Ўзбекистонда одамларнинг турмуш фаровонлиги ошмоқда
Сирдарё вилоятида ўтказилаётган сайлов жараёнлари хорижликларда катта таассурот қолдирди. Бугун улар вилоятнинг кўпгина туман ва шаҳарларида, у ердаги сайлов участкаларида бўлишди. Оқолтин тумани ҳудудида жойлашган 141-сайлов участкасида бўлган венгриялик кузатувчи ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
– Ўзбекистонда сайловлар илк бор мажоритар ва пропорционал тизим асосида бўлиб ўтмоқда,– дейди Венгриядаги Корвинус университети Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Мартон Краснай.–Бу демократик ислоҳотларнинг амалдаги натижасидир. Умуман, Ўзбекистонда янги Сайлов кодекси асосида сайловларни ўтказишга яхши тайёргарлик кўрилган. Бугун биз борган сайлов участкаларида сайлов жараёнлари қонунчиликка мос ўтаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бир сўз билан айтганда, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли одамларнинг турмуш фаровонлиги йилдан -йилга яхшиланиб бормоқда.Шу билан бирга уларнинг сиёсий қарашлари ва сиёсий билимлари ҳам анча юксалган. Сирдарё иқлим шароитида етиштирилган қовунлар ва анорлар бугун Европа бозорларига экспорт қилинмоқда. мен бундан жуда хурсандман. Юртингиз тараққиётига ривож ва тинчлик тилайман.
Муҳими, хорижлик кузатувчилар Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларга хайрихоҳ. Қаердаки, инсон манфаатлари улуғланар экан, ана шу юртда, албатта, ривожланиш бўлади, дея ишонч билдиришмоқда.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири