Яқинда танишим автокредитга машина олди, ҳамкасбим ҳам ипотека кредити асосида янги уйли бўлди. Қўшним эса олган музлатгичининг пулини бир йилдан буён тўлайди.
Ҳаётий эҳтиёжларимизни қондириш учун кредит турларидан фойдаланиш қулайлик яратади, аммо масаланинг бошқа томони бор – олинган кредитни ўз вақтида тўлай оляпмизми?
Марказий банкнинг маълум қилишича, бугунги кунда юртдошларимиз банклардан 490 триллион сўм қарзи бор. Trading Economics.сom маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги кредит фоизлари ўртача 23,7 фоизни ташкил этмоқда. Бу энг юқори кўрсаткичлардан бири сифатида кўрсатилган. Мисол учун, Жанубий Кореяда 4,5 фоиз, Буюк Британияда 5,5 фоиз бўлса, халқаро рейтингларда энг бахтли мамлакатлардан бири деб эътироф этилган Данияда кредит фоизи 3,75 фоизни, Швецияда 4,1 фоизни Норвегияда эса 5,5 фоизни ташкил қилмоқда. Африка мамлакатларида кредит фоизи биздан анча паст
Жаҳон банкининг 2023 йиллик кўрсаткичлар бўйича солиштирувларига кўра, энг арзон кредит фоиз ставкаси Японияда бўлиб, Ўзбекистондагидан 12 баробар арзон, яъни – 1,8 фоиз. Ундан кейинги ўринни Швейцария эгаллаган – 2,9 фоизни ташкил этади
Европа мамлакатларида Украинани ҳисобга олмаганда кредит ставкаси 3,5 фоиздан бошлаб 10 фоизгача, Россияда 11,6 фоиз, Хитойда 4,3 фоиз, АҚШда 8,5 фоиз, Канадада 6,9 фоизни ташкил қилади. Марказий Осиё бўйича энг арзон кредит ставкаси Туркманистонга тегишли – 8,19 фоиз (жисмоний шахслар учун, 2023 йилги маълумот). Ўртача кредит ставкалари Қирғизистонда 19,1 фоиз, Қозоғистонда 18 фоиз, Тожикистонда 23,5 фоизга тенг
Ўзбекистонда нега кредит фоизлари юқори? Мазкур савол бўйича Тошкент кимё халқаро университети дотценти, иқтисодчи Фозил Додиевга юзландик.
– Ўзбекистон тижорат банкларидаги кредит фоиз ставкалари ҳамда Россия ва Қозоғистон ўртасида тафовут катта. Қозоғистон банкларидаги кредитнинг фоиз ставкалари 8-9 фоизни ташкил этса, Россияда бу кўрсаткич 5 фоиз. Ўзбекистонда ўртача 21-49 фоизни ташкил этмоқда. Бунинг сабаби нимада?
– Ҳозир Россияда ҳам кредитларнинг фоиз ставкалари юқори бўлиб, аҳолига 1 йилгача муддатга бериладиган кредитларнинг фоиз ставкаси 26 фоиз, 1 йилдан ортиқ муддатга эса 19,34 фоиз, (МБ асосий ставкаси 18 фоиз), 2023 йилда эса бу 19,53 фоиз ва 13,18 фоиз (МБ асосий ставкаси 7,5 фоиз) бўлган. Қозоғистонда кредитлар ўртача фоиз ставкаси 2022 йил 17,3 фоиз, 2023 йилда эса 16,2 фоиз бўлган. Ўзбекистонда эса ҳозир кредитларнинг ўртача фоиз ставкаси 23,2 фоиз, 49 фоизгача боради.
Бунга сабаб ресурслар қиймати баланд. Ҳозир аҳоли депозитларининг ўртача фоиз ставкаси 22 фоиз, юридик шахсларники 19,2 фоизни ташкил қилади. Кредит риски юқори. Масалан, ишсиз аҳолига риски юқори бўлса ҳам юқори ставкада кредит бериляпти. Банкларнинг операцион харажатлари ҳам фоиз баҳосига қўшилади. Фойда маржасини қўшади. Мамлакатда ресурслар кўп бўлиши ЯИМ ҳажмига, айниқса, жон бошига тўғри келадиган миқдорига боғлиқ.
2023 йилда Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 2 минг 435 долларни ташкил қилган бўлса, Россияда 14 минг 250 долларни, Қозоғистонда 13 минг 137 доллар, Туркманистонда 9 минг 190 доллар, Японияда 33 минг 835 доллар, АҚШда 81 минг 695 доллар, Хитойда 12 минг 614 долларни ташкил этади.
– Дунё мамлакатларида бу борада вазият қандай? Кредитлар фоиз ставкаси Ўзбекистонда ажратилаётган кредитлардан қанча арзон?
– Дунёда энг арзон кредитлар Перуда 0,8 фоизни ташкил этади. Японияда эса 1,7 фоиз. Японияда ажратиладиган кредитлар фоизи бизнинг кредитлардан 14 марта, Перудаги 29 марта арзон. Европа зонасида 5,2 фоизни, Бразилияда жуда юқори 52,1 фоизни ташкил қилади. Кредитлар ва депозитларнинг фоизи Марказий банкнинг асосий фоиз ставкасига боғлиқ. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ушбу ставка 13,5 фоизни ташкил қилади. Ҳозир Россияда асосий фоиз ставкаси 18 фоиз бўлиб, бу 2023 йилда 7,5 фоиз, 2024 йил январда 16 фоиз бўлган.
– Ўзбекистонда кредит фоизлари ўн йил ичида қандай ўзгарди? Буни аниқ рақамлар мисолида таҳлил қилсангиз.
– Агар мамлакатимизда кредитларнинг ўртача фоиз ставкаси 2014 йилда 16,2 фоиз бўлган бўлган бўлса, 2019 йилда 24,8 фоиз энг юқорига кўтарилган. Ундан кейин эса фоиз ставкалари пасая бошлаган, ҳозирги вақтда 23,2 фоизни ташкил қилади. Шу ерда қизиқарли ҳолат юз бермоқда, яъни инфляция даражаси пасаймоқда. 2022 йила 12,3 фоиздан 2023 йилда 8,8 фоизга тушган. Аммо фоиз ставкалари тушмаган. Бунга сабаблардан бири пул-кредит сиёсатининг трансмиссион механизми ишламаяпти. 2014 йилда 16,2 фоиз, 2015 йилда 14,2 фоиз, 2016 йилда 14,1 фоиз, 2017 йилда 15 фоиз, 2018 йилда 19,9 фоиз, 2019 йилда 24,8 фоиз, 2020 йилда 20,6 фоиз, 2021 йилда 21,3 фоиз, 2022 йилда 22,4 фоиз, 2023 йилда 22,9 фоизни ташкил этган.
– Бугунги кунда юртдошларимизнинг банклардан қанча қарзи бор? Пулни мақсадли ишлатиш ҳадисини олмаган инсонлар кредит олишга тайёрми?
–Марказий банк тақдим этган маълумотларга кўра, бугунги кунда юртдошларимизнинг банклардан 490 триллион сўм, долларга ҳисоблаганда 38,8 миллиард доллар қарзи бор. Мамлакатимизда кредит фоизлари юқорилигининг бир қанча сабаблари бор. Айни вақтда юртимизда инфляция даражаси баланд. Инфляция даражаси баланд бўлган шароитда тижорат банклари паст фоизли кредит бера олмайди. Бундан ташқари, банкларда арзон ресурс йўқ. Битта арзон ресурс бу имтиёзли кредит. Уни давлат беради. Бундан ташқари риск юқори. Қанчадан-қанча имтиёзли кредитлар берилди. Буларни банклар қайтара олгани йўқ. Бунинг ортидан жуда катта қарздорлик юзага келди. Кейинги омиллардан бири валюта риски.
Ипотека кредити кўпчиликни уй-жойли бўлиш орзусига етказиш учун энг қисқа ва қулай йўлдир. Ривожланган мамлакатларда ипотека истеъмол кредитларининг асосий қисмини ташкил этади. Масалан, АҚШда ипотека кредитлари истеъмол қарзининг 70,2 фоизига тенг. Ўзбекистонда ипотека кредити жозибадорлиги камлиги боисдан унчалик оммалашмаяпти. Марказий банк ҳам 2024 йилда ипотека бозорида пасайиш кузатилганини қайд этди. Биринчи ярим йилликда жами 6 триллион 883,9 миллиард сўмлик ипотека кредити ажратилган. 2023 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 7,008 триллион сўмни ташкил қилган эди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Alg32UOm8jY?si=bp8uu9Jlz2K0VJXb" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА