Маълумки, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда Ўзбекистон Республикасида тижорат банклари томонидан Россия рублини айирбошлаш билан боғлиқ масала жуда кўп муҳокамага сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан ЎзА мухбири Марказий банк матбуот хизмати билан боғланиб, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги трансчегаравий пул ўтказмалари фаолияти юзасидан батафсил маълумот олди.
Бугунги кунда мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда айрим халқаро пул ўтказмалари операторлари фаолиятида вақтинчалик узилиш ёки тўхталиш кузатилмоқда. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда Россия Федерациясидан пул ўтказмаларини амалга оширувчи баъзи тизимларда узилиш вужудга келганда, бошқа муқобил тизимдан фойдаланиш имконияти мавжуд.
Аҳоли учун долзарблигидан келиб чиқиб, тижорат банклари томонидан мамлакатимиз ҳудудида халқаро пул ўтказмаларининг узлуксиз фаолияти учун зарур чоралар кўрилмоқда.
Россия рубли айирбошлаш курси кескин тебранаётган, биржа ва биржадан ташқари курс орасида сезиларли тафовут юзага келаётган бир пайтда Россиядаги фуқароларимиз ўз маблағини эркин валютага алмаштириш жараёнида жиддий йўқотишга учрамоқда.
Шундай ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан барча тижорат банкларига Россия рублидаги пул ўтказмалари бўйича айирбошлаш операцияларини узлуксиз амалга ошириш ҳамда валюта курсини белгилашда сотиб олиш ва сотиш қиймати ўртасидаги фарқни мақбул даражада сақлаб туриш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Бундан ташқари банкларнинг валюта хавф-хатарини минималлаштириш мақсадида рубль сотиш ва сотиб олиш курсини жорий халқаро котировкаларга асосан, кун давомида ўзгартириб бориш бўйича ҳам тавсия берилди.
Бу Россия Федерациясидаги Ўзбекистон фуқароларига пул маблағларини Россия рублида юбориш ва республика ҳудудида ушбу маблағни ихтиёрий валютада қабул қилиб олиш имконини беради.
Аввал хабар берилганидек, рублнинг сўмга нисбатан сотиш ва сотиб олиш курси тижорат банклари томонидан мустақил равишда жорий халқаро котировкаларга асосан белгиланади. Бу қиймат кун давомида заруратга қараб ўзгариши мумкин.
Одатда, халқаро амалиётда ҳам маҳаллий валюта биржасида сотувда бўлмаган айрим давлатлар валюталари бўйича ҳисоб ва айирбошлашдаги курс ушбу давлатлар марказий банки ёки халқаро платформада эълон қилинадиган жорий котировка асосида белгиланади.
Ижтимоий тармоқдаги айрим манбаларда шубҳали спекулятив трансчегаравий схемалар ёрдамида рублни айирбошлаш (жумладан, “қора бозор”да ҳам) орқали 30 фоизгача даромад олиш мумкинлиги билдирилмоқда.
Бундай фикр, мантиқан, гепотетик шаклда тўғри бўлиши мумкин. Амалда эса Ўзбекистондаги ички валюта бозоридаги реал ҳолат буни инкор этмоқда. Хусусан, охирги пайтда тижорат банклари томонидан аҳолига рубль сотуви халқдан харид қилинаётган миқдордан қарийб 10 баробар кўп.
Бундан ташқари Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиш (нақд ва нақдсиз шаклда) бўйича махсус тартиб ўрнатилган. Ушбу қоида ички валюта бозорига кескин таъсир кўрсатиши мумкин бўлган миқдорда пул оқими вужудга келишига йўл қўймайди.
Марказий банк мавжуд вазиятни доимий равишда онлайн равишда кузатиб боряпти. Зарур ҳолатда аҳоли манфаатини, миллий валюта ва банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилишини таъминлайди.
Шу ўринда Ўзбекистонга хорижий валюта олиб кириш ва олиб чиқишнинг амалдаги тартиби туфайли “қора бозор” рублнинг сўмга нисбатан курси шаклланишига таъсир қилмаслиги мутахассилар томонидан алоҳида таъкидланаётганини эслатиб ўтиш жоиз. 3 март куниданоқ Марказий банк биринчи марта Ўзбекистонда хорижий валютани сотиб олиш ва сотиш бўйича кунлик статистик маълумотни эълон қила бошлади.
Мазкур маълумотларда қайд этилишича, 3 март куни ўзбекистонликлар 60 миллион рубль харид қилган ва атиги 5,4 миллион рублни сотган. Бошқа валюталарда эса бу қадар кучли фарқ кузатилмади. 4 март куни эса тижорат банкларида жами 43 342 785 доллар сотиб олиниб, 32 571 340 доллар сотилди.
Бу ҳақда Марказий банк тақдим этган жадвалда маълум қилинди. Эслатиб ўтамиз, 5 март куни бу кўрсаткич мос равишда 27 967 128 ва 26 319 048 долларни ташкил этган.
Рубль олди-бердисида янада катта бўшлиқ кузатилган: 7 354 654 рубль сотиб олинган, 86 561 320 рубль сотилган.
Тан олиш керак, мамлакатимизда Россиядан жўнатилган пул муҳожир оилалар учун даромаднинг муҳим манбаи бўлиб қолмоқда. Рублда юборилган пул ўтказмалари Ўзбекистон банкларида ҳам миллий валютада, ҳам долларда амалга оширилиши мумкин. Афсуски, рус валютаси қадрсизланиши муносабати билан республикадаги бир қатор банклар Россиядан пул ўтказмаси қабул қилишни тўхтатди. Расмий статистик маълумотга кўра, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, РФда 1 миллиондан кўпроқ ўзбекистонлик меҳнат қиляпти.
Ҳозирги вазият туфайли Россияда яшаётган ватандошларимиз, айниқса, иш ҳақининг маълум қисмини ватанга юбораётган меҳнат мигрантлари учун пул ўтказиш бироз муаммо бўлиши мумкин. Бинобарин, бундай ҳолат вақтинчалик эканлиги аниқ. Қолаверса, бошқа банклардан фойдаланиш имконияти бор.
Гўзал Сатторова, ЎзА