Осиё тараққиёт банки, "Delivery Associates" компанияси ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вакиллари ўртасида “STEM таълимини ривожлантириш»га қаратилган янги ҳамкорлик лойиҳаси режасига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Унда Осиё тараққиёт банки Осиё тараққиёт банкининг Ижтимоий сектор бўйича раҳбари, Таълим масалалари бўйича бош мутахассис Эйсуке Тажима, "Delivery Associates" компанияси вакили, халқаро эксперт Жон Тулли ҳамда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев ва инспекциянинг тегишли бошқарма ва бўлим раҳбарлари иштирок этишди.
Учрашув кун тартибидан ОТБ билан ҳамкорлик қилишда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг устувор йўналишлари, STEM бўйича салоҳиятни ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати, Таълим инспекцияси ва ОТБ ўртасида салоҳиятни мустаҳкамлаш ва оширишга қаратилган ҳамкорлик лойиҳаси муҳокамасига доир қатор масалалар ўрин олди.
Муҳокамалар аввалида Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев Осиё тараққиёт банки вакилларига мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантиришдаги узоқ йиллик ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирар экан, таълим тизимига халқаро илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича Таълим инспекцияси томонидан амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди.
– Ўзбекистон илк маротаба халқаро баҳолаш тизимларида иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, «Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»да PISA халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтингида Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб 30 та илғор мамлакатлар қаторига киришига эришиш мақсади кўзда тутилган.

Бунда олдимизга ўқувчиларда XXI аср кўникмаларини шакллантириш ва уларда STEM фанларига бўлган қизиқишни кучайтириш мақсад қилинган. Шу кунга қадар ўқувчилар маълум фанларни ўзлаштиришга олдиларига ёки олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиш, ёки мактабда аъло баҳоларга ўқиш ҳақида ўйлашган. Мазкур лойиҳалар мактабда ўқитиладиган дарсликлар имтиҳон натижаси ёки баҳо учун эмас, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига хизмат қилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.
Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз амалга ошириладиган ушбу лойиҳаларни амалга оширишда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади. Бу эса мамлакатимиз таълим тизимининг ривожланиши учун ҳам аҳамиятлидир, – деди Таълим инспекцияси бошлиғи.
Шундан сўнг, Осиё тараққиёт банки вакили Эйсуке Тажима мазкур жараённинг амалга оширилиш босқичлари ва Ўзбекистон томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида маълумот берди.
– Ўзбекистонда STEM фанларини такомиллаштириш асосан, мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш мақсадларига қаратилади. Шунингдек, мазкур лойиҳа орқали технологияни ривожлантириш орқали STEM фанларининг ўқитилиш сифатини яхшилаш, мактабларда таълим муҳитини ошириш, ҳамкорлик орқали бошқарув тизимини кучайтириш кўзда тутилган.
STEM фанларининг ўқитилиш сифатини яхшилашда аввало ўқитувчилар малакасини оширишни қўллаб қувватлаш лозим бўлади. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 1-10 синфлар математика, биология каби STEM таркибига кирувчи фанларни ягона тизимга бирлаштириш масаласи муҳокама қилинганди Мазкур тажриба Финляндия, АҚШ, Сингапур каби мамлакатлар тажрибасида ҳам синовдан ўтказилган.
Мактабларда таълим муҳитини яхшилашда аввало физика, кимё, биология лабораторияларини кўпайтириш, модернизация қилиш ва таълим муассасаларини интернет билан тўлиқ таъминлаш ва алоқа сифатини ошириш назарда тутилади.
Бошқарув тизимини ривожлантириш учун эса марказлашган тизимнинг жорий этилиши мақсадга мувофиқ бўлади, – деди Эйсуке Тажима.Шу билан биргаликда, Осиё тараққиёт банки вакилининг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда STEMни ривожлантириш учун ўқувчиларга шаҳар ва қишлоқларда яратилган шароитларнинг ўзаро фарқланиши, STEM фанларнинг ўзлаштирилишида ўғил болаларга нисбатан қизларнинг пастроқ кўрсаткич қайд этиши, PISA тадқиқотлари натижаларининг мавжуд эмаслиги каби муаммолар ҳам тўсқинлик қилмоқда. Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун эса Таълим инспекцияси томонидан мактаблардаги таълим сифати мунтазам назорат қилиниши STEM фанлари фанлари бўйича ўтказиладиган синовларга алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлади.
Муҳокамалар якунида кўрилган масалалар ва истиқболдаги режаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни изчил равишда давом эттиришга келишиб олинди.