Экспертларнинг фикрича, яқин 20 йил ичида сув ресурслари кескин камайиши натижасида мамлакатимизда сув танқислиги беш баробаргача ошади. Ўзбекистон сув танқислиги бўйича қизил ҳудудлар қаторига киради. Мева етиштириш яқин йилларда сув танқислиги туфайли жиддий чекланади.
Сув хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда 7 миллиард куб метр сув танқислиги кузатилиши ва оқибатда мамлакат дунёдаги сув танқис бўлган 33 давлат қаторига тушиб қолиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бундай шароитда Амударё ва Сирдарё ҳавзалари қуйи оқимида жойлашган ҳудудлардаги энг кўп сув сарфланадиган қишлоқ хўжалиги тармоғи катта зарар кўради. Шу сабабли, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида сувни кўп талаб қилувчи экинларни босқичма-босқич сувни кам талаб қиладиган экинларга алмаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Сув тақчиллиги нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда ортиб бораяпти. Марказий Осиё ҳам яқин ўн йилликда сувсизлик муаммоси билан юзлашади. Иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, деҳқончилик ерларининг кенгайиши ва бошқа омиллар натижасида сув ресурслари учун кураш Марказий Осиё давлатлари ўртасида турли низоларни келтириб чиқариши мумкин.
Бошқа манбаларда эса Марказий Осиёнинг баланд тоғли ҳудудларидаги музликларнинг катта қисми аср охирига келиб эриши мумкинлиги башорат қилинмоқда. Олимларнинг бундай хулосага келишига музликлар майдони ҳар йили бир фоизга қисқараётгани сабаб сифатида кўрсатилган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: 20-30 йилдан кейин минтақамизда ана шундай жиддий муаммо кузатиладими?
Албатта, дунё олимларининг прогнозлари бугунги кундаги ёғинлар миқдори, табиий музликлар ҳажмининг ўзгариб бориш динамикаси, мавжуд экологик ҳолат ва сув истеъмоли асосида ҳисоб-китоб қилинган. Демак, минтақа, умуман олганда эса, дунё мамлакатлари айни пайтдан бошлаб вазиятни ўнглаш, яъни атмосферага зарарни камайтириш орқали экология барқарорлигига эришиш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш чораларини кўрмаса, бу прогнозлар маълум маънода ўзини оқлаши мантиқан тўғри бўлади.
Бу каби муаммоларнинг олдини олиш учун зудлик билан суғориш тизимини ўзгартириш, модернизация қилиш керак. Оқизиб суғориш усулидан воз кечиш ва томчилаб, сочма суғориш тизимларига ўтиш зарур. Бу усуллар орқали сувни бир неча баробар кам сарф қилиб, ҳосилдорликни оширишга эришилади. Бу амалда исботланган ва ривожланган давлатлар айнан шу усуллардан фойдаланиб келмоқда.
Бугунги кунда кўплаб хорижий давлатлар қишлоқ хўжалигида сув тақчиллиги муаммосига сув тежовчи технологиялар орқали ечим топган. Хусусан, томчилатиб суғориш соҳасида Исроил етакчилик қилади. Ушбу мамлакатда 75-80 фоиз экин майдонлари томчилатиб суғорилмоқда. Шунингдек, Хитойда 5 миллион, Ҳиндистонда 2 миллион гектардан зиёд майдонларга сув тежовчи технологиялар ўрнатилган. Америка ва Европанинг қатор давлатларида ҳам тежамкор суғориш усулига асосланган экин майдонлари ҳажми ортиб бормоқда.
Ўзбекистонда ҳам бу тизим оммалашмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам сувдан оқилона фойдаланиш, соҳага тежамкор технологияларга асосланган лойиҳаларни изчиллик билан жорий этиш устувор масалага айланди.
Сув хўжалиги вазирлиги томонидан журналистлар учун Тошкент вилояти Паркент туманига пресс-тур ташкил этилди. Унда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни сув хўжалигида ва фармацевтика саноатида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгуси вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилишда сув танқислиги муаммолари хусусида тўхталиб ўтган эди. Қайд этилишича, минтақамизда сув танқис бўлган бир шароитда, йилига 1 миллиард куб метр сел сувлари беҳуда оқиб кетаяпти.
Давлатимиз раҳбари сел сувларини кичик манбаларда жамғариш мумкинлигини, бу борада ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Бундай лойиҳалар учун 100 миллион доллар жалб қилинадиган бўлди. Уларнинг ҳисобига сув чиққан майдонлар тадбиркорларнинг ўзларига узоқ муддатга эркин фойдаланиш учун берилади.
Ҳозирги кунда 450 минг гектар ёки суғориладиган майдонларнинг 15 фоизи лазерли технологияда текисланган. Агар бундай ерлар 2 баравар кўпайтирилса, яна 900 миллион куб метр сув тежалади, қўшимча 200 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. Шунинг учун жорий йилда мингта лазерли текислагич олиб келиниши, кластерлар томонидан фермерларга лазерли текислаш хизматлари йўлга қўйилиши белгиланди.
Сўнгги йилларда 400 минг гектарда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинган. Бу йил яна 80 минг гектар майдонда ишлар бошланган. Бундай технологияларни янада рағбатлантириш мақсадида, шу йил 1 апрелда имзоланган қарорга мувофиқ, донли экинлар ва сабзавот етиштиришда сув тежовчи тизим жорий қилинган ҳар бир гектар учун субсидия миқдори ҳозирги 1 миллион сўмдан 8 миллион сўмга оширилди. Банк кредит ставкаси фермерлар учун 17 фоиз этиб белгиланди. Бу имкониятларни миришкорларга етказиб, молиявий рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Мамлакатимиз аграр секторида сув тежовчи технологияларни қўллаш нафақат сувни сезиларли даражада тежаши, балки ҳосилдорликни ошириши, сарф-харажатларни кескин камайтириши билан аҳамиятли бўлмоқда. Экинларни замонавий ёндашувлар – томчилатиб, ёмғирлатиб, умуман олганда, сув тежовчи технологиялар ёрдамида суғоришнинг самарали жиҳатлари ҳақида қуйироқда фермерларимиз қўлга киритаётган аниқ натижалар мисолида тўхталиб ўтамиз.
Гап сув сарфини тежаш, унинг ҳар томчисидан самарали фойдаланиш тўғрисида борар экан, бу борада Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.
Негаки, ушбу қарорга асосан 2022 йилда республика бўйича 89,8 минг гектарда томчилатиб, 16,2 минг гектарда ёмғирлатиб, 5,7 минг гектарда дискрет, 72,9 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали ва 36 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш тизимлари жорий қилинди. Қарийб 243 минг гектар экин майдони лазер ускунаси ёрдамида текисланди. Натижада сув сарфи тежаладиган майдонлар 1 миллион гектардан ошиб, қишлоқ хўжалиги умумий экин майдонининг 25 фоизи қамраб олинди.
Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар бериш тизими такомиллаштирилиб, “Agro-subsidiya” ягона ахборот тизими ишга туширилди ва бугунги кунда кластер ва фермер хўжаликларига субсидия ушбу тизим орқали онлайн тарзда ажратиб берилмоқда.
Айни вақтда мамлакатимизда сув тежовчи технологиялар турларидан томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш, дискрет (пульсар) суғориш, лазерли мослама ёрдамида текисланган ерларни суғориш тизимидан кенг фойдаланилмоқда.
Пресс-тур давомида дастлаб Тошкент вилояти Паркент туманидаги “Agro star expo” МЧЖ кичик кластер фаолияти билан танишдик.
– “Agro star expo” МЧЖ кичик кластерида гилос, узум, нок, олма каби мевалар етиштирилади. 110 гектар ер майдонига сув тежамкор инновацион технологиялар жорий этилган, – дейди “Agro star expo” МЧЖ кичик кластер агрономи Жўрабек Пўлатов. – Боғларимизга томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилганмиз. Томчилатиб суғоришнинг афзаллиги, энг аввало, сув ресурсларини иқтисод қилади. Бунга суғориш режимининг ўзига хослиги, буғланишнинг пастлиги, обиҳаётнинг беҳуда оқиб кетмаслиги туфайли эришилади, албатта. Бунинг натижасида экин турига қараб, 20 фоиздан 80 фоизгача сув тежалади. Энг муҳими, томчилатиб суғорилганда тупроқ қотмайди. Натижада қўл меҳнатига, культивация қилишга ҳам ҳожат қолмайди. Минерал ўғитнинг эритилган ҳолда берилиши эвазига эса унинг самарадорлиги бир неча баробарга ортиб, 50 фоизгача иқтисод қилишга эришилади ҳамда ўсимлик озуқа моддалар билан яхши тўйинади.
Ушбу усулда суғоришнинг асосий самараси шундан иборатки, сув ўсимликнинг фақат илдизига боради. Сув ва ўғитлар бериш тартибини бошқариш ўсимликларнинг ўсишини тезлаштириш ёки секинлаштириш имконини беради. Эгатлаб суғориш жараёнида инфильтрация ва буғланиш сабабли кўп сув исроф бўлади. Томчилатиб суғориш бу мукаммал суғориш техникаси бўлиб, у қўлланилаётганда сув билан биргаликда, зарурий ўғитлар суғорилаётган экиннинг илдиз қисмига узатиб берилади. Мевали дарахтлар ва сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги 50 фоизгача ошади. Гектаридан ўртача 25-30 фоизгача минерал ўғитлар тежаб қолинади. 30-35 фоизгача ёнилғи ва мойлаш материаллари ва механизация ресурслари ҳам тежалади. Ҳар бир гектардан 40-60 фоизгача сув 200-300 минг сўмлик ишчи кучи иқтисод қилинади.
Бугунги кунда бу кичик кластерда етиштирилган гилосларни Россия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Германия давлатларига экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланган.
– Сув ресурсларисиз қишлоқ хўжалиги ривожлана олмайди. Илгари туманимизда 9 минг 600 гектар сувсиз ерларнинг 6 минг гектардан ортиғига ғалла экилар эди, – дейди Тошкент вилояти Паркент тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раҳбари Фахриддин Руҳиддинов. – Ёғингарчилик кўп бўлган йилларда ғалладан ўртача 15 центнер, ёғингарчилик бўлмаган йиллари 5-6 центнер ҳосил олар эдик. Туманимизда 2016 йилда 6 минг гектардан ортиқ узумзор бўлган бўлса, ҳозирги кунда 12 минг гектар узумзоримиз бор.
Туманда ҳозиргача 600 гектар ер майдонига сув тежовчи технологиялар жорий этилган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА