18-22 июль кунлари Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари бўлиб ўтади. Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Алтинбек Мақсутов бошчилик қиладиган жами 250 кишилик Қирғиз Республикаси делегацияси таркибидан таниқли маданият, фан, адабиёт ва санъат намояндалари ўрин олган. Миллий тарих музейи вакиллари, Т.Сатилганов номидаги Миллий филармония қошидаги “Қамбаркан” фольклор-этнографик ансамбли ижодий гуруҳлари, Ч.Кожомжаров номли эстрада-симфоник оркестри, Давлат рақс ансамбли, “Ак-Марал, “Дилгир”, “Шаттиқ” халқ рақс гуруҳлари, “Манас” миллий театри, Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқа ва драма театри шулар жумласидан.
18 июль куни Форумлар саройида “Қирғизистон маданияти кунлари”нинг тантанали очилиш маросими ва ўзбек-қирғиз санъат усталари иштирокида қўшма концерт бўлиб ўтади.
Анжуман доирасида икки давлат адабиёт ва санъат намояндалари учрашуви, “Кўк гумбазлар” боғида “Қирғиз ойили” маданий-кўргазма марказининг очилиши, шунингдек Қирғизистон киноси кунлари ҳам режалаштирилган.
Байрам тантаналари Бухоро шаҳрида давом этади.