Ўрик – нафақат мазали, балки инсон соғлиғи учун жуда фойдали мева ҳисобланади. У кўплаб витамин ва минералларга бой бўлиб, организмни турли касалликлардан ҳимоя қилади. Айниқса, А, C витаминлари, темир, калий ва антиоксидантлар билан тўйинган ўрик иммун тизимини мустаҳкамлаш, қон айланишини яхшилаш, ошқозон-ичак фаолиятини тартибга солиш, тери соғлиғини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон ўрик мевасини етиштириш бўйича етакчилик қилади. Мос иқлим шароити ва бозор талаби орқали ўрикларимиз жаҳон миқёсида экспорт қилинмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил биринчи чорагида Ўзбекистон 14 та хорижий давлатга жами 23,4 минг тонна ўрик экспорт қилган. Экспортнинг умумий қиймати 18,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, бу соҳадаги экспорт салоҳиятининг катта эканини кўрсатади.

Ўзбекистон 2025 йилнинг 7 ойида қуйидаги давлатларга энг кўп ўрик экспорт қилган:
Россия – 17 минг 111 тонна,
Қозоғистон – 4 минг 256 тонна,
Қирғизистон – 1 минг 249 тонна,
Украина – 305 тонна,
Беларусь –218 тонна,
Ироқ – 142 тонна,
Озарбайжон – 40 тонна,
Польша – 39 тонна ва бошқа давлатларга 86 тонна маҳсулот.
Россия энг катта экспорт бозори бўлиб, умумий экспортнинг катта қисмини ташкил этади. Кейинги ўринларда Қозоғистон ва Қирғизистон турган бўлиб, улар минтақавий бозорда Ўзбекистон ўриклари учун муҳим йўналиш ҳисобланади. 23,4 минг тонна экспорт кўрсаткичи Ўзбекистон ўрик саноатининг жадал ривожланаётганини англатади. Экспорт қийматининг 18,8 миллион долларга етгани маҳсулот сифатининг ҳам юқори эканини кўрсатмоқда.
Экспорт ҳажмининг ошиши ва янги бозорларга чиқиш имкониятлари орқали Ўзбекистонда ўрик саноати янада ривожланиши мумкин. Шу билан бирга, сифат ва рақобатбардошликни ошириш орқали халқаро бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллаш имконияти мавжуд.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА