
2025 йилнинг 19 апрель куни куни Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
АОКАда ўтказилган брифингда Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев ушбу ҳужжат мазмун-моҳияти ҳамда айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди:
– Дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг соҳа ва тармоқларга жиддий таъсири сезилмоқда. Халқаро савдо ҳажми 3,5 трлн. долларга қисқариб, дунёдаги инфляция даражаси 7,5-8 фоизга кўтарилиши прогноз қилинаётган бир вақтда мамлакатимиз ўз кучи ва ички имкониятларига таяниб, ўз сиёсатини юритиши керак.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига биноан шу йил 1 майдан эътиборан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларда республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари белгиланди. Халқаро амалиёт билан таққослаганда, товарларни божсиз олиб кириш нормалари Ўзбекистонда юқори белгилангани намоён бўлади. Иқтисоди анча катта, имкониятлари кенгроқ бўлган давлатлар ҳам, бож тўловисиз ўз мамлакатларига кириб келадиган товарлар қийматини қатъий чеклаган. Қайд этилишича, 2023-2024 йилларда 1,1 мингта ҳолатда 8,3 млрд. сўмлик божхона қоидалари бузилиши аниқланган. Ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистонда 687 мингдан зиёд фуқаролар номига 5 млн. 735 мингдан зиёд жўнатмалар келган. Яъни, жўнатмани қабул қилган ҳар бир фуқаро номига ўртача 8 тадан жўнатма келган. Айрим фуқаролар номига эса йилига 1000 тадан 2400 тагача (яъни, кунига ўртача 3-6 та) жўнатма келган.
Барчага маълум, ҳар бир давлат бугунги дунёдаги туб иқтисодий ўзгаришлар даврида, глобал санкциялар шароитида ўзининг иқтисодий сиёсатини миллий манфаатлари ва ўз халқининг фаровонлиги нуқтаи назаридан ташкил этмоқда. Айни пайтда, қарор билан киритилаётган ўзгаришлар халқаро стандартлар ва ривожланган хорижий давлатлар тажрибасига тўлиқ мувофиқ келади.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда “500 нафар йўловчини деб 37 млн. одамни жазолашга қарор қилинибди” деган фикрлар билдирилди. Бу 500 йўловчи биргина Тошкент халқаро аэропортидаги ҳолат, Республика миқёсида эса бу кўрсаткич фақат ҳаво йўллари орқали 10 минг нафарни ташкил этмоқда. Масалан, айрим фуқаролар 90 кун давомида 90 марта, яъни ҳар куни чет элга учиш билан шуғулланиб, товарларни божларсиз олиб киришни касбга айлантирган. Албатта, бу ҳолатни табиий деб бўлмайди ва белгиланган имкониятларни суиистеъмол қилишдан бошқа нарса эмас. Умумий ҳисоблаганда, масалан 3 минг йўловчи доирасида ҳисоб-китоб қилсак, 1 ойда 3 мингта фуқаро камида 10 маротаба бориб келса, ҳар гал қиймати 2 минг долларлик камида 30 кг. тижорат товарларини шахсий эҳтиёж учун деб олиб кирса, бу 1 йилда қиймати 720 млн. долларлик салкам 11 минг тонна товар ички бозорга ҳеч қандай тўсиқларсиз ва божхона тўловларисиз кириб келади деганидир!
Бу ерда шахсий эҳтиёж тўғрисида гапиришга умуман ўрин йўқ. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, автомобилда ва пиёда равишда ҳаракатланиладиган чегара божхона постлари орқали айрим фуқаролар ўзига тегишли бўлмаган товарларни маълум ҳақ эвазига олиб ўтиб бериб, “ташмачилик” фаолияти билан шуғулланмоқда. Улардан айримлари бир ойда 100 мартагача чегарани кесиб ўтаётганини инобатга олсак, ўз эҳтиёжи учун деган ниқоб остида аслида тижорат мақсадидаги товарларни ташишаётгани ойдинлашади. Натижада, бу йўл билан йирик партиядаги товарлар майда партияларда ҳеч қандай божхона тўловларсиз Ўзбекистон ички бозорига кириб келмоқда.
Курьерлик жўнатмалари орқали божсиз олиб кириш меъёрлари Хитойда 288 АҚШ доллари, Жанубий Кореяда 150 АҚШ доллари, Грузияда 125 АҚШ доллари, Украинада 100 евро, Буюк Британияда 188 АҚШ доллари, Европа Иттифоқи мамлакатларида 41-175 АҚШ доллари ва Туркияда 79 АҚШ долларини ташкил қилади. Ўтган йил Ўзбекистонда 687 мингдан зиёд фуқаролар номига 5 млн. 735 мингдан зиёд жўнатмалар келган. Яъни, жўнатмани қабул қилган ҳар бир фуқаро номига ўртача
8 тадан жўнатма келган. Айрим фуқаролар номига эса йилига 1000 тадан 2400 тагача (яъни, кунига ўртача 3-6 та) жўнатма келган. Жўнатмалар сони 2023 йилга нисбатан салкам 3 баробарга ошган. Ушбу жўнатмаларда 167 млн. АҚШ доллари қийматидаги салкам 22,3 минг тонна товарлар кириб келган. Бу 2023 йилга нисбатан қиймат жиҳатидан 1,4 баробарга, миқдор жиҳатидан 1,3 баробарга кўпайганини англатади.
Номига жўнатмалар юборилган фуқароларнинг шахси ўрганилганида улар орасида вафот этган шахслар ҳам аниқланган, аксарият ҳолларда эса номига чет элдан жўнатма келгани ҳақида фуқароларнинг хабари ҳам йўқлиги маълум бўлди. Шу сабабдан эндиликда, темирйўл ва дарё транспортида ҳамда автомобиль ўтказиш пунктлари орқали нотижорат мақсадларда товарларни олиб кираётган шахс хорижий давлатда икки календарь кундан, ҳаво транспортида уч календарь кундан кам муддат бўлган тақдирда, божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмайди. Бунда, ушбу товарларга божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ деб қаралади ҳамда товарнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади. Бу каби муддат белгилаш амалиёти бошқа давлатларда ҳам бор. Масалан, Канада, Сингапур ва Озарбайжонда 48 соатни ташкил қилади. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, илгариги амалдаги қонунчиликда чегара постлари орқали товарларни нотижорат товар ниқоби остида ноқонуний олиб ўтиш учун жавобгарлик назарда тутилган. Шунингдек, 2024 йилда чегара божхона постларимизда “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган 1190 нафар жисмоний шахслар томонидан 21 млрд. сўмга яқин товарларни ноқонуний олиб ўтишга бўлган уринишлар аниқланган.
Бир сўз билан айтганда, ушбу ўзгаришлар тартибли тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали тушумларни ошириш ҳисобига фақат ва фақат жамиятимиз манфаатига, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишига, тадбиркорларимизни эмин-эркин ишлашларига, янги иш ўринлари яратилишига, бюджетга тушумларнинг ошиши ҳисобига янгидан-янги боғчалар, мактаблар, тиббиёт муассасаларининг қурилишига ва инфратузилмани кучайтиришга, пировардида одамларимизнинг турмуш фаровонлиги яхшиланишига хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА