Мавжуд қонунчиликка мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синфларида информатика фани, хусусан, 1-синфдан информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитилиши белгиланган. Бунда энг аввало мактабларда компьютер синфхоналарининг моддий-техник базаси кўздан кечирилиши талаб этилади. Ўтган 2023 йилда Тошкент шаҳридаги мактабларнинг барча компьютер хоналари ҳам хатловдан ўтказилганида, мавжуд 335 та мактабдан 258 тасида компьютер жиҳозларига эҳтиёж мавжудлиги аниқланган. Ушбу эҳтиёжни қоплаш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактабларга 304 дона компьютер синфхонаси тўплами жўнатилган. Ҳар бир тўплам 16 та компьютер, 1 дона принтер, кондиционер, интерактив доска ва сервердан ташкил топган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида педагог кадрлар малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш, тизимдаги ўқув биноларини қуриш ва таъмирлаш, малака синовлари жараёнларини изчил давом эттириш, таълимни рақамлаштириш ва IT таълимини ривожлантириш масалаларига бағишланган “Вазир соати” да маълум қилинишича, ўтган икки йил давомида 6 500 дан ортиқ мактаб синфхонаси замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланган, жорий йилда яна 1 минг 114 та мактаб синфхонаси жиҳозланиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, тизимдаги 160 та функцияни амалга ошириш жараёнларини рақамлаштиришга қаратилган 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Йиғилиш давомида Ҳилола Умарова ўқувчиларнинг билимли ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун педагогларнинг касбий билим ва маҳорати узлуксиз ошириб бориши зарурлиги ҳамда бу борада 2024 йилда 73 минг нафардан ортиқ педагогнинг малакаси оширилганлигини таъкидлаб ўтди.
Қайд этилишича, жорий йилда раҳбар ва педагог кадрларни касбий ривожлантириш йўналиши ҳамда мактабгача ва мактаб таълимининг яхлит малака ошириш тизими ташкил этилиб, малака ошириш муассасалари моддий-техник базаси такомиллаштирилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА