АҚШнинг Миннесота округи бўйича собиқ бош федерал судьяси Жон Танхайм Ўзбекистонда кейинги беш йил давомида суд жараёнида томонларнинг тенглиги, суд жараёнларининг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилганини эътироф этди. Ўзбекистон бу борада Марказий Осиё минтақасида етакчи ўрин тутмоқда.
Словения собиқ адлия вазири Горан Клименчич Ўзбекистонда суд тизими, шу жумладан, суд қарорларини эълон қилиш амалиёти ижобий натижа беришига ишонч билдирди. Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибасига батафсил тўхталиб, жумладан, бу борада суд жараёни иштирокчиларининг шахсга доир маълумотларнинг ишончли ҳимоя қилиниши муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
“McDermott Will & Emery” халқаро юридик фирмасининг (АҚШ) ҳамкори Роберт Корди Ўзбекистонда адвокатура институтини ривожлантириш демократик ислоҳотларнинг натижадорлигига ижобий таъсири ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу соҳада эришилган ютуқларни юқори баҳолади.
Бу фикрлар “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида ўтказилган халқаро онлайн конференцияда қайд этилди.
Адлия вазирлиги томонидан Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Олий суд, Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ички ва ташқи ишлар вазирликлари, Адвокатлар палатаси вакиллари, шунингдек БМТ Тараққиёт дастури, АҚШ Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) экспертлари ҳамда бошқа мустақил халқаро экспертлар иштирок этди.
Халқаро конференцияда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, коррупциянинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, прокуратура органларининг қонун устуворлигини таъминлашдаги роли, адвокатура соҳасидаги ижобий ўзгаришлар билан боғлиқ мавзулар муҳокама қилинди.
Суд тизими мустақиллигини таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини реал ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар, давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш билан боғлиқ ўзгаришлар хорижий мутахассислар томонидан ижобий баҳоланди.
Н.Абдураимова, ЎзА