Бугунги кунда суд тизимида жами 165 нафар аёл судья фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларнинг 83 нафари беш йил, 73 нафари ўн йил муддатга, 9 нафари муддатсиз даврга тайинланган судьялардир.
Бу тизимдаги раҳбар аёллар 37 нафар, аёл судьяларнинг 3 нафари юридик фанлари номзоди ҳисобланади. Умумий олганда Ўзбекистондаги судьяларнинг 13 фоизини аёллар ташкил этади. Бу ҳақида “Судьялар клуби – Аёл судьялар ҳамжамиятининг мақсад ва вазифалари” мавзудаги конференция шаклида ўтган тадбирда маълум қилинди.
Ушбу тадбир Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, унда суд-ҳуқуқ тизимида гендер тенглиги, аёл-судьялар ҳамжамиятининг асосий концепциясига оид масалалар кўрилди.