Мамлакатимизда "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш экологик барқарорликни таъминлаш, иссиқхона газлари эмиссиясини қисқартириш ва энергетика соҳасида янги, тоза технологияларни жорий этишни назарда тутади. Бу жараён қишлоқ хўжалиги, саноат ва транспорт соҳаларида энергияни тежаш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда барқарор иш ўринлари яратиш орқали мамлакатнинг иқтисодий ўсишини рағбатлантиради.
Шунингдек, "яшил" иқтисодиётга ўтиш Ўзбекистоннинг глобал иқлим ўзгаришларига қарши курашда фаол иштирок этиши ва аҳоли фаровонлигига қаратилган устувор сиёсатни амалга оширишини таъминлайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси ва дастурлари ижросини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Жавлонбек Ҳакимов билан суҳбатимиз юртимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди.
– Жавлонбек Абдулҳақович, сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу ишлар доирасида "яшил" иқтисодиётга ўтиш бўйича қандай дастлабки қадамлар ташланди?
–Ўтган йилларда мамлакатимизда "яшил" иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Масалан, 2023-2024 йилларда экологик жиҳатдан тоза технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифати ва жараёнларнинг мониторинги учун "яшил энергия сертификатлари" тизими жорий этилди.
Бу сертификатлар энергиянинг "тозалигини" тасдиқлайди ва уларни экспорт қилиш ёки янги бозорларга чиқишда қулайлик яратишга имкон беради. Масалан, Европа Иттифоқи бозорларида бу сертификатлар мажбурий талабдир.
Ушбу сертификатлар қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқарувчилари томонидан якуний фойдаланувчиларга сотилади ва бу, ўз навбатида, мамлакатнинг энергетика секторининг барқарорлигини таъминлайди. "Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамиятининг биржа савдолари орқали ҳозирга қадар 48000 дан ортиқ "яшил энергия сертификати" сотилди.
Мазкур сертификатлар мамлакатимизда фаолият олиб бораётган “Энергоқурилишиндустрия” УК, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “UzBAT”, “Click” ва “WorleyParsons” компаниялари томонидан харид қилинди. Бундай сертификатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази томонидан хусусий сектор ва давлат корхоналари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, бир қатор халқаро конференция, давра суҳбатлари, ўқув-семинарларда иштирок этиб келинмоқда.
– Бугунги кунда энергетика соҳасида тариф ислоҳотларини амалга ошириш ҳисобига иссиқхона газларини қисқартириш (iCRAFT) лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу жараёндаги дастлабки натижалар ҳақида нима дейсиз?
–"Яшил" иқтисодиётга ўтишда иқтисодий ва экологик лойиҳалар муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга ошираётган "iCRAFT" лойиҳаси иссиқхона газларини камайтиришга йўналтирилган бўлиб, бу Марказий Осиёдаги биринчи углерод савдосини молиялаштиришга қаратилган.
Умумий қиймати 46 миллион доллар миқдоридаги ушбу лойиҳанинг татбиқ этилиши мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш ва халқаро углерод савдосига киришишда муҳим роль ўйнайди.
2024 йилда мазкур лойиҳа бўйича Жаҳон банки томонидан “Қисқартирилган эмиссияларни сотиб олиш шартномаси” (ERPA) доирасида 7,5 миллион АҚШ доллари ажратилди. Бу маблағлар "яшил" иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини мониторинг қилиш (MRV) тизимини яратиш, янги ташкил этилган Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ва "Ўзэнергосотиш" АЖ фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қуёш панелларини ўрнатиш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ва энергия самарадорлигини оширишга йўналтирилмоқда.
Шунингдек, Жаҳон банки билан биргаликда иқлим ўзгариши шароитида иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича миллий баҳолаш (CCDR – Climate Change and Development Report) лойиҳаси ҳам амалга оширилди ва ҳисоботи эълон қилинди. Ушбу баҳолаш иқтисодиётга халқаро арзон “яшил” молиявий кўмакларни жалб қилишга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яшил" иқтисодиётга ўтишда миллий шаффофлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тасдиқланди. Ушбу тизим Миллий миқёсда белгиланган ҳисса (Nationally determined contributions -NDCs) ижросини баҳолаш, халқаро углерод бозорларида иштирок этиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро иссиқхона гази савдоси бўйича лойиҳаларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги вақтинча низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ҳам тайёрланди.
Шунингдек, Париж битимининг 6.2 ва 6.4-моддаларига мувофиқ халқаро савдо механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Миллий шаффофлик тизими доирасида 70 дан зиёд ташкилотдан 100 га яқин мутахассис учун онлайн тренинглар ва ўқув-семинарлар ўтказилди. Бу чоралар мамлакатда барқарор ривожланишни таъминлаш ва яшил ўсишга кўмаклашиш мақсадида амалга оширилмоқда.
– Мамлакатимизда хусусий сектор ва "яшил" саноат сиёсати бўйича халқаро ҳамкорлик қандай самара бермоқда?
–Миллий ва хусусий секторлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам "яшил" иқтисодиётга ўтишда муҳим омиллардан. Хусусан, айни кунларда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти билан биргаликда “Ўзбекистонда хусусий секторга ёрдам ва сиёсат бўйича маслаҳатлар” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида вазирлик ва идораларнинг 80 нафар ходими, шу жумладан, 30 нафар хотин-қиз “яшил” саноат сиёсати бўйича ўқув машғулотларда иштирок этди. Шунингдек, ҳамкор вазирликларга “яшил” саноат сиёсатига амал қилиш учун тўртта стратегик ҳужжат тайёрлашда ёрдам бериляпти ва 25 та кичик ва ўрта корхона CO2 эмиссиясини 10 фоизга камайтириш бўйича қўллаб-қувватланяпти.
Шу билан бирга, ушбу лойиҳа доирасида хусусий секторга ёрдам кўрсатиш, "яшил" саноат сиёсати бўйича маслаҳатлар ва "яшил" технологияларга инвестиция жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу лойиҳа ҳукумат томонидан қабул қилинаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг бўлиб, мамлакатнинг "яшил" иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштиради.
– "Яшил" иқтисодиётга ўтиш борасида галдаги режалар қандай?
–2025 йилда Ўзбекистондаги "яшил" иқтисодиётга ўтиш чора-тадбирлари янада тизимли ташкил этилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Жаҳон банки ва ЕТТБ билан ҳамкорликда иқтисодиётни декарбонизациялаш ва "яшил" ривожланиш моделига ўтиш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқмоқда. Бу стратегия Париж битимининг 4-моддасига мувофиқ бўлиб, иқтисодиёт тармоқларида углерод нейтраллигига эришиш учун амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва инвестиция режаларини ўз ичига олади
Шу билан бирга, “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди. 2023-2026 йилларларга мўлжалланган режа доирасида иссиқхона газларининг чиқарилишини давлат томонидан тартибга солиш инфратузилмасини босқичма-босқич яратиш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон томонидан Миллий миқёсда белгиланган ҳисса (Nationally determined contributions -NDCs) 2021 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши бўйича конвенциясига тақдим этилган. Мазкур ҳужжат эмиссияларни қисқартириш ва иқлим таъсирга мослашиш учун мамлакатнинг иқлим бўйича ҳаракатлар режасидир.
Париж келишувининг барча аъзоларидан мазкур ҳужжатни тузиш ва уни ҳар 5 йилда янгилаб туриш талаб қилинади. 2025 йилда унинг яна янгиланган таҳрири ишлаб чиқилади.
Демак, "яшил" иқтисодиёт – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқтисодий ривожланишни мувозанатли тарзда таъминлашга қаратилган муҳим йўналишдир. Ўзбекистонда хусусий сектор ва "яшил" саноат сиёсати бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ташаббуслар экологик барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш учун мустаҳкам асосдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.