Ўзбекистонда реал самарали алмашув курси индекси ошди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2024 йил учун номинал (NEER) ва реал самарали алмашув курси (REER) индекслари ҳисоблаб чиқилди.
2024 йилда Ўзбекистон учун NEER ва REER индексларини ҳисоблашда мамлакатимизнинг умумий ташқи савдо айланмасида 80 фоиздан ортиқ улушга эга бўлган 20 та давлат савдо ҳамкорлари сифатида танлаб олинди. Базавий давр сифатида эса 2019 йилнинг январь ойи қабул қилинди.
2024 йилда реал самарали алмашув курси индекси ўсиш қайд этди. Хусусан, декабрь ойида REER индекси 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 4,8 бандга кўтарилиб, 106,6дан 111,4га етди. Бунда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси ўзгариши 3,3 бандга, инфляция таъсири эса 1,5 бандга тенг бўлди.
Ўтган йилнинг дастлабки тўққиз ойида REER индекси 104,1 ва 105,7 оралиғида шаклланган бўлса, IV чорак якунига келиб, III чорак якунидагига нисбатан 6,6 бандга ошди. Шунингдек, номинал самарали алмашув курси индекси ҳам 4,1 бандга ўсиб, 90 дан 94,1га етди. Иқтисодиётда реал самарали алмашув курсининг ошиши, бошқа омиллар ўзгармас деб ҳисоблаганда, экспорт нархларининг қимматлашиши ва импорт нархларининг арзонлашишига олиб келиши мумкин.
Ушбу кўрсаткичнинг ўсишига таъсир қилган муҳим омиллардан бири асосий савдо ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиш суръати бўлди. Жумладан, сўмнинг қадрсизланиши асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарига нисбатан паст бўлди.
2024 йил январь-декабрь ойларида сўмнинг ўртача ойлик алмашув курси АҚШ долларига нисбатан 3,8 фоизга қадрсизланган. Ушбу даврда Россия рубли 16,8 фоизга, Қозоғистон тенгеси 15,5 фоиздан кўпроққа, турк лираси эса 16,6 фоизга қадрсизланди.
Бу эса REER индексининг 3,3 бандга ўсишига таъсир этди. Ўзбекистондаги нархлар динамикаси ва асосий савдо ҳамкорларидаги макроиқтисодий тенденциялар ўртасидаги фарқ ҳам REER индексининг ўсишига сабаб бўлди.
Жумладан, 2024 йилда мамлакатимизда инфляция даражаси 9,8 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич Россияда 9,5 фоизга, Қозоғистонда 8,6 фоизга, Хитойда эса 0,2 фоизга тенг бўлди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА