Ўзбекистонга ҳурмати баланд олим ёди
Япониялик археолог олим Кюдзо Като Ўзбекистон халқи, маданияти, тарихи, анъаналарига чексиз муҳаббат ва эҳтиром билан муносабатда бўлган инсон эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан “Кюдзо Като – Ўзбекистонни японларга таништирган халқ дипломати” мавзусида ўтказилган халқаро давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.
Онлайн давра суҳбатида Қўмита, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси, “Япония-Ўзбекистон” дўстлик ассоциацияси, Термиз археология музейи вакиллари иштирок этди.
Ушбу тадбир халқлар ўртасида дўстлик, бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга хизмат қилиб, халқ дипломатиясининг ривожида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги чорак асрдан зиёд давр мобайнида барча соҳалар, жумладан, маданият ва санъат йўналишида ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётир.
Профессор Кюдзо Като Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг жанубидаги бир неча минг йиллик тарихга эга қадимий шаҳристонларни топиш бўйича 30 йилга яқин археология ишларини олиб борилишига ҳисса қўшган эди.

Тадбир доирасида дўстлик алоқаларининг ривожланиб боришида халқ дипломатиясининг ўрни ғоят катталиги, ўтган тарихий давр ичида мамлакатларимиз ўртасида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий йўналишларда ижобий натижаларга эришилганлиги билан бир қаторда маданий соҳаларда алоҳида аҳамиятга эга ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида қайд этилди.
“Япония-Ўзбекистон” дўстлик ассоциацияси президенти ўринбосари, бир неча йиллар аввал мамлакатимизда элчи сифатида фаолият кўрсатган Фумихито Като дўстлик алоқаларида халқ дипломатияси ва маданий алмашинув воситалари орқали ҳамкорлик қилиш ўзаро ишончни мустаҳкамлашга имкон яратишини таъкидлади.

Бу эса ўз навбатида, Япония-Ўзбекистон савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришда муҳимдир.
Кюдзо Катонинг рафиқаси Садако Като хоним барча тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, давра суҳбати икки мамлакат миллат вакиллари учун ўз маданияти, урф-одатини асраб-авайлаш, миллий қадриятларни ривожлантириш учун катта ҳисса қўшишини таъкидлади. У, шунингдек, бугунги кунда Cурхондарёда Кюдзо Като номидаги мактаб ва кўча мавжудлиги, турмуш ўртоғи Ўзбекистоннинг фахрий “Дўстлик” ордени билан тақдирланганлиги, олимга кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор учун ўзбек халқидан бир умрга миннатдор эканлигини қайд этди.
Термиз археология музейи олими Т.Аннаев Kюдзо Като – япон археологи, антропологи, тарихчиси ва этнографи, Япония миллий этнологик фахрий профессори бўлганлигини ҳамда у Ўзбекистон мероси, тарихи, меъморий ёдгорликларини ўрганганлигини алоҳида эътироф этди.
25 йилдан ортиқ вақт давомида япон олими Фанлар академияси ва Ўзбекистоннинг бошқа илмий муассасалари билан ҳамкорлик қилгани, илмий лойиҳаларда қатнашгани, Сурхондарё вилоятида (Далварзинтепа, Қоратепа, Холчаён, Фаёзтепа) археологик қазишмалар олиб боргани халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига катта ҳисса бўлиб қўшилган.
Давра суҳбати иштирокчилари келгуси йилда Кюдзо Като таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Термиз шаҳрида халқаро симпозиум ўтказиш таклифини билдирди.
Н.Усмонова,
ЎзА