Ўзбекистонда қандай ўғирликлар содир этилмоқда?
Ёки қайси ҳудудларда бундай жиноятлар кўпроқ юз бермоқда?
Одамлар тинч ва хотиржам яшаши учун ҳимоя имкониятлари ортиб бормоқда. Биргина видеокузатув тизимлари кўпайтирилгани жиноятларнинг олдини олишга ёки содир бўлган жиноятларни “иссиқ изидан” очишга кўмаклашмоқда.
Бироқ, афсуски, бу чора жиноятларга бутунлай барҳам берганича йўқ. Чунки ҳали-ҳамон босқинчилик, ўғирлик жиноятлари содир этилмоқда.
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган савдо дўконидан номаълум шахс 21,5 миллион сўмлик техника воситаларини ўғирлаб кетган. Тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан гумонланувчининг шахсини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилиб, тез орада муқаддам судланган 35 ёшли А.Д. қўлга олинди.
Чилонзор туманида эса номаълум шахс кўп қаватли уй олдидаги автотураргоҳда турган бешта автомашина ойнасини синдириб, улардан бирининг салонидан видеорегистратор ва пулларини ўғирлаб кетган. Воқеа жойидан олинган бармоқ изларини ўрганиш натижасида бу ишни 48 ёшли А.Т. содир этгани аниқланди.
Қашқадарё вилоятидаги тўйхоналардан бирида эса бир фуқаронинг 943 минг сўм пули ўғирланган. Тезкор олиб борилган тадбир натижасида бу қилмишни фуқаро Қ.М. содир этгани фош этилди.
Тошкент шаҳридаги хонадонлардан бирига эса 39 ёшли Қ.Ю. калит танлаш йўли билан кириб, 1,4 минг АҚШ доллари ва 45 миллион сўмлик тилла тақинчоқларини ўғирлаб кетган. Мазкур ўғирлик жиноятлари очилиб, айбдорларга тегишли жазолар тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 169-моддасига кўра, ўғирлик жинояти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима, уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жазолар тайинланади.
Мазкур жиноят учун бериладиган жазо оғирлик даражасига қараб оғирлашиб боради, албатта. Энг оғир ўғирлик жиноятини содир этганлар ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Ички ишлар вазирлиги сайтидаги очиқ маълумотларда 2022 йилда 72 мингга яқин жиноят рўйхатга олингани қайд этилган.
Вазирлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, содир этилган жиноятларнинг 22,9 фоизини ўғирлик жинояти ташкил этган.
Ўғирликларга оид статистикага назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг 20 фоизи хонадонларда содир бўлган. 6,8 фоизи савдо шохобчаларида юз берган бўлса, 6,1 фоизи ҳайвон ўғирлаш, 8,4 фоизи автотранспорт воситаларини ўғирлаш, 3,7 фоизини киссавурлик ташкил этган.
Ўғирликларнинг 17,6 фоизи эса телефон, 5,5 фоизи велосипед ўғирлигидан иборат. 23,3 фоиз ўғирлик эса ахборот технологиялари воситасида амалга оширилган.
Энг кўп бундай жиноятлар Тошкент шаҳрида, Фарғона ва Тошкент вилоятларида содир этилиши кузатилган.
Норгул Абдуримова,
ЎзА