Ўзбекистонлик журналист “AsiaVision Jury Awards 2026” мукофотига сазовор бўлди
Бугунги шиддатли ахборот асрида воқеа-ҳодисаларни нафақат тезкор ва холис ёритиш, балки жаҳон аудиториясига профессионал тарзда етказиб бериш ҳар бир оммавий ахборот воситасининг халқаро майдондаги нуфузини белгилайди.
Австралиянинг Сидней шаҳрида Global News форуми бўлиб ўтди.
Мазкур форум Осиё-Тинч океани радиоэшиттиришлари иттифоқи шафелигида ҳар йили ташкил этилади. Иттифоқнинг AVN платформаси мавжуд .Ушбу платформанинг мақсади аъзо компаниялар ўртасида видеоконтентлар алмашиш.

Нуфузли форумда 120 га яқин етакчи ОАВ вакиллари жам бўлди. Global News форуми доирасида ўтказиладиган AVN Awards тақдирлаш маросимида ўзбекистонлик тележурналист Дилнавоз Мадраҳимова “AsiaVision Jury Awards” соврини билан тақдирланди.
Сўнгги тўрт йил давомида Дилнавоз Мадраҳимова томонидан ушбу платформага Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, янги бунёдкорлик объектлари, маданий-маърифий тадбирлар ва туризм салоҳиятига бағишланган юзлаб таҳлилий лавҳалар жойлаштирилган.
Сидней форумида Д.Мадраҳимова томонидан тақдим этилган Ўзбекистон тараққиёти ва МТРК имкониятларига бағишланган тақдимот хорижий медиа вакилларида катта қизиқиш уйғотди ва янги ҳамкорлик алоқаларига замин яратди.
Қўлга киритилган муваффақият мамлакатимизда ОАВ соҳаси ва ахборот сиёсати янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА