Бир неча кун давомида Сайхунобод тумани аҳли ҳаётини, турмуш кўникмаларини ўрганган мутахассис, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Мамасоатович Абдуқодиров билан суҳбат.
— Абдулла Мамасоатович, яқинда интернет сайтида чоп этилган мақолангизда ҳудудий хусусиятларни макроиқтисодий ва стратегик режалаштиришда ҳисобга олиш заруриятини асослаб бергансиз. Лекин, туманлар кесимига келсак, у ерда қандай ташкилий ва молиявий имкониятлар бор-ки, улардан фойдаланиш мумкин?
— Бугунги кунда туманлар ҳокимлиги “ҳоким ёрдамчилари” деган институт билан мустаҳқамланган бўлиб, улар ҳар бир маҳаллага алоҳида бириктирилган. Бу институт ўтган вақт давомида ўзининг кераклигини ва ўз вақтида тузилганини тўла исботлади. Айнан шу ёрдамчилар туфайли бошловчи тадбиркорлар давлат билан ўз муносабатларини тўла ишонч асосида олиб боришлари мумкинлигига ишондилар. Бугунги кунда ҳоким ёрдамчилари тадбиркорларга ишни қандай ташкил қилиш, бозорларни қандай топиш, айланма маблағлари учун қандай кредит ресурсларини жалб қилиш каби ўта муҳим ва аҳамиятли масалаларда ёрдам берувчи энг муҳим бўғин бўлиб қолмоқда.
Илгари бу ишлар давлат банклари ва уларнинг ходимларига топширилар эди, лекин бу банкларга хос фаолият эмас ва манфаатлар зиддияти юзага келаётган эди.
Ҳоким ёрдамчилари маҳалла еттилигининг таркибий қисми. Яъни ташкилий ва инсон ресурслари жиҳатидан маҳаллий бошқарув органларида етарли имкониятлар бор-ки, улар туфайли ҳар бир ҳудуддаги маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари, ҳар бир ёрдамга муҳтож оиланинг, хонадоннинг иқтисодий аҳволи ҳақида тўла объектив маълумотлар мавжуд.
Кейинги муҳим масала иқтисодий имкониятлар ва маҳаллий аҳолининг ўзининг позитив ўзгаришларга нисбатан шиддатини уйғотиш.
Бу борада ҳам кейинги йилларда кўп ишлар қилинди ва моддий қувватлаш 2 йўналишда бўлди – банклар ва давлат бюджети томонидан. Давлат маҳаллий тадбиркорлик ҳаракатини уйғотиб, уни ривожлантиришга кўп стимуллар, лифтлар яратди. “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёш тадбиркор”, “Тадбиркор аёл” дастурлари асосида юз минглаб оила ва ёш тадбиркорларга дастлабки тижорат фаолияти учун 2022 йилгача 10 дан ортиқ банклар, ундан кейин эса “Халқ банки”, “Агробанк” ва “Микрокредитбанк” томонидан жуда кўплаб кредит маблағлари ажратилди. Тўғри, баъзи ҳолларда берилган маблағлар мақсадга мувофиқ ишлатилмай, уларнинг қайтиши мураккаблашган. Лекин умумий тадбиркорлик ҳаракатининг қишлоқ ҳудудларида кўтарилиши ва халқнинг умумий даромадлари ошишига бу дастурлар сезиларли ҳисса қўшаётгани шубҳасиз. Асосий мақсад эса айнан шу эди.
Open Budget тизими доирасида ва бошқа манбалардан маҳаллий ҳокимиятлар ихтиёрида қолдириладиган маблағлар ҳажми ортиб бормоқда. Бу ҳам маҳаллий ҳокимиятнинг иқтисодий имкониятлари даражасини кўтармоқда.
— Кейинги вақтларда Сайхунобод тажрибаси ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу тажрибанинг асли моҳияти нимада?
Сайхунобод чўл зонаси бўлиб, асосий логистика йўлларидан четда қолган. У ерлар Совет даврида чўлни ўзлаштириш дастурлари асосида ўзлаштирилган ва қишлоқ хўжалиги ерлари айланмаси, яъни балансига киритилган. Табиий-ки, кўпгина чўл зонасидаги аҳоли каби, у ердаги аҳоли ҳам кўпроқ чорвачилик билан шуғулланиб, тирикчилик қилган, лекин бу айнан “тирикчилик” бўлган, яъни буни орқасидан ҳар бир оила ўз эҳтиёжлари аранг етадиган озуқа топган ва минимал даражада даромад кўрган. Йиллар давомида аҳоли сонининг ўсиши туфайли бу ерларда киши бошига даромад миқдори қисқариб, аҳолининг турмуш даражаси тушиб бораверган. Сир эмас-ки, ҳар бир худуднинг иқтисодий-ижтимоий ўсиши у ердаги ишлаб чиқариш кучларининг сони ва сифатига, ҳамда турли савдо йўналишларига яқин-узоқлигига боғлиқ.
Шунинг учун Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Сирдарёда иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари бўйича ҳозирги шароити ўртачадан паст, лекин ички имкониятлари катта бўлган бир худуд танлаб олиниб, у ерда наъмунавий тажриба сифатида маҳаллий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича маълум маънода эксперимент – ташаббус таклиф қилинди. Бу ташаббуснинг моҳияти қуйидагиларда жамланган.
Жумладан, томорқа ва ёрдамчи хўжаликдаги ер ресурсларини тадбиркорликнинг энг биринчи таянчи ва даромаднинг манбаи деб қаралиши. Яъни деҳқон ва фермерчилик ҳаракатининг давомий мантиғи сифатида, иқтисодиётга томорқа ва ёрдамчи хўжаликнинг ер ресурсларини жалб қилиш ташаббуси керак.
Томорқа ва ёрдамчи хўжаликдаги фаолият турларини диверсификация қилиш, яъни чорвачиликни деҳқончилик, боғдорчилик, асаларичилик, балиқчилик имкониятларини ривожлантириш билан тўлдириш, ўзини яхши кўрсатган иссиқхоналар ва пленка ортида парваришлар услублари асосида турли соҳаларда ўз касби устаси бўлган кишиларнинг илғор тажрибасини ёш бошловчи тадбиркорлар орасида тарқатиш, устоз-шогирд ҳаракатини рағбатлантириш лозим.
Тадбиркорликка қўл ураман деган ҳар қандай маҳаллий ташаббусни давлат банклари кредитлари ва маҳсулотни қисқа муддатда сақлаш имкониятлари (қоқи қилиш ва музлаткич ускуналари) ва сотиб беришга кўмаклашувчи институтлар орқали рағбатлантириш муҳим.
Турли сабаблар тадбиркорликни кенг кўламда олиб бора олмайдиган оилаларга маҳаллий ҳокимият резервлари ёрдамида минимал даромад манбаисини яратиш (мол, қўй, товуқ ёки ҳовлисила кичиқк бир иссиқхона қурилишида ёрдам бериш) шунингдек, марказлаштирилган ва вилоятнинг резервлаи ёрдамида маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, айниқса, йўллар ва маҳаллалар худудини энергия билан таъминлаш, ерларнинг умумий мелиоратив ҳолатини қувватлаш тизимини яхшилаш керак.
Айнан шу ишлар Президентимиз ташаббуси билан Сайхунобод туманида амалга оширилиб келминмоқда ва бу тажриба бора-бора бошқа ҳудудларга ҳам кенг тарқатилади.
— Нега айнан Сайхунобод?
— Бу саволга юқорида қисман жавоб бердим. Қўшимча қилиб шуни айтиш мумкин-ки, давлат раҳбари ҳудудни танлашда бир нечта мезонни ўртага ташлаган эдилар: бугунги кунда иқтисодий жиҳатдан нисбатан ортда, лекин ички потенциали юқори ҳудуд; аҳолиси нисбатан зич ва компакт яшайдиган ҳудуд (яъни ишлаб чиқариш кучлари етарли); қайсидир сабаблар туфайли аҳоли орасида тадбиркорлик руҳи кенг тарқалмаган. Энг муҳим мезонлардан бири – озгина давлат томонидан туртки берилган тақдирда ички имкониятларни кенг ривожлантириш потенциали мавжудлиги эди.
Умуман Сирдарё вилояти аҳолисига келсак, жумладан, Сайхунободга, у ерлардаги аҳолининг аксарияти Фарғона водийси ва Сурхондарё, Қашқадарё воҳаларидан кўчириб келинган. Яъни аҳоли бир-бирини бир неча авлодлар давомида узоқ йиллардан бери яхши танимайди, давлат томонидан бериладиган турли кўрсатмаларга амал қилиб ўрганиб қолган, асосий бойлиги шу давлат томонидан ажратиб берилган хусусий томорқа (чўл бўлгани учун бу ерда давлат ер ажратиш жараёнида жуда “Хотамтой”лик қилган. Кўп ҳолларда 3 та хонадоннинг ери 1 га майдонни ташкил қилади). Оқибатда Фарғона ёки Сурхондарё воҳаларига ўхшаб мустақил деҳқончилик амалиётлари, кўникмалари кенг ривожланмаган. Кўп жойларда ер заҳлиги юқори ва ер ости сувлари сатхи яқинлиги туфайли (Сирдарёнинг қадимги ўзанлари таъсири) кўпчилик беда экиб, фақат ўтроқ чорва билан шуғулланган. Йиллар ўтиб баъзи оилалар учун бу ягона даромад манбаи бўлиб қолган.
Бир вақтлар Сайхунобод худудида бир нечта сув йиғувчи коллекторлар мавжуд бўлиб, улар кўп йиллар давомида қаровсиз қолиб, ўз функциясини бажармай қўйган. Натижада ерларнинг заҳлиги кучайиб, ер ости сувлари янада кўтарила бошлаган, баъзи ерларда туз концентрацияси ошган.
Айнан ана шу тажриба давомида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан турли коллекторлар тозаланаяпти ва уларнинг фаолияти (жумладан, “Иттифоқ” маҳалласи худудида) қайта тикланаяпти.
Аминман-ки, Сайхунобод аҳли бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни кузатиб, шу жараёнларда бевосита қатнашиб, давлатчилигимиз ривожига бўлган умиди ва ишончи тобора ортиб бормоқда.
— Айнан шу масалани сўрамоқчи эдим. Сиз бир неча кунлар у ерларда бўлдингиз, аҳоли ва ҳокимият вакиллари билан учрашдингиз. Нималарни кузатдингиз? Қандай ўзгаришларни ўзингиз учун қайд этдингиз?
— Энг катта муаммо давлат томонидан мобилизация қилинаётган ташкилий ва пул маблағларида ҳам эмас экан.
Асосий муаммо – бу халқни ўз кучига ва имкониятларига ишонтириб, сал бўлсада тадбиркорлик таваккали кўникмаларига ўргатиш экан. Азали-обод хусусий мулк таъқиқида ва бутунлай давлат ҳимояси ва йўриғида яшаган халқда ўз тақдирини ўзи қўлига олиши мумкинлиги, оиласи учун даромадларни ўзи яратиши мумкинлигини сингдириш энг оғир масала. 30 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам, бу фурсат кўп ҳолларда инсониятдаги руҳий кўникмаларни ўзгартириш учун етарли эмас экан. Шаҳарларда бу муаммо деярли йўқ. Қишлоқда эса одамлар ерга бутунлай боғланиб қолган ва уни ўзининг энг катта таянчи деб билади. Лекин қизиғи шунда-ки, ердаги инсонлар ана шу ердан фойдаланиш масаласида ўта консерватив бўлади. Ота-бобоси бу ердан қандай фойдаланган бўлса, у ҳам айнан шу издан боради ва янги имкониятларни излашга уринмайди. Масалан, агар маълум бир худудда аксарият аҳоли маълум объектив сабабларга кўра (ер зах, ёки яйловлар яқин) чорва билан шуғулланиб ўрганиб қолган бўлса, уларни деҳқончиликка ўргатиш, муҳими шу таваккални қабул қилишга кўндириш жуда қийин масала!
Яна бир бор амин бўлдим-ки, мамлакат ривожи учун табиий ёки моддий бойликлар мавжудлиги энг катта фактор эмас экан. Одамларнинг руҳияти ва уларнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қила олишига ишончи – энг катта омил экан.
Мен Сайхунободда “Иттифоқ”, “Нуробод”, “Мустақиллик”, “Гулбулоқ” маҳаллаларига шахсан бордим, хонадонларга кириб, уларнинг эгалари билан Президент ташрифи арафасида ва ундан кейин ҳам суҳбат қилдим.
Сезган нарсам – одамларда кўтаринки руҳ, кўзларида бир қатъийлик ва лабларида табассум. Қишлоқ аҳолиси ҳукуматнинг эътиборини кўриб “талтай”маган. Улар бунчалик эътиборни кўриб, жуда мағрурланаяпти ва муҳими, шу эътиборга лойиқ ҳаракат ва натижа кўрсатишга бел боғлаган. Натижа-ки, хўжакўрсинга ёки катта гаплар шаклида эмас, оддийгина, ўзларининг турмуш шароитини яхшилаш ва томорқаларидан келадиган даромадларини ошириш мақсадида. Ёшу қари билан гаплашсанг, кўзида табассум ва қатъийлик билан гапирган гапларининг умумий маъноси шу-ки, “Эътибор ва ёрдам учун раҳмат. Биз бироз қимтаниб турган масалаларга туртки ва амалий ёрдам берилди. Энди гап ўзимизда!”
Албатта, ҳокимият ва банк вакиллари учун ҳам ташвиш анча кўпайди. Маҳаллалар ичига кириб, ҳар бир хонадон билан гаплашиб, уларнинг эҳтиёжи ва имкониятини ўрганиш учун оз вақт ва диққат талаб қилинмайди. Лекин ҳар бири ўша халқнинг фарзанди ва қилаётган иши қўшниси, дўсти ва қолаверса, узоқ қариндошининг манфаати учун бўлаётганини яхши тушунади, бундан ҳатто фахрланади ҳам.
Менимча, айнан ана шу ўзгариш, яъни халқнинг кўзидаги ишонч ва дадиллик Президент ташрифидан кейинги энг катта ўзгариш.
— Шу ташрифлар давомида нималар Сизни ташвишга солди?
— Мени ташвишга солган нарса бу масъулиятлар тақсимотида йўлга қўйилаётган камчиликлар. Энг катта муаммолардан бирини тадбиркор ва банклар ўртасидаги муносабатларда кўраман. Кўп ҳолларда биз яна ўша эски амалиётга, банк ходимларига хос бўлмаган функцияларни бажаришга мажбурлаяпмиз. Бизнес ғоясини ишлаб чиқиш, бизнесни бошлашга керак бўлган воситалар, жумладан, моддий ресурслар хажмини ҳисоблаб чиқиш банк ва унинг ходимларининг иши эмас. Буни ўша ишини бошлаётган тадбиркор ҳоким ёрдамчиси амалий кўмаги билан бирга ишлаб чиқиши ва банкка мурожаат қилиши керак.
Иккинчи томондан, банкларда ҳам катта таваккаллар (рисклар) мавжуд. Улар илгари кредит олиб, уни қайтармай, “қора рўйхатга” тушган тадбиркорлар билан илгаригидек ишончли ҳамкорликни юрита олмайди, кредит ресурсларини ҳам автоматлашган тизим талаблари туфайли ажрата олмайди.
Учинчи масала шунда-ки, Сайхунободда бугунги кунда фақатгина “Халқ банки" ва “Агробанк” маҳаллий тадбиркорларга “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида микрокредитлар ажрата олади. Лекин, биргина кичик хажмли иссиқхоналар ва боғдорчилик учун экинлар сотиб олишга 33 млн сўмдан 2000 тадбиркорга кредит ажратиладиган бўлса ҳам, камида 66 млрд сўмлик, 7 йил муддатга бериладиган нақд маблағ керак. Бу ҳар қандай тумандаги кичик бир банк филиали учун жуда катта маблағ.
Агар ҳар бир мижозга камида 4 соат вақт ажратилган тақдирда ҳам, 2000 та кредитни расмийлаштириш учун 20 та банк ходимининг 50 кунлик меҳнати керак бўлади. Яъни бугунги кунда Сайхунободда зудлик билан Микрокредитбанк филиали очилмаса, биргина “Халқ банки” ва “Агробанк” имкониятлари билан шундай кенг қамровли масалаларни ечиб бўлмайди.
Иккинчи бир катта масала: бугунги кундаги ташаббускор ва кўтаринки руҳ мавжудлиги шароитида мавжуд эҳтиёж ва имкониятларга тўғри баҳо бериш ҳам осон эмас. Бугунги шароитда бажарилиши осон туйилган, лекин амалиётда кераги бўлмаган ишларни режалаштириш хавфи бор. Масалан, кичик хажмли иссиқхоналар, товуқхоналар ва боғларни сонини режалаштиришда умумий хонадонлар сони эмас, хақиқий қизиқиш билдирган ва амалда эҳтиёжи бўлган хонадонлар сонидан келиб чиқиш маъқул.
Учунчи бир катта блоклик масала: йўл, энергетика ва қишлоқ хўжалиги инфраструктурасини яратишда марказ ва вилоят имкониятларини уйғунлаштириш. Масалан, мелиорация талаблари бўйича катта-катта зовурларни тозалаш ва уларнинг фаолиятини тиклаш, маҳаллалар ичидаги йўлларни тиклаш мунтазам ва кўп йиллик эътиборни талаб қилади. Демак-ки, вилоят ва марказдан бюджет маблағларини, ишлаб чиқариш ресурсларини тақсимлашда алоҳида аниқлик керак.
Аминман-ки, вилоят раҳбарияти бу муаммоларни жуда яхши ҳис қилади ва тегишли ишларни собитқадамлик билан амалга оширади.
Суҳбат учун ташаккур.
ЎзА мухбири суҳбатлашди.