Интилиши кучли инсоннинг мақсадларига эришиши осон. Ўзбекистонда поезд машинисти ва ёрдамчилари асосан эркак кишилардан иборат. Аёл машинистлар сони атиги 4 нафарни ташкил этади. Шулардан бири мақсади сари олға борадиган, интилиши ва ўзига бўлган ишончи кучли Динара Ғофуровадир.
“Афросиёб” электропоезди машинист ёрдамчиси Динара Ғофурова Тошкент вилоятининг Чиноз туманида таваллуд топган. Эндигина 26 ёшли қаршилаган Динара бугун соҳада анча ютуқларга эришишга муваффақ бўлди.
– Болаликда уйимиз темир йўл бекатига жуда яқин жойлашган эди, – дейди Динара. – Ҳар куни эрталаб ва кечқурун темир йўл ходимларининг ишга келиш ва кетиш жараёнини ўзгача қизиқиш билан томоша қилар эдим. 2016 йил вагон кузатувчиси лавозими учун танлов кетаётганини эшитдим. Опамнинг маслаҳати билан мен шу йўналишга ҳужжат топширдим. Инглиз, турк ва рус тилларида эркин гаплаша олганим учун соҳага ишга қабул қилинишим қийин бўлмади. Шундай қилиб, 2016 йилдан бери ўзим севган касб эгасиман.
Тақдир тақозоси билан темирйўлчилар оиласига келин бўлиб тушганман. Ўз касбимни сидқидилдан бажаришда оила аъзоларимнинг, хусусан, отам ва турмуш ўртоғимнинг ҳиссаси катта.
Мамлакатимизда ишбилармон, ташаббускор аёлларнинг ғоя ва интилишларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга, айниқса хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар кўлами катта. Соҳадаги саноқли аёл машинистлар орасида борлигим жуда қувонтиради. Ўз касбимдан фахрланаман.
Кун тартибимиз вақтли бошланади. Тонгги соат 3 яримда иш бошланади. Менимча машинистлар учун қийин бўлган ҳолатлардан бири шу. Яъни, тонг қоронғусида иш бошланади. Чунки ишга келиш учун камида икки яримда уйқудан уйғониш лозим. Иш вақти бошлангунга қадар тетик ва сергак ҳолатда туришимиз керак. Энг аввало депо назоратидан кейин тиббий кўрикдан ўтамиз ва ўзимизга тегишли иш жойларига бориб, поездларнинг техник ҳолатини, кузов, машина бўлими, барча туташ қисмлар ва электрон тизимларни кўздан кечирамиз ҳамда поездларни ҳаракатга тайёрлаймиз. Рейс давомидаги ҳар бир камчилик назоратимизда бўлади. Қачонки барчаси жойида эканига ишонч ҳосил қилинганидан сўнг йўлга чиқамиз. Бизнинг жамоа “Самарқанд- Қарши-Бухоро” йўналишига хизмат кўрсатади.
Мен шу йили Ёшлар куни муносабати билан “Келажак бунёдкори” медали соҳиби бўлдим. Энг қувончлиси эса мукофотни Президентимизнинг шахсан ўзлари менга топширди. Бу мукофот мен учун жуда катта рағбат бўлди.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/_gKW6ZkJbQg" title="Oʻzbekistondagi toʻrt nafar ayol mashinistning biri – Dinara" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Бугунга қадар фаолиятим давомида 300 мингдан зиёд йўналишларда ҳаракатландим. 200 минг нафардан ортиқ йўловчиларни ўз манзилига тез, сифатли ва хавфсиз етказиб боришга ўз ҳиссамни қўшдим. Ўз ишимдан доим завқланганман.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА