Ўзбекистонда одам савдосига қарши қандай курашилмоқда?
Мамлакатимизда 30 июндан 30 июлгача Одам савдосига қарши курашиш ойлиги ўтказилмоқда.
Одам савдоси – бу замонавий қулликдир, чунки у инсон ҳуқуқларини бутунлай топтаб, одамларни мажбурлаш, алдов ва зўравонлик орқали эксплуатация қилишга асосланади.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 2,7 миллиондан ортиқ инсон одам савдоси қурбонига айланади. Уларнинг қарийб 70 фоизини аёллар ва вояга етмаган болалар ташкил этади.
Одам савдоси қурбонлари кўп ҳолларда жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонлик орқали қўрқув остида ушлаб турилади. Энг ёмони, қулликка тушган инсонларнинг тана аъзоларини ноқонуний тарзда кўчириб ўтказиш амалиётлари ҳам учрайди.
Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш борасида Президентимиз бошчилигида тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётир.
Бу борадаги мамлакатимиз тажрибаси халқаро миқёсда ўрганиш ва қўллаш учун муваффақиятли модель сифатида қаралаётгани ХМТ томонидан эътироф этилган. 2024 йил июнь ойида Ўзбекистон ХМТнинг Маъмурий кенгашига сайлангани бунинг ёрқин ифодасидир.
Сенат Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Норбоева мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигига эътибор қаратиб келмоқда.
Нафақат миллий комиссия йиғилишлари, балки бошқа анжуманлар, мулоқотларда давлат сиёсатининг асосини ташкил этувчи инсон қадри ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, айнан шу масалада идора ва ташкилотлардан тўлақонли фаолият юритишни талаб қилиш, хорижий сафарларда ўша мамлакатдаги Ўзбекистон фуқаролари билан учрашиш ва фикрлашиш, муаммоларига ечим топиш каби саъй-ҳаракатлар мунтазамлик касб этган.
Шу билан бирга, бу йўналишда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти такомиллаштирилди. Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этишнинг ташкилий ва амалий чора-тадбирлари кучайтирилди.
Аҳолининг одам савдоси ва муносиб меҳнат масалалари бўйича хабардорлиги оширилди. Ишлаб чиқариш тармоқларида халқаро меҳнат соҳасидаги техник стандартларни жорий этишга эътибор кучайтирилди. Халқаро ҳамкорлик фаоллаштирилди.
Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этиш, соҳага доир қонунчилик асосларини такомиллаштириш мақсадида кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари ратификация қилинди.
Меҳнат инспекциясининг ваколатлари кенгайтирилди. Инспекцияга меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширувларни тўсиқларсиз ўтказиш ваколати берилди.
Миллий комиссия томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида иш берувчиларга ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритиб борилмоқда.
Одам савдосига қарши курашиш, соҳага доир қонунчилик асосларини такомиллаштириш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, одам савдоси энг оғир жиноятлардан бири ҳисобланади. 2025 йил 20 майда “Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Қонун билан Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Одам савдоси билан шуғулланган шахслар 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Оғирлаштирувчи ҳолатларда эса, агар жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан, такроран ёки вояга етмаган болаларга нисбатан содир этилса, жазо муддати 5 йилдан 10 йилгача, энг оғир ҳолатларда эса 12 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилишни ташкил этади.
Кейинги пайтда одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилди.
Одам савдосига оид жиноятлардан жабрланган шахсларга тиббий-психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, уй-жой муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш тизимли йўлга қўйилди.
Т.Норбоеванинг қайд этишича, “айрим ҳолларда фуқароларимизнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши, болалар ва аёллар одам савдоси қурбони бўлиши ҳолатлари учрамоқда. Ҳар бир жабрланган юртдошимиз учун адолатни таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшиш эса бизнинг асосий вазифамиздир. Муаммоларни яширмасдан, очиқ тарзда муҳокама қилиш, уларнинг оқибати билан эмас, балки уларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этишимиз керак. Бунда, нафақат давлат органларининг, балки жамоатчилик ва ижтимоий ташкилотларнинг ҳам фаол иштироки зарур”.
Айтиб ўтиш керакки, одам савдоси – дунё бўйлаб кенг тарқалган жиноятлардан бири бўлиб, инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол этаётган, унга қарши курашиш кучайтирилганига қарамай ҳамон барҳам топмаётган иллат ҳисобланади.
Боиси, барча давлатларда миграция мисли кўрилмаган даражада фаоллашди. Бошқа давлатлардаги шарт-шароитни билмай туриб, ўша ерга ишга отланаётган кишилар кўп ҳолларда алданиб қолмоқда. Алдов йўли билан ишга таклиф қилиш ҳолатлари ҳам кам эмас.
Бундай шароитда аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, уларни одам савдосидан огоҳ этиш – долзарб вазифа ҳисобланади.
Маълумки, 30 июль – Одам савдосига қарши курашиш бутунжаҳон куни ҳисобланади. Шу муносабат билан мамлакатимизда “30 кун – ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш ойлиги” бошланди.
Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўтказилаётган ойлик давомида одам савдоси жиноятининг олдини олишга эътибор янада кучайтирилди. Бу жиноят қандай юз бериши ва оқибатлари ҳақида аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА