Мамлакатимизда олимпия спорт турларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт анжомлари билан таъминлаш устувор вазифалардан бири саналади.
Хусусан, юртимизда олимпия спорт турлари тизимидан жой олган ўқ отиш, стенддан ўқ отиш ва пара ўқ отиш спорт турларини янада оммалаштириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар орасидан маҳоратли спортчиларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш мақсадида ўтган йили давлатимиз раҳбарининг "Ўқ отиш спорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.


Қарорда белгиланганидек, ушбу спорт турлари бўйича замонавий спорт инфратузилмаларини яратиш ҳамда миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишига зарур шарт-шароитлар яратиш юзасидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Куни кеча пойтахтимизда фаолиятини бошлаган “Спорт маркази ўқ отиш базаси” айни ҳаракатларнинг ёрқин ифодаси бўлди.


Ушбу марказнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров мамлакатимизда сўнгги йилларда спортчиларга яратилаётган шароитлар, улар учун барпо этилган ва реконструкция қилинган спорт иншоотлари ўзбекистонлик мерганларнинг келгусида халқаро спорт майдонларида ўтказиладиган нуфузли мусобақаларда, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юксак натижаларга эришишига мустаҳкам замин эканини айтиб ўтди.

Қайта реконструкция қилинган ушбу база замонавий архитектура ва техник талабларга жавоб берадиган ҳолда янгидан жиҳозланди. Бир вақтнинг ўзида бу ерда 50 нафар спортчи 10, 25 ва 50 метрлик ўқ отиш майдонларида амалий машғулотлар олиб бориш билан бирга, халқаро мусобақа ва йиғинлар ўтказиш имкониятига эга бўлдилар.
Тадбир доирасида мутасаддилар спортчилар учун яратилган инфратузилма ва шароитлар, ўқув-машқ нуқталари билан танишди, ёш спортчилар билан суҳбатлашди.
Марказ ҳудудида спортчилар музейи ташкил этилган бўлиб, у ерда ўқ отиш спортининг яратилиш тарихи, халқаро мусобақаларда спортчилар томонидан эришилган ғалабалар акс эттирилган.
Т.Рўзиев, ЎзА