Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Иқлим ўзгариши миллий маркази томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда илк бор “Uzbekistans’s Green Cities Rating” — Ўзбекистоннинг 14 та маъмурий маркази экологик барқарорлик рейтинги тақдим этилди.
Тасдиқланган экологик “мастер-режа”ларни (EMR) амалга ошириш, шунингдек, кўрсаткичларни яхшилаш асосида йилига бир марта янгиланадиган рейтинг маълумотларига кўра, Наманган шаҳри 100 баллдан 62,29 балл тўплаган ҳолда биринчи ўринни эгаллади. Аҳоли жон бошига яшил майдонлар сони бўйича етакчи – Самарқанд 61,13 балл билан иккинчи ўриндан жой олди. Учинчи ўринни 59,50 балл билан Навоий шаҳри эгаллаган бўлиб, бу ҳудудда бир кишига республика бўйлаб истеъмол қилинадиган электр энергиясининг энг кам миқдори тўғри келади.
Матбуот анжумани давомида шаҳарларнинг биринчи экологик “мастер-режа”лари тақдимоти бўлиб ўтди. Тажриба сифатида танлаб олинган Бухоро ва Самарқанд учун экологик “мастер-режа”лар ишлаб чиқилди. Ўзбекистондаги илк экологик “мастер режа”лар Иқлим ўзгариши миллий маркази томонидан тажриба-синов шаҳарларининг ҳокимликлари ҳамда Экология вазирлигининг вилоят бошқармалари билан ҳамкорликда тайёрланди.
Ҳужжатлар шаҳарлар инфратузилмасини ва ҳудудий режалаштиришни такомиллаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда атроф-муҳит ва табиий ресурсларга салбий таъсирларни камайтириш бўйича шаҳар маъмуриятлари учун чора-тадбирлар режасига айланади.
Шунингдек, тадбирда 14 та вилоят марказининг “Green City Index” методологиясига киритилган кўрсаткичлар асосида яратилган экологик паспорти ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Маълумки, Ўзбекистонда “Green City Index” Индех методологияси ҳаво сифати, ердан фойдаланиш, сув истеъмоли, транспорт, энергия, чиқиндилар ва санитария каби 7 гуруҳ кўрсаткичини ўз ичига олади. Кўрсаткичларнинг деярли ярми миқдорий бўлиб, расмий маълумотларга асосланган, қайта ишлаш даражаси ва ифлослантирувчи моддалар концентрацияси шулар жумласидандир. Шаҳарнинг экологик сиёсатини баҳолаш сифат кўрсаткичлари ҳисобланади. Шаҳарлар умумий рейтинг ва ҳар бир тоифадаги индивидуал рейтинглар асосида баҳоланади.
– Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 31 майдаги тегишли қарорида республиканинг барча йирик шаҳар ва туманлари экологик паспортларини яратиш, бу борадаги ишларни рейтингни шакллантириш йўли билан баҳолаш, шунингдек, экологик паспортларни ишлаб чиқиш белгилаб берилган, – дейди Иқлим ўзгариши миллий маркази сектор мудири Халилулла Шеримбетов. – Шунга кўра, 10 та компонентдан келиб чиқиб, 30 та кўрсаткич асосида ҳудудларнинг экологик паспортлари ва рейтинглари ишлаб чиқилди. Алоҳида айтиш керакки, экологик бош режа 2030 йилга мўлжалланган экологик дастур бўлиб, унда вилоят ва шаҳарларда қандай экологик муаммолар мавжудлиги қайд этилиб, уларни ҳал этиш бўйича тавсиялар берилган.
Матбуот анжумани якунида вазир маслаҳатчиси, Иқлим ўзгариши миллий маркази директори Суна Парк “https://greencities.uz/” онлайн платформасини тақдим этди. Ушбу сайтга ташриф буюрган ҳар бир фойдаланувчи ўз шаҳри рейтингда қайси ўринни эгаллашини билиши, экологик паспортлари ва бош режалари билан танишиши, шунингдек, Ўзбекистон шаҳарларида экологик барқарорликни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида долзарб, батафсил маълумотларни олиши мумкин.
Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, “Green City Index”, “Siemens” томонидан қўллаб-қувватланадиган “Economist Intelligence Unit” тадқиқот лойиҳаси шаҳарларга минтақавий ва глобал даражада экологик барқарорликни яхшилаш бўйича тажриба алмашиш ва таққослашга ёрдам беради. У шаҳарларни пойтахт ёки иқтисодий марказ сифатидаги ролини ҳисобга олган ҳолда саккиз ёки тўққиз тоифадаги тахминан 30 кўрсаткич бўйича баҳолайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА