Муносабат
Жорий йил 9 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши мамлакатда туризм ва инвестиция соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини қайта кўриб чиқиш, самарадорлигини баҳолаш ва истиқболли йўналишларини белгилашда муҳим нуқтага айланди. Бу йиғилиш соҳавий муаммоларни ҳал этиш билан бир қаторда, кун тартибидаги масалалар орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий моделини янгилашга қаратилган узвий стратегиянинг ажралмас қисмини ҳам ташкил этади.
Туризм соҳасидаги ўзгаришлар ҳудудий иқтисодиётни фаоллаштиришга хизмат қилмоқда. Туристик салоҳиятга эга ҳудудларни аниқлаб, уларни қишки, шифобахш, экстремал ёки зиёрат туризми нуқтаи назаридан қайта шакллантириш – жонланмаган ҳудудларни иқтисодий айланмага киритишни англатади. Шу йўл билан аҳоли даромадлари оширилиши, инфратузилма мустаҳкамланиши ва ички миграцияни чеклаш каби муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳал этила бошлади.
Янги туристик платформалар, электрон виза, ягона туристик карта каби рақамли ечимлар эса фақат хизмат кўрсатишни осонлаштиришда эмас, балки шаффофлик, ҳисобдорлик ва рақобатни кучайтиришда муҳим воситага айланмоқда. Бу – давлат хизматларининг рақамлашуви билан параллел равишда туризмни иқтисодий тизимнинг тўлақонли сектори сифатида тан олиш демакдир.
Ички туризмнинг фаоллашиши эса ижтимоий бирдамлик ва миллий интеграция нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга. Ўзаро ҳудудий саёҳатлар орқали маданий танишув ва миллий муштараклик мустаҳкамланади. Бу жараён фақат иқтисодий эмас, балки миллий руҳиятни шакллантирувчи омил сифатида кўрилади.
Шу билан бирга, маданий меросни муҳофаза қилиш ва уни иқтисодий айланмага киритиш ўртасида мувозанатни топишга интилиш кузатилмоқда. Бу давлат ресурсларини оптималлаштириш, хусусий секторни жалб этиш ва тарихий объектларни аҳоли учун ҳаётий, фойдали маконга айлантиришга хизмат қилади. Мерос объектлари фақат сақланмаслиги, балки фойда келтирадиган активга айланиши – мутлақ янги ёндашувдир.
Шунингдек, 2025 йилда Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Кувайт ва Францияга ташрифлар чоғида 39 миллиард долларлик 178 та лойиҳа бўйича келишувларга эришилди. Инвестиция сиёсатидаги янгиланишлар мамлакатни глобал иқтисодий майдонга олиб чиқмоқда.
Жорий йилда давлатимизга 42 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш кўзда тутилган. Ҳар бир инвестициявий келишув ортида иш ўрни, экспорт маҳсулоти, янги технология ва маълум бир ҳудуддаги ижтимоий ўзгариш турибди. Бу нафақат чет эл сармоясини жалб этиш, балки маҳаллий лойиҳаларнинг интернационаллашуви, молиявий тизимнинг глобал стандартларга мослашиши ва янги ишлаб чиқариш қиймат занжирларининг шаклланиши демакдир.
Энг муҳими, бу ислоҳотлар фақат марказий даражада эмас, балки ҳар бир туман ва вилоятда “ўзгаришлар нуқтаси”ни яратишга қаратилган. Бу эса республика миқёсидаги инклюзив ривожланишни таъминлаш, фуқароларнинг ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтириш ва тараққиётни умуммиллий ҳаракатга айлантириш имконини яратади.
Мамлакат халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш орқали янги турдаги институционал сифатга ўтиш йўлидан бормоқда. Айни вақтда халқаро молия ташкилотлари билан энергетика, транспорт, аграр, коммунал ва ижтимоий соҳаларда 20 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар эндиликда тактик қадамлар эмас, балки стратегик парадигма алмашувига хизмат қилмоқда. Бу парадигмада ҳудудий мувозанат, рақамлаштириш, ташқи бозорга интеграция ва фуқаролик жамиятининг фаоллашуви марказий ўринни эгалламоқда. Бундай ёндашув мамлакат тараққиётида барқарор, инклюзив ва тизимли ўсишни таъминлашга қаратилган узоқ муддатли мақсадлар сари ишончли қадамлардир.
Нилуфар ДОНИЁРХЎЖАЕВА,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
ижрочи директори ўринбосари.
ЎзА