридир.
– Техноген чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланган ушбу завод комбинат жамоаси томонидан қисқа даврда қуриб битказилди, – дейди 7-ГМЗ директори Фарҳод Чўлиев. – Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда комбинат мутахассислари ва муҳандис-технологлари замонавий корхоналарни қуриш, улар учун керакли жиҳозларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга эришди. Бу инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда жуда қўл келяпти. Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эса бундай улкан ишларни амалга оширишга замин яратмоқда. Яна бир гап. Завод қурилишида қўлланилган асосий технологик ускуналар, турли дастгоҳлар, бутловчи материаллар, шарли тегирмонлар чет элдан сотиб олинмасдан, Навоий машинасозлик заводида ишлаб чиқарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Олтинни уюмда эритмага ўтказиш цехи ҳудудида йиллар давомида таркибида кам миқдорда олтин бўлган техноген чиқиндилар тўпланиб қолган, уларни қайта ишлаш учун рағбат, кўмак ва янги технологиялар керак эди. Комбинат мутахассислари томонидан бу борада таклифлар ишлаб чиқилди. Натижада комбинат томонидан илгари дунё амалиётида бўлмаган техноген чиқиндиларни қайта ишлайдиган замонавий корхона барпо этилди. Заводнинг бошқа турдош заводлардан ажралиб турадиган устунлиги шундаки, бу ерда жорий этилган технологиялар техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ва унинг таркибидаги олтинни олиш имконини берди. Яъни, захирага олинган маъданни энг мураккаб жараёнлар орқали, яъни, кислотали ишқорда яна қайта ишлаб, маҳсулот олиш йўлга қўйилди.
– Корхонада техноген чиқиндилардан маҳсулот олиниши экологик жиҳатдан барча талабларга тўла жавоб беради, – дейди Ф.Чўлиев. – Энг муҳими, қайта ишлаш жараёнида фақатгина маҳаллий кимёвий маҳсулотлар ишлатилади. Бу эса ички бозорнинг ўсишига олиб келади, маҳсулот таннархини арзонлаштиради. 2020 йилда маъданни қайта ишлашга ихтисослашган тўртта тегирмон ишга туширилиши ҳисобига шу йили 3,3 миллион тоннадан ортиқ маъдан қайта ишланган бўлса, кейинги йилларда яна иккита тегирмон, жами олтита тегирмон ишга туширилиши натижасида 2022 йилнинг ўтган олти ойда 8,4 миллион тоннага етказилди. Бу кўрсаткични йил якунига қадар 15,7 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
Бугунги кунда завод замонавий бошқарув тизимлари билан жиҳозланган корхона ҳисобланади. Айни пайтда унда 845 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Уларни асосан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, бошқа олийгоҳларни тугатиб келган ёш мутахассислар ташкил этади.
2021 йил август ойида Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи чоғида ушбу заводга келиши, ёш раҳбар-мутахассислар билан учрашгани янгидан-янги истиқболларни белгилаб берди. Учрашув жараёнида Шавкат Мирзиёев ёшларга қарата: “Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда ерости бойликларини ўзлаштириш ишлари 30 фоизга ошди. Саноатимизга янги, илғор технологиялар кириб келди. Энг муҳими, бу замонавий корхоналарда ишлай оладиган билимли мутахассислар етишиб чиқяпти. Давлатимиз учун ерости бойликларидан ҳам қадрли бойлик бу – сизларсиз”, деган эди.
Бу даъват жамоани янада тўлқинлантириб юборди ва уларни янги марралар сари руҳлантирди. Шунингдек, яқинда 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Президентимиз фармонига кўра, заводнинг цех бошлиғи Улуғбек Қувондиқов давлатимизнинг юксак мукофоти – “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирлангани аҳил жамоага чексиз қувонч бағишлади.
Бир сўз билан айтганда, бугун қўлга киритилаётган ютуқлар замирида завод жамоасининг ўз касбига садоқати, билдирилган юксак ишончга амалий жавоби мужассам. Улар биргаликда белгиланган вазифаларни муддатидан олдин бажаришга, бошқача айтганда, Янги Ўзбекистон тарихининг янги саҳифаларини зарҳал ҳарфлар билан безашга қодирликларини амалда намоён этмоқда.
[gallery-8022]
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА