Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ташкил этилган давра суҳбатида Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлашдаги муаммолар ва имкониятлар таҳлил қилинган янги ҳисоботнинг хулоса ва тавсиялари тақдим этилди.
Тадбирда ҳукуматимиз томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.
2021 йил ноябрь ойида Жаҳон банкининг Ўзбекистонда ёшларнинг ўрта ва олий таълимдан ишга ўтишда дуч келаётган қийинчиликлари, шунингдек, уларни бартараф этиш бўйича ҳукуматнинг амалдаги чора-тадбирлари таҳлилига бағишланган янги ҳисоботи эълон қилинган эди. Унда ёшларнинг бандлик имкониятларини кенгайтириш мақсадида меҳнат бозорини ислоҳ қилиш бўйича тавсиялар ҳам берилган. Ҳисоботни ишлаб чиқишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этган.
Жаҳон банки тадқиқотида таъкидланишича, Ўзбекистонда 24 ёшгача бўлган ёшлар сони 15 миллион, 29 ёшгача бўлган ёшлар эса 18 миллион нафарни ташкил қилади. Улар мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун улкан имконият ҳисобланади.
Маълумки, ёшларнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини ошириш дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун устувор вазифа саналади. Меҳнат бозорига кириб келаётган 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар узоқ муддатли меҳнат кўникмаларини шакллантирадилар, биринчи доимий меҳнат фаолиятига жойлашадилар.
– Бу ёш тоифасида Ўзбекистонда бандлик даражаси 30,9 фоизни ташкил этади, – деди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов. – Айни пайтда бу кўрсаткич Россия Федерациясида 27 фоиз, Европа Иттифоқи ҳудудида эса 32 фоизга тўғри келади. Ишлаб чиқилган бандлик миллий стратегияси доирасида 2030 йилга бориб ёшларни касб-ҳунарга ўқитишни ҳар йили 200 минг кишига етказишни режалаштирмоқдамиз. Яратилаётган иш ўринлари эса 300 мингдан ортиқ ёшларни иш билан таъминлашга хизмат қилади.
Тадбир давомида Жаҳон банки экспертлари томонидан ҳисобот таҳлили асосида тавсиялар тақдим этилди. Мутасаддилар ушбу тавсияларни ёшларнинг бандлик имкониятларини кенгайтириш ва уларни меҳнат бозорида қўллаб-қувватлашга қаратилган мавжуд дастурлардан хабардорлигини ошириш учун кўриб чиқишлари мумкин бўлади.
– Ўзбекистон аҳолисининг аксарият қисми ёшлардан иборат, шу боис, айниқса, аёллар ва ёшлар учун кўпроқ сифатли иш ўринларини яратиш лозим, – дейди Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. – Ёшларга иш қидиришда замонавий бозор иқтисодиётида талаб қилинадиган билим ва кўникмалар, меҳнат бозоридаги муносабатларни тартибга солиш бўйича самарали тизимлардан фойдаланиш имконияти ҳамда ўзини ўзи иш билан таъминлаш учун қулай ишбилармонлик муҳити зарур.
Тақдимотда ёшлар бандлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукуматнинг комплекс чора-тадбирлари ишлаб чиқилгани ҳақида атрофлича ахборот берилди.
Ёшларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув дастурларини меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда янгилаш мақсадида иш берувчилар ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тавсия этилди.
С.РАҲИМОВ, ЎзА