Сўнгги йилларда юртимизда ташқи савдо сиёсатини такомиллаштириш, миллий маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш давлат иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Шунга асосан мамлакатимизда ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, сифат стандартларини халқаро мезонларга мослаштириш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш орқали маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва Туркиянинг “Yamankoc Danışmanlık” компанияси ҳамкорлигида экспортга ихтисослаштирилган махсус ўқув дастурининг ташкил этилиши ҳам шундай устувор вазифалар ижросига қаратилгани билан аҳамиятли.
Айни кунларда дастурнинг навбатдаги босқичи Анқара шаҳрида ўтказилмоқда.

Унда иштирок этаётган маҳаллий соҳа вакиллари Туркиянинг етакчи мутахассислари раҳбарлигида амалий машғулотларда қатнашяпти. Жараёнлар давомида улар экспортни йўлга қўйиш бўйича илғор ёндашувлар, халқаро савдо механизмлари ва турк компанияларининг муваффақиятли тажрибаларини бевосита ўрганмоқда.
Уюшма ахборот хизматига кўра, бу жараён иштирокчиларга назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, янги бозорларга чиқиш учун зарур бўлган реал стратегияларни шакллантириш имкониятини бермоқда.
Ушбу дастурнинг яна бир муҳим жиҳати, экспорт соҳасига ихтисослашган кадрларни тайёрлаш туфайли Ўзбекистон электротехника корхоналарининг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилишидир.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА