Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги – WAM саҳифасида ташқи ишлар вазири шайх Абдуллоҳ бин Зоид Ол Наҳаён халқаро ҳамкорлик йўналиши бўйича бир гуруҳ фаолларни тақдирлагани тўғрисида мақола эълон қилинди.
Муаллиф Абу-Дабида аккредитациядан ўтган 18 хорижий ваколатхона ва мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг 9 бўлими истиқболли йўналишларда алоҳида натижага эришгани учун асосий номинациялар бўйича мукофотлангани, шунингдек вазирликнинг 7 нафар ходими ҳам медалларга сазовор бўлганини таъкидлаган.
Эътироф этилганлар орасида Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдулазиз Аққулов ҳам бор. Қувонарлиси, дипломатимиз аъло даражали совринга муносиб кўрилган.
Абдуллоҳ бин Зоид Ол Наҳаён, жумладан, Ўзбекистон ва БАА ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб, мазкур жараёнда икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ва дипломатик ваколатхоналари фаолияти муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратган.
Тадбир доирасида хорижий дипломатик миссия сифатида жами 142 элчихонадан ҳудудлар кесимида 9 муассаса, Осиё ва Тинч океани минтақасидан Ўзбекистон ва Ҳиндистон элчихоналари ҳамда Дубайдаги 85 консулхонадан 4 Бош консулхона “Халқаро ҳамкорлик аълочиси” мукофотига лойиқ, деб топилди.
Вазир ғолибларни табриклаб, уларнинг илғор ташаббуси, ижодий ғояси, ишдаги фидойилигини юқори баҳолади.
2014 йил таъсис этилган, дипломатик муносабатни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган элчихона ва дипломатлар тақдирланадиган халқаро ҳамкорлик фаоллари соврини БАА вице-президенти, Бош вазири ва Дубай ҳокими Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум ташаббуси билан топшириладиган Ҳукумат аълочилари мукофотининг таркибий қисми ҳисобланади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА