Ўзбекистоннинг 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Олий Мажлис палаталари ташаббуси билан ташкил этилган анжуман Адлия вазирлиги, Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ўтказилди.
Конференцияда парламент аъзолари, давлат органлари вакиллари, хорижий давлатлар парламентлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, экспертлар ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди.
Анжуман давомида Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақил тараққиёт йўли, бу даврда амалга оширилган сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, уларнинг натижалари ҳамда келгуси устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Айниқса, кейинги ўн йилликда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда фаровонлигини таъминлаш масаласи тургани алоҳида таъкидланди.
Олий Мажлис Сенати Раиси ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган туб ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида янги ёндашувларни шакллантирганини таъкидлади.
Янги таҳрирдаги Конституция ва парламент ролини кучайтиришга қаратилган ўзгаришлар қонунчилик ҳокимиятининг ўрни ва масъулиятини янада оширгани қайд этилди. Бугун парламент олдида турган асосий вазифа эса берилган ваколатларнинг ўзи эмас, балки улар орқали одамлар ҳаётида аниқ натижаларга эришиш экани таъкидланди. Бу ёндашув маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳам бевосита дахлдор бўлиб, аҳоли мурожаатларини эшитиш, ҳудуд муаммоларига ечим топиш ва натижадорликни таъминлаш муҳим вазифа сифатида қайд этилди.

Конференция иштирокчилари халқаро ҳамкорлик йўналишида Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорлик муҳити тобора мустаҳкамланаётганини қайд этди. Шу билан бирга, парламент дипломатиясининг ушбу жараёндаги ўрни, тажриба алмашиш ҳамда умумий муаммоларга биргаликда ечим топиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон
парламентининг Парламентлараро иттифоқ, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси ва хорижий давлатлар парламентлари билан ҳамкорлиги изчил кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Тошкентда ўтказилган нуфузли халқаро парламент анжуманлари мамлакатимизнинг парламентлараро мулоқотдаги фаоллиги ва парламент дипломатиясидаги нуфузи ортиб бораётганининг муҳим ифодаси сифатида қайд этилди.
Хусусан, Тошкентда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити, БМТ билан ҳамкорликда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг ролини кучайтиришга бағишланган глобал форумлар ўтказилди. Шунингдек, Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси тарихда биринчи марта Марказий Осиёда – Тошкент шаҳрида ташкил этилди. Бу каби йирик анжуманларнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизнинг халқаро парламентлараро мулоқотдаги ўрни ва нуфузи юксалиб бораётганидан далолат беради.
Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик жорий йилнинг 4 - 6 сентябрь кунлари Самарқандда Ўзбекистон парламенти ва Парламентлараро иттифоқ ҳамкорлигида ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси ўтказилиши билан давом эттирилади. Мазкур анжуман ёш парламент аъзоларининг халқаро мулоқоти ва тажриба алмашиши майдони сифатида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бугун парламентларга кириб келаётган ёш авлод эртага нафақат миллий сиёсат, балки халқаро парламентлараро мулоқотнинг ҳам янги қиёфасини белгилайди.

Конференция доирасида иштирокчилар шўъбаларга бўлинган ҳолда мамлакат тараққиётининг устувор йўналишларига оид масалаларни муҳокама қилди. Хусусан, конституциявий ислоҳотлар ва парламентаризмни ривожлантириш, иқтисодий трансформация ва инвестицион жозибадорликни ошириш, экологик барқарорлик ҳамда “яшил” иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш, шунингдек, парламент ислоҳотларининг истиқболдаги устувор вазифалари юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбирда келгуси тараққиётнинг муҳим омиллари сифатида замонавий билим ва технологиялар, сунъий интеллект ва рақамлаштириш, юқори даромадли иш ўринлари яратиш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда ҳудудлар ўртасидаги имкониятлар тафовутини камайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Конференция якунида билдирилган фикр, таклиф ва тавсиялар асосида Тошкент декларацияси қабул қилинди. Унда парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, қонунчилик тажрибаси алмашинувини кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни илгари суришга қаратилган муҳим вазифалар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА