Мисрнинг “Al-mwatin” нашри Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 июль куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш ва тирбандликни камайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши тафсилотига эътибор қаратиб, “Ўзбекистон: “Хавфсиз йўл” Миллий дастурининг амалга оширилиши” сарлавҳали мақола эълон қилди.
Мақолада юртимиз ҳудудларида бу борада муайян ишлар қилинаётгани таъкидланган.
Муаллиф Фотима Бадавий онлайн мурожаат тизими ишга тушиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига келадиганлар сони 50 фоиз камайиб, соҳадаги 3 365 нафар ходим электрон планшет ва бодикамера билан таъминланганига урғу берган. Қоидабузарликни сунъий интеллект асосида саралаш ва шу асосда қарор чиқариш амалиёти жорий қилингани, шаҳарларда жамоат транспорти учун махсус йўлаклар ажратилгани таъкидланган.
Дастур доирасида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси фаолияти қайта ташкил қилиниб, ҳукумат бўйсунувига ўтказилиши қайд этилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА