Ўзбекистонда мультимодал логистика терминали қурилади
WAM ахборот агентлиги, “Al-Khaleej”, “Emarat Al-youm”, “Al-bayan.ae” каби етакчи нашрлар бош қароргоҳи Бирлашган Араб Амирликлари Дубай шаҳрида жойлашган “DP World” халқаро логистика компанияси пойтахтимиз ҳокимлиги ҳузуридаги “Тошкент инвест” шўъбаси билан қўшма корхона тузганини ёритди.
– Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг логистика инфратузилмасини ривожлантириш, республикани минтақавий савдо марказига айлантириш йўлидаги муҳим қадамдир, – дейилган мақолада. – Янги Ҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат ҳудудида жойлашган янги терминал Марказий Осиё миқёсида боғланиш, самарадорлик ва бизнес юритиш учун қулайлик яратади, мамлакат иқтисодиёти диверсификацияси, саноат ривожини қўллаб-қувватлайди.
Шартномага кўра, “Тошкент инвест” қўшма корхонага 15, “DP World” 85 фоиз ҳисса қўшади. Уч босқичдан иборат мазкур лойиҳага жами 288 миллион доллар йўналтирилди. Ташаббус доирасида тахминан 82 гектар майдонни эгаллайдиган халқаро транспорт-логистика хаби яратилади.
Тошкент мультимодал логистика терминали таркибида контейнердаги ва пардали юк учун темир йўлдан кириш имконига эга қуруқ порт, божхона расмийлаштируви ҳудуди, автотранспорт воситалари учун жой, юк машиналари тўхтайдиган алоҳида майдон, замонавий омборлар, сақлаш муддатини қисқартириш ҳисобига товар етказиб бериш занжири орқали ҳаракатланишни тезлаштиришга мўлжалланган махсус тарқатиш марказлари барпо этилади.
Дастлабки босқичда темир йўл вокзали, 2026 йил охири-2027 йил бошигача 63 000 квадрат метрлик омбор мажмуаси қурилади. Кейинчалик қўшимча ер майдони ажратилиб, омбор ҳудуди 163 минг квадрат метрга етказилади. Терминал махсус юк ташиш темир йўл бекати билан таъминланади. Бу юкни қайта ишлаш ва етказиб бериш жараёнини тезлаштиради, логистика харажатини камайтиради. Транспорт кесишмаси миллий темир йўл тармоғи, йирик автомобиль йўллари ва Тошкент халқаро аэропортига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлиб, автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида самарали мультимодал юк ташиш имконини беради.
Лойиҳа махсус саноат зонасида жойлашганлиги боис логистика, ишлаб чиқариш ва экспортни қайта ишлаш амалиёти интеграциясига ёрдам берувчи божхона ва солиқ имтиёзига эга бўлади.
– Ушбу ҳамкорликдаги лойиҳа Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги йирик логистика ва савдо марказига айланиш ғоясини қўллаб-қувватлашга содиқлигимизни тасдиқлайди, – деди “DP World” компанияси раиси ва бош ижрочи директори Султон Аҳмад бин Сулаййим. – Тошкент мультимодал логистика маркази минтақани жаҳон андозаси даражасидаги инфратузилма билан таъминлайди, бизнеснинг турли йўналишларида интеллектуал таъминот ва логистика имкониятини қўллаб-қувватлайди.
Ўз навбатида, Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов мазкур келишув транспорт-логистика хаби тараққиётининг бошланиши, пойтахт ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширишини таъкидлади.
Умуман, логистика ва портларни бошқариш бўйича жаҳон миқёсида тан олинган тажрибага эга “DP World” билан ҳамкорлик мамлакатимиз иқтисодиётига замонавий технологияларни жорий этиш, йирик инвесторларни жалб қилиш имконини беради. Жаҳон даражасидаги инфратузилмага эга Тошкент маҳаллий ва халқаро компаниялар эҳтиёжини қондириш учун янада кучли салоҳиятини намоён этади. “DP World” тармоғи бўйлаб юк ҳаракати осонлаштирилиши туфайли Тошкент терминали Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа ўртасидаги муҳим бўғинга айланади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА