Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ–овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети (ТХВУ) билан ҳамкорликда озиқ-овқат нархлари маълумотларини тарқатиш ва таҳлил қилишни осонлаштириш учун веб-восита бўлган озиқ-овқат нархлари мониторинги ва таҳлилини (ФПМА) ишга туширди.
Ушбу воситани ишга туширишдан мақсад – уни миллий ва халқаро ҳамжамият ва қарор қабул қилувчиларга нарх тўғрисида ишончли маълумот бериш учун қимматли оммавий воситага айлантириш. Нархлар тўғрисидаги маълумотлардан турли хил миллий институтлар, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари фойдаланишлари мумкин.
ФАО ва ТХВУ ўртасидаги «Нарх ва бозорларнинг ахборот тизимини техник жиҳатдан жорий этиш ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирлари учун тегишли таҳлил» тўғрисидаги келишувга мувофиқ, ишга туширилган мазкур манба Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан стратегик ҳамкорликда амалга оширилган.
Айтишларича, ФПМА катта ҳажмдаги нарх маълумотларини осон йўл билан олиш имконини беради. Бу фойдаланувчиларга аниқ бир маҳсулот нархини тезда кўриб чиқиш, мамлакат – бозор – товар ўртасида таққослаш, графикалар, маълумотлар ва ўртача кўрсаткичлар, фоиз ўзгаришлари каби асосий статистик маълумотларни юклаб олишига хизмат қилади.
ФАО томонидан берилган маълумотга кўра, воситанинг глобал версияси 2010 йилда ишлаб чиқилган. Глобал миқёсда озиқ-овқат нархларини кузатиш ва таҳлил қилиш воситасини ишлаб чиқишда эришилган ютуқ ва тажрибага асосланиб, ушбу восита мамлакат миқёсида фойдаланишга мослаштирилган. Нархлаш воситасининг республика даражасидаги версияси глобал даражадаги воситага қараганда кўпроқ маҳсулот ва бозорни ўз ичига олади.
Шу ўринда ТХВУ воситани мамлакат даражасидаги «ўз ўрнида» муваффақиятли ўрнатишга эришган ФАОнинг биринчи ҳамкорига айланганини алоҳида қайд этиш керак.
Ўзбекистондаги восита уч тилда – ўзбек, инглиз ва рус тилларида мавжуд. Бугунги кунда ушбу восита 2019 йил январь ойидан бошлаб деҳқон бозорларидаги 77 та озиқ-овқат маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. ТХВУ Амалий тадқиқотлар маркази Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан маълумотлар базасига кириш ҳуқуқини олиш бўйича ҳамкорлик қилади. Шу билан бирга марказ маҳаллий чакана бозордан маълумотлар йиғишни ҳам бошлаган.
Бундан ташқари, ушбу восита Ўзбекистон ҳукуматига 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишда ёрдам беради. Нархлар ва бозор маълумотлари тизимлари қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун, айниқса, кичик ер эгалари ва озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар учун муҳим.
– Ишончли нарх маълумотлари бозор шаффофлигини, рақобатбардошлигини оширади ва асосий ўйинчилар ўртасида даромадлар адолатли тақсимланишини таъминлайди, – дейилади ФАО хабарида.
Воситага ушбу ҳавола орқали киришингиз мумкин: https://fpma.wiut.uz/
Б.Худойбердиев, ЎзА