Ўзбекистонда телеграф тарихи қачондан бошланган?
Ватанимиз тарихидаги 1 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1781 йил (бундан 244 йил олдин) – Бухоро ҳукмдори Россиядан Бухорога элчи қилиб юборилган Мендияр Бекчуринни қабул қилди. Тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг қайд этишича, бу воқеага оид ҳужжатлар Бухорода элчиларни қабул қилиш маросими ва тартиблари ҳақидаги маълумотлардан дарак беради. Ҳужжатларда қайд қилинишича, қабул вақтида ҳукмдор оқ сувсар пўстин ва телпак кийган, ханжар таққан ҳолда унчалик баланд бўлмаган ва зарҳалли парчалар билан безатилган тахтда ўтирган. Элчиларни қабул қилишга масъул бўлган шахслардан бири – жарчибоши Мендияр Бекчуринни ҳукмдордан 3 газ (қарийб 2 метр) масофа берида тўхтатиб, ундан ҳукмдор номига олиб келинган хатни олган.
Шундан сўнг элчини оталиқдан кейинги еттинчи ўринга ўтқизишган. Зиёфат уюштирилиб, дастурхонга палов ва қовурилган қўй гўшти келтирилган. Ҳаммага ёғоч қошиқ берилган. Бу вақтда най ва чилдирма жўрлигида қадимги жангчи ва хонларнинг жасоратини мадҳ этувчи ашулалар айтилган. Зиёфат охирида ҳукмдор ва бошқа кишилар шаънига ҳам ашулалар куйланган. Зиёфатдан сўнг Мендияр Бекчурин шиғовул бошчилигида кузатиб қўйилган. Қабул маросимида ҳукмдор ва унинг атрофидаги амалдорлар билан ҳеч қандай музокара бўлмаган. Шунинг учун ҳам элчи ҳукмдор ва бошқа давлат арбоблари билан суҳбат ўтказилишини бир неча маротаба сўраган. Бироқ унинг бу илтимослари инобатга олинмаган.
1883 йил (бундан 142 йил олдин) – Тошкент кимё лабораторияси ўз фаолиятини тўхтатди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, лабораториянинг ташкил этилишига 1869 йил охирида рухсат берилган, аммо бу борадаги амалий ҳаракатлар 1870 йилнинг май ойида бошланган эди. Дастлаб ушбу лаборатория Туркистон генерал-губернатори ҳузурида фаолият юритган тоғ-кон ишлари бўлими амалдори қошида бўлган ва руда ҳамда қоришмаларни таҳлил қилиш билан шуғулланган. Кейинчалик ушбу лабораториянинг фаолият кўлами кенгаяди ва унда суд-тиббиёт экспертизаси, руда, тупроқ жинслари ва санитария таҳлиллари, метерологик кузатувлар ўтказилади.
Тадқиқотчи А.Назаровнинг қайд этишича, Тошкент кимё лабораторияси ҳужжатлари Ўзбекистон Миллий архивининг И-73 жамғармасидан ўрин олган бўлиб, унда таҳлилларни олиб бориш дастури ва қоидалари, лабораторияни бошқаришга доир ёзишмалар, турли булоқ сувларнинг таҳлили, суд-тиббиёт амалиёти ҳақида ҳужжатлар мавжуд. Шунингдек, метеорологик кузатув жадваллари ва Бош геодезия обсерватория билан ўқув кузатувлар борасидаги ёзишмалар ҳам бор. Лаборатория ҳужатларини ўз ичига олган жамғарма жами 307 та сақлов бирлигдан иборат.
1885 йил (бундан 140 йил олдин) – Тошкент почта идораси мижозлардан телеграммалар қабул қилишни бошлади. Ўзбекистонда телеграф алоқаси XIX аср охирига келиб Тошкент – Оренбург телеграф тармоғи очилиши билан бошланган. Ўлкада телеграф алоқаси жорий этилишининг асосий сабабларидан бири Россия ҳукуматининг бу ерда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан тезроқ хабардор бўлиш истагида мужассам бўлган. Дастлаб ҳарбий мақсадлар ва ўлка маъмурий бошқарувида фойдаланилган телеграфдан кейинчалик оддий аҳоли ҳам фойдаланиш имконига эга бўлган. 1889 йилда Тошкент, Бухоро, Чоржўй ва Карки телеграф тармоғига Хива ҳам қўшилган.
1887 йил (бундан 138 йил олдин) – Туркистон генерал-губернаторлигининг Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Каспийорти ва Еттисув вилоятларида статистика қўмиталари тузилди. Бундан олдин – 1868 йил 22 январда Туркистон статистика қўмитаси тузилган бўлиб, вилоят статистика қўмиталари унинг ўрнига ташкил этилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, тарихан статистика амалиёти давлатлатчилик юзага келиши билан бошланган. Қадимги даврлардаёқ хўжалик ва ҳарбий эҳтиёжлар, аҳоли, ер, мол-мулк ҳисоби бўйича статистика ишлари амалга оширилган.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – маърифатпарвар шоир Ҳожи Муин Шукрулло ўғлининг ташаббуси билан “Меҳнаткашлар товуши” газетасига илова сифатида “Таёқ” номли кулги журнали таъсис этилди. Ҳожи Муин мазкур жарнал ҳақида ўзининг “Самарқанд матбуоти тарихи” номли мақоласида қуйидагича қайд этган эди: “«Меҳнаткашлар товуши»да бир неча вақт босилиб турғон «Шапалоқ» ва «Таёқ» исмларидаги бандлар халқнинг рағбат ва диққатини ўзига жалб этгани учун ҳукумат «Таёқ» отлиқ ҳажвий бир мажмуа чиқаришға ижозат берди. Бу мажмуа 1920 йил январида ўн беш кунда бир карра чиқа бошлади. «Таёқ» журнали «Меҳнаткашлар товуши»нинг таҳрир ҳайъати томонидан ёзилар эди. Ҳуруф ва коғоз озлиғи учун бу мажмуа 8 сонида тўқталди”.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджонов таваллуд топди (вафоти 2012 йил). У 1943 йилдан бошлаб ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида актёр сифатида фаолият кўрсатди. Зикир Муҳаммаджонов ўзбек саҳнасида Шукур Бурҳоновдан кейин таниқли давлат арбоблари образини гавдалантиришга киришган актёр ҳисобланади. У ўз йўли, ўз йўналиши ва ўз актёрлик иқтидорига таянган ҳолда бу улкан ишни муваффақият билан бажарди. У 1994 йилда “Дўстлик”, 1998 йилда “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Тошкентда Ўзбек тили ва имлосига бағишланган биринчи қурултой бошланди. Унда ҳарф ва имло, сарф ва наҳв, санойи нафиса ва адабиёт масалалари, Маориф комиссарлиги қошида «Илмий ҳайъат» тузиш каби масалалар кўрилди. Ҳарф (алифбо) ва имло масалалари бўйича Фитрат, Ашурали Зоҳирий ва Боту (М.Ҳодиев) маърузалари тингланди.
1922 йил (бундан 103 йил олдин) – Бухоро республикасида матбаа усулида қоғоз пуллар чиқарилди. Бу пуллар танга деб юритилган. Бироқ инфляция туфайли шу йилнинг апрелидан танга курси 500 минг червон (тилла пул), ноябрь ойида 850 минг червонни ташкил қилган. 5 декабрдан 1000, 2500, 5000 сўмлик қоғоз ақчалар чиқарилиб, у сўм деб юритилган.
1922 йил (бундан 103 йил олдин) – Туркистонда «очлик солиғи» жорий этилди. Бу солиқ кишлоқ ва шаҳарлардаги қашшоклашиб колган аҳолининг моддий аҳволини ҳисобга олмасдан туриб жорий этилган. Турли хил йўллар билан 1922 йил 1 январдан 1 декабргача Туркистон республикаси очларга ёрдам кўрсатиш марказий комиссияси жамғармасига 24,5 млн сўм пул, 69 млн пудга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари, 14,4 минг дона кийим-бош тўпланган. Тўпланган маҳсулотларнинг асосий қисми Туркистонга келган кочоқларга ва Россиянинг очликдан қийналаётган марказий губернияларига ёрдам тарикасида жўнатилган. Ўлка аҳолисига жорий этилган бу солиқ натижасида 1922 – 1923 йилларда Туркистонда, айниқса, Фарғона вилоятида очарчилик қайтадан бошланади.
1931 йил (бундан 94 йил олдин) – ҳайкалтарош, Ўзбекистон халқ рассоми Абдумўмин Бойматов дунёга келди. У “Абу Али ибн Сино” (ёғоч, 1967), “Хоразмий” (ёғоч, 1972), “Форобий” (гипс, 1974), “Алишер Навоий” (бронза, 1991) каби маҳобатли ёдгорликлар муаллифи.
1973 йил (бундан 52 йил олдин) – Ўзбекистон телевидениеси кўрсатувлари рангли тасвирда берила бошланди.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – ҳафтада беш марта, ўзбек ва рус тилларида чоп этиладиган “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталарининг биринчи сони чиқди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Малайзия Ўзбекистон мустақиллигини расман тан олди. Шу йилнинг 21 февралида икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Натижада 1993 йил июнда Тошкентда Малайзия элчихонаси, 1999 йил декабрда эса Куала-Лумпурда Ўзбекистон элчихонаси ўз фаолиятини бошлади.
2001 йил (бундан 24 йил олдин) – Янги 2001 йилнинг 1 январь куни, Гринвич вақти билан соат 00 да, Ер куррасида учинчи минг йиллик бошланаётган пайтда тошкентлик мактаб ўқувчиси 12 ёшли Анастасия Мельникова зўр мушакбозлик садолари остида планетамизнинг Жанубий қутби узра Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг зангори байроғини кўтарди.
Орадан бир неча лаҳза ўтгач, Янги йилнинг дастлабки дақиқаларида кўтарилган Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ҳам ҳилпирай бошлади. Юртимиздан жуда олисдаги Антарктиданинг муз босган кенгликларида серқуёш Ўзбекистон мадҳияси тантанавор янгради.
Бу улуғвор воқеа БМТнинг Антарктидадаги Халқаро лойиҳаси “Дунёни наркотик моддалардан халос этамиз” шиори остидаги “Истиқболли дунё – янги минг йиллик йўли” лойиҳасининг якунловчи босқичи бўлди. Ватандошларимиз Американинг Ўзбекистонда машҳур бўлган “Ай-Пи-Ви-Ньюс” телекомпанияси экспедиция гуруҳи таркибида муз қитъасига борган эдилар.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – юртимизда “Спорт” телеканали ўз фаолиятини бошлади.
2008 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси бекор қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА