Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари бўйича миллий ва халқаро ҳамкорлар билан бирга тизимли ишлар амалга оширилди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича сезиларли натижаларга эришилди. Бу халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётир.
Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастурининг “Йўл харитаси” муҳокамасига бағишланган халқаро давра суҳбатида бу алоҳида қайд этилди.
Сенат раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева меҳнат муносабатларини такомиллаштириш ҳамда соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ишларига тизимли ва комплекс ёндашилганини таъкидлади.
- Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорлик бутунлай янги босқичга кўтарилди, - деди Т.Норбоева. - Меҳнат муносабатларини такомиллаштириш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг тарғиб этиш бўйича қатор лойиҳалар ва дастурлар амалга оширилмоқда. Меҳнат муносабатлари тизими тубдан такомиллаштирилди. Соҳага халқаро стандартлар жорий этилди. Фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари изчил таъминланмоқда. Бизнинг биргаликдаги фаолиятимиз амалий хусусиятга эга. Ижобий ўзгаришларни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ҳис қилиши учун аниқ чора-тадбирлар давом эттирилади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун бюроси директори О.Кулаева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси К. Рафиқов ҳамда Ўзбекистон иш берувчилари конфедерацияси раиси И.Ҳайдаров Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо давлат сифатида халқаро мажбуриятларига тўлиқ ва қатъий амал қилиб, меҳнат муносабатларини ривожлантириш бўйича изчил ҳамкорликни амалга ошираётганини таъкидлади.
Халқаро меҳнат ташкилоти билан биринчи йирик дастур “2014-2016 йилларга мўлжалланган ва кейинчалик 2020 йилга қадар узайтирилган “Ўзбекистонда муносиб меҳнат дастури” бўлди. Унинг ижроси тўлиқ бажарилган ва соҳани такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Давра суҳбати иштирокчилари ушбу йўналишда янги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 2021 йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган «Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги мамлакат дастури» ва уни 2022-2023 йилларда амалга ошириш “Йўл харитаси” юзасидан ўз фикрларини билдирди.
“Йўл харитаси”да муносиб меҳнат шароитларини такомиллаштиришга қаратилган 50 дан ортиқ тадбирлар режалаштирилган. Улар меҳнат қонунчилигини халқаро стандартларга мослаштириш, норасмий бандликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш каби масалаларга қаратилган.
“Йўл харитаси” мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларини тарғиб қилишнинг ўзига хос асосий формуласига айланди. Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш учун янги имкониятларни очиб беради. Шунингдек, иқтисодий имкониятларни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратишга, энг муҳими, иқтисодиёт, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришга хизмат қилади, – деб таъкидлади Т.Норбоева.
ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Бюроси директори О.Кулаева Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, меҳнат муносабатларидаги ўзгаришлар Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан юқори баҳоланишини қайд этди.
Хусусан, яқинда Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтган “Болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича 5-Глобал конференция”да халқаро конференция иштирокчилари томонидан болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар юксак баҳоланган. Соҳада эришилган натижалар мамлакатда муносиб меҳнат тамойилларини жорий этишда, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши, шунингдек Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатлар учун намуна бўлиши лозимлиги таъкидланган.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда миллий ва халқаро экспертлар, мутасадди вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирок этди. Улар гуруҳларга бўлинган ҳолда “Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича янги мамлакат дастури”ни 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасини қайта кўриб чиқди. Дастурни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА