Бу ижодкорни кўпчилик оддий, ўзбекона тарзда “Коля ака”, деб чақиради. Таниқли шоир ва таржимон, публицист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Николай Ильиннинг она тилимизга, Ўзбекистонимизга чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиши ибратга арзигуликдир.
Ҳамиша қўли кўксида “Ассалому алайкум! Яхшимисиз, саломатмисиз?” деб ҳол-аҳвол сўрашни канда этмайди. Ўзбек тилида бехато, юракдан, оғринмасдан, самимий суҳбатлашади.
Маълумотларга кўра, Николай Дмитриевич Ильин 1950 йил Россиянинг Челябинск вилояти, Златоуст шаҳрида туғилган. Кейинчалик у оиласи билан Тошкентга кўчиб келади ва шу ерда ўрта мактабни ва Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлайди.
Николай ака йигирма йил мобайнида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети) ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида рус тили ва адабиётидан талабаларга дарс берган.
– Шу азиз диёр – Ўзбекистон мен учун ҳам муқаддас Ватан, – деди таниқли шоир ва таржимон Николай Ильин. – Ўзбек тилининг жозибаси, бетакрорлиги ва гўзаллиги миллий адабиёт, ўзбек шеърияти орқали ҳам яққол намоён бўлади.
Николай Ильин буюк шоир бобокалонларимиз Паҳлавон Маҳмуд, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Махтумқули, Чўлпон, Миртемир каби адабиёт дарғаларининг ижодини юксак қадрлайди. Уларнинг ижод намуналаридан руҳ, илҳом завқини туяди. Имкон қадар рус тилига таржима қилиб, ўқувчиларга тақдим этишга алоҳида эътибор қаратади. Айни пайтда Николай Дмитревич Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа кўплаб шоирларнинг ижод намуналарини рус тилига таржима қилиб, ўқувчиларга тақдим этган.
– Ўзбек шеъриятининг намуналари шунчаки қуруқ таржима эмас, балки бошқа тилда сўзлашувчи китобхоннинг ҳам қалбидан жой олиши керак, – деди Николай Ильин. – Бу эса таржимондан асл манбанинг, яъни ўзбек тилининг бор жозибаси, гўзаллиги ва бетакрорлигини имкон қадар китобхонга етказа олиш масъулиятини, ижодий зийраклик ва зукколикни талаб этади.
Ижодкор – педагогика фанлари номзоди, доцент, тарих ва адабиёт назариясига оид 60 дан зиёд илмий нашрлар, дарс ўтиш услублари муаллифи. Ҳозирги кунда у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Николай Ильиннинг “Куз белгиси остида”, “Кичик ипак йўли” (Тошкент), “Кронос” (Даугавпилс, Латвия), “Дунё ёдда сақлайди уни” (Москва), “Халқлар дўстлиги” каби шеърлари альманахларда нашр этилган. Унинг қаламига мансуб “Биринчи дафтар” (2004), “Қалб оҳангида” (2005), “Вақтнинг тизгинсиз йўлларида” (2006), “Хотира орзуси” (2008), “Ҳазонрезги изидан” номли китоблар ўқувчилар қўлига етиб борган.
Юқорида айтилганидек, Николай Ильиннинг ижодида таржималар ва ўзбек замонавий адабиёти тадқиқотлари алоҳида ўрин эгаллайди. У Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Жўғрофия менинг қалбимда”, атоқли шоира Хосият Рустамова, Улуғбек Ҳамдамнинг туркум шеърлари, Гўзалбегимнинг “Барқ урган япроқ сояси”, Ойгул Суюндиқованинг “Мен бахтли қуш каби парвоздаман” каби шеърий тўпламлари, яна бошқа кўплаб ижодкорларнинг асарларини рус тилига таржима қилган.
Ижодкор бир қатор халқаро адабий мукофотлар соҳиби. Айни пайтда Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган “Ватан учун яшайлик!” ижодий танловида ғолибликни қўлга киритишга муваффақ бўлган.
Коля ака – заҳматкаш, ватанпарвар, самимий, камтарин ўғлон, тиниб-тинчимас, дарёдил ижодкор. Мудом шукроналик, эзгуликка хайрихоҳлик, меҳнатсеварлик билан яшайди. Унинг нимадандир нолиб, ёзғириб гапирганини ижодкорлар сира кўришмаган. Эҳтимол айнан шу фазилатлари унинг элимизда, адабиёт мухлислари орасида обрў ва иззат топишига ва ижод майдонида самарали фаолият кўрсатишига, ҳаёт синовларини сабр ва матонат билан енгишга муҳим пойдевор яратмоқда!
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири