Ўзбекистонда нега айнан ингичка толали пахта етиштиришга катта эътибор берилмоқда?
Мамлакатимизда пахта хомашёсини етиштиришда фермер, деҳқон хўжаликлари ва кластерларга бозор талабларига тўлиқ жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш учун барча имкониятлар яратиб берилган.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Сурхон воҳасининг иссиқ иқлими, унумдор тупроғи ингичка толали ғўза етиштириш учун айни муддао. Чунки, айнан ингичка толали пахта жуда иссиқ об-ҳаво шароити, сувсизлик, гармсел ва зараркунанда ҳашаротларга чидамлидир. Самарадорлиги ҳам бошқа навларга нисбатан 60 фоиз юқорироқ. Экспортбоплиги, юқори нархга баҳоланиши ва жаҳон бозорида талабгорлиги, тўқимачиликда эса пишиқ ип-калава, сифатли мато тайёрлашдаги аҳамияти сабаб ингичка толали пахта етиштиришга бўлган қизиқиш ортмоқда.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 мартдаги «Сурхондарё вилоятида ингичка толали пахта етиштиришни илмий асосда амалга ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳам ингичка толали ғўзанинг республика жанубий минтақалари тупроқ-иқлим шароитларига мос, серҳосил, тезпишар, касаллик ва зараркунандаларга бардошли, саноатбоп навларини яратиш ҳамда уруғчилигини йўлга қўйиш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилшодбек Назиров томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Ингичка толали пахтачилик илмий-тадқиқот институти олимлари Сурхон воҳаси иқлимига мос ингичка толали пахтанинг бир нечта янги навларини яратишга эришди.

– Ингичка толали пахта жуда қиммат туради, – дейди илмий-тадқиқот институти маслаҳатчиси, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент Мардонқул Тожиев. – Ингичка толали пахта иссиқсевар ўсимлик ҳисобланади. Атроф-муҳит ҳавоси, ирсий касаллик ва ҳашаротларга чидамлидир. Ҳозирда институтимизда бир неча янги навлар яратилган. Жумладан, янги яратилган "СП-1 607" навли пахта вилоятимизда 6 800 гектар майдонга экилмоқда. Бундан ташқари, "Термиз-2" нави 4 600 гектарга, "Сурхон-14" нави 3 500 гектарга экилиши режалаштирилган. Янги "Термиз-28, "СТ-1 651" навларини ҳам катта ер майдонларида етиштириш мўлжалланяпти.
Жорий йилда яратилган пахтанинг янги навларини 18 минг гектар майдонда етиштириш режалаштирилган. Об-ҳаво кескин ўзгариб, ҳарорат йилдан йилга ошиб, зараркунанда ҳашаротлар кўпайиб бормоқда. Тупроқ унумдорлиги ҳам пасайиб, сув танқислиги кузатиляпти. Шунинг учун фермерлар, кластерлар ва олимлар ҳамкорликда ишлаши керак.
Яратилган янги навларни кенг етиштиришда «Кластер Шеробод», «Ангор Замин» ҳамда «Жарқўрғон Жайхун» кластерлари билан ҳамкорликда ишлар йўлга қўйилган. Толаси саноатбоп, зараркунандаларга ва ташқи муҳитга чидамли навлар фермер ва кластерларга маъқул келди. Жумладан, 6 минг 80 гектар майдонга «СП-1607» ҳамда 5 минг 60 гектар ерга «Термиз-202» навларини экиш режалаштирилган.
– Юртимизда ингичка толали пахтани етиштириш учун қулай шароит бор, – дейди Ингичка толали пахтачилик илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Абдумурод Донобоев. – Хусусан, ингичка толали пахтанинг янги, нафис сифатлисини етиштириш учун Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларининг иқлими жуда мос келади. Бугун институтимизда юртимиздаги тўқимачилик корхоналарини сифатли тола билан таъминлаш борасида илмий изланишлар олиб борилмоқда ва янги ғўза навлари яратилмоқда. Айни пайтда институтимиз жамоаси томонидан пахтанинг 10 та янги нави яратилган бўлиб, улардан 5 тасини жойларда экиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ғўзанинг ҳосилдор, сифати жуда юқори ва ташқи таъсирга чидамли навларини 18 минг гектар ерга экиш учун бош уруғлар тайёрланиб, фермер ва кластерларга етказиб берилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА