Ўзбекистонда ЯТТлар сони 324 мингдан ошди
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) сони изчил ўсиб бормоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистонда фаолият юритаётган ЯТТлар сони 324 минг 90 тани ташкил этган.
Бу кўрсаткич мамлакатда тадбиркорлик муҳити янада кенгайиб бораётгани, аҳоли бандлигини таъминлашда хусусий секторнинг ўрни ортиб бораётганини кўрсатади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар сони ҳудудлар кесимида турлича тақсимланган. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Яъни, Тошкент шаҳрида 49 минг 210 та, Фарғона вилоятида 34 минг 809 та, Самарқанд вилояти 32 минг 536 тада, Тошкент вилояти 30 минг 83 тани ташкил этади.
Шунингдек, Андижон вилоятида 28 минг 19 тани, Қашқадарё вилоятида 24 минг 760 та, Наманган вилоятида 22 минг 779 та, Бухоро вилоятида 19 минг 451 та, Қорақалпоғистон Республикасида 18 минг 912 та, Сурхондарё вилоятида эса 18 минг 156 та, Хоразм вилоятида 15 минг 776 та, Жиззах вилоятида 11 минг 902 та, Сирдарё вилоятида 9 минг 89 тани, Навоий вилоятида 8 минг 608 тани ташкил этмоқда.
Экспертларнинг фикрича, Тошкент шаҳрида якка тартибдаги тадбиркорлар сонининг юқорилиги қатор омиллар билан боғлиқ. Иқтисодий фаоллик ва бозор ҳажмининг катталиги, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларининг ривожланганлиги, молиявий ва банк хизматларига кириш имкониятларининг кенглиги, аҳолининг ички миграцияси натижасида ишчи кучи концентрацияси билан боғлиқ.
Чекка ва қишлоқ ҳудудларида якка тартибдаги тадбиркорлар сони нисбатан паст бўлиб қолмоқда. Бу эса инфратузилма, бозор имкониятлари ва молиявий ресурсларга киришдаги чекловлар билан изоҳланади. Шу билан бирга, ҳукумат томонидан кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган дастурлар амалга оширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, якка тартибдаги тадбиркорлар сонининг 324 мингдан ошиши мамлакатда хусусий тадбиркорлик ривожланиб бораётганини тасдиқлайди. Бироқ, ҳудудлар ўртасидаги фарқлар ҳали ҳам сезиларли бўлиб, бу мувозанатни таъминлаш келгуси ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳудудларда инфратузилмани янада ривожлантириш ва тадбиркорлик учун тенг имкониятлар яратиш иқтисодий ўсишнинг муҳим омили бўлиб қолади.
Ш.Маматуропова, ЎзА