Cўнгги кунларда мамлакатимизда “Док-1 Макс” сиропи натижасида болалар ўлими ҳолатлари кузатилгани барчамизни бирдек ташвишга солди.
Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясида ишлаб чиқарилган ва “Quramax Medical” МЧЖ томонидан мамлакатимизга импорт қилинган ушбу дори воситаси Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази хулосасига кўра, меъёрий ҳужжатда белгиланган талабларга жавоб бермайди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматованинг маълум қилишича, Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясига тегишли “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситаси мамлакатимизда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан Ўзбекистон бозорига савдога чиқарилган. Юртимизга ушбу препарат “Quramax Medical” МЧЖ томонидан импорт қилинган.
Айни пайтда “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситалари юртимиздаги барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган.
Бугунги кунда “Док-1 Макс” дори воситаси Ўзбекистон бозорига кириб келиши олди олиняптими?
– Маълум бўлишича, “Док-1 Макс” дори воситаси Ўзбекистон бозорига 2012 йилдан кириб келган, – дейди Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев. –Мутахассисларнинг маълум қилишича, мазкур дори воситасининг шу давр мобайнида ножўя таъсири бўлмаган. Фақатгина бир партиясида бундай ножўя таъсир кузатилган. Амалдаги тартибларга кўра дори воситасини эркин муомалага чиқаришда дори воситасининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома ҳамда олиб кирилаётган дориларнинг ҳар бир серияси учун мувофиқлик сертификатлари божхона органларига тақдим қилинади. Шундан сўнггина дори воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилади. Маълумот ўрнида, республикамиз божхоначилари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 719 та божхона қонунбузилиш ҳолатларида қиймати 24,4 миллиард сўмлик дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйди. Мазкур дори воситалари сифатсиз ва давлат рўйхатидан ўтказилмагани учун ҳамда ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя этилмагани учун олиб қўйилган.
“Док-1 Макс” дори воситаси сақланаётган божхона омборида мазкур дорининг жорий йил декабрь ойида келтирилган 3 та партияси, яъни салкам 60 минг қутиси қатъий назорат остида сақланмоқда. Шунингдек, илгари келтирилиб, эркин муомалага чиқарилиши лозим бўлган яна 2 та партиядаги ушбу дори воситаси ҳам ушлаб турилибди. Божхона органлари томонидан салбий ҳолатлар кузатилган илк кунларданоқ дори воситасини эркин муомалага чиқармаслик учун барча чоралар кўрилган ва ҳозирда қатъий назорат остида.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА