Ўзбекистонлик параатлетларнинг имконият майдони кенгаймоқда
Ўзбекистон адаптив спорти халқаро майдондаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва параатлетлар учун янги имкониятлар яратиш йўлида яна бир қадам ташланди.
Ўзбекистон Адаптив спорт турлари ассоциацияси Virtus халқаро спорт федерациясига аъзоликка қабул қилинди.
Айтиш лозимки, Халқаро Паралимпия қўмитасининг таъсисчи аъзоларидан бири ҳисобланган Virtus 1986-йилда INAS номи билан ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 100 дан ортиқ мамлакат миллий адаптив спорт ташкилотларини бирлаштиради.
Ушбу федерация интеллектуал нуқсони бўлган спортчиларни халқаро мусобақаларга жалб этиш ҳамда паралимпия ҳаракатидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Virtus халқаро федерациясига аъзолик Ўзбекистон адаптив спорти ривожининг янги босқичини бошлаб беради. Бу, спортчиларимизнинг халқаро рейтинг ва мусобақаларда иштирок этиши, жаҳон тажрибасига эга мутахассислар билан ҳамкорлик қилиши, мураббийлар малакасини ошириш ҳамда иқтидорли спортчиларни халқаро даражада саралаш имкониятларини кенгайтиради.
Хусусан, 2027 йил 24 феврал – 3 март кунлари Бангкокда ўтказилиши режалаштирилган Virtus Осиё ва Океания ўйинлари, шунингдек, келгуси йил 22 ноябрь – 5 декабрь кунлари Қоҳирада бўлиб ўтадиган VII Virtus Глобал ўйинларида Ўзбекистон спортчилари иштирок этиши мумкин бўлади.
Энг муҳими, бу ташаббус махсус спорт тоифасидаги спортчиларимизнинг салоҳиятини дунёга намоён этиш, уларнинг юксак натижаларга эришиши ва Ўзбекистон байроғини нуфузли халқаро мусобақаларда кўтаришига хизмат қиладиган янги имкониятлар сари йўл очади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА