Президентимизнинг 2025 йил 30 декабрда қабул қилинган “Аҳолининг алоҳида турдаги истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини кафолатли таъминлаш ҳамда иқтисодиётнинг айрим тармоқларини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатда ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган.
Мазкур фармон орқали аҳоли учун зарур товарлар бозорида барқарор таъминотни таъминлаш, нархлар кескин ошишининг олдини олиш ҳамда стратегик тармоқларни рағбатлантиришга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда.
Хусусан, фармон билан Ўзбекистонда айрим товарлар ва маҳсулотлар импортига нисбатан қўлланилаётган ноль божхона божи яна бир йилга — 2027 йил 1 январгача узайтирилди. Бу қарор аҳоли учун муҳим бўлган товарлар нархини барқарорлаштириш, бозорда рақобатни ошириш ва иқтисодиётнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Фармонга мувофиқ, ноль божлар қўлланиладиган товарлар рўйхатига озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар кийимлари ва гигиена воситалари киритилган. Шу билан бирга, электромобиллар учун қувватлаш станциялари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари келгуси икки йил — 2028 йил 1 январгача божхона божларидан озод этилди. Бу эса мамлакатда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Маълумки, 2022 йил май ойида 23 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорт божларидан озод қилинган эди. Кейинчалик, 2023 йил март ойида яна 36 та тоифадаги товарларга ушбу имтиёзлар жорий этилди.

Эндиликда мазкур имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилмоқда. Рўйхатдан балиқ ва икра консервалари, гўшт ва сут маҳсулотлари, қаҳва, цитрус мевалар, пишлоқ, творог, шоколад, нон ва макарон маҳсулотлари, шунингдек, соч ва шахсий гигиена воситалари, парфюмерия, болалар кийимлари, мева-сабзавотлар ва ёнғоқлар ўрин олган.
Мутахассислар фикрича, ноль божлар сақланиб қолиниши импорт харажатларини камайтиради, бу эса айрим товарлар нархининг кескин ошиб кетишини чеклаши мумкин. Бироқ натижа фақат божхона имтиёзлари билан чекланиб қолмасдан, логистика, валюталари курслари ва ички бозордаги рақобатга ҳам боғлиқ бўлади.
Фармонга асосан, 2028 йил 1 январга қадар электромобиллар учун қувватлаш станциялари, уларнинг бутловчи қисмлари, хизмат кўрсатиш инфратузилмаси учун технологик ускуналар жорий этилади.
Шунингдек, ипакчилик соҳаси ҳам эътибордан четда қолмади. Ипакни қайта ишлаш ва тўқиш ускуналари, тут уруғлари ва кўчатлари, элита ва саноат ипак қурти уруғлари учун эҳтиёт қисмлар ҳам божхона имтиёзларига эга бўлди. Бу эса экспортбоп анъанавий тармоқни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати — чиқиндилар билан боғлиқ фаолиятни рағбатлантириш. 2031 йил 1 январгача республикада ишлаб чиқарилмайдиган махсус техника ва ускуналар, шунингдек, биопарчаланувчи материалларни қайта ишлаш учун зарур хомашё божхона божидан озод этилади.
Бундан ташқари, 2026–2031 йиллар давомида чиқиндилар соҳасида фаолият юритаётган ва белгиланган мезонларга жавоб берадиган корхоналар учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади. Бу имтиёзлар чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва қайта ишлашдан тушган даромад умумий даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этиши, ҳар бир ходимнинг ойлик маоши ЭКИҲнинг камида икки бараварига тенг бўлиши шартлари асосида қўлланилади.
Ноль божлар ва солиқ имтиёзларининг узайтирилиши қисқа муддатда аҳоли учун муҳим товарлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ўрта ва узоқ муддатда эса иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини ривожлантиришга хизмат қилади. Аммо ушбу имтиёзларнинг самараси бозорда шаффофлик ва соғлом рақобат таъминланган тақдирдагина тўлиқ намоён бўлиши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА