Ошқозон-ичак трактининг микрофлораси, инсон саломатлигида муҳим рол ўйнайди: у овқат ҳазм бўлишига ёрдам беради, иммунитет тизимини фаоллаштиради, микрофлоранинг мувозанатини сақлайди ҳамда инсон ва ҳайвонлар соғлиғининг бошқа кўрсаткичларига фойдали таъсир кўрсатади.
Замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ичакдаги микроорганизмларнинг номутаносиблиги организмда вазн ортиши, қондаги қанд миқдори, холестерин, депрессия ва бошқа касалликларга олиб келиши мумкин. Маълум бўлишича, "COVID -19" касаллигининг оғир кечиши, ичак микрофлораси билан ҳам боғлиқ.
Микрофлорани нормал сақлаш ёки тиклашнинг енг самарали усулларидан бири бу пробиотик препаратларни қабул қилишдир, улар инсон организми учун фойдали микроорганизмлардан иборат. Фойдали микроорганизмлар овқат ҳазм қилишда иштирок етадиган ферментларни синтез қилади, глюкоза, витаминлар, микробларга қарши моддалар ва организмнинг ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган бошқа бирикмаларни парчалайди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институтида пробиотик микроорганизмлар асосида биологик фаол "Лактопрополис-AWL" қўшимчаси яратилди. Бу ҳақда академия матбуот хизмати раҳбари Моҳира Жуманова маълум қилди. Бу биологик фаол қўшимчанинг дунёда ўхшаши йўқ, чунки у ошқозон яраси Ҳеликобактер пилори қўзғатувчисини фаол равишда бостирадиган микробларга қарши оқсил бирикмаларини синтез қилувчи ва шу орқали инфекцияни даволаш самарадорлигини оширувчи пробиотик микроорганизмларнинг маҳаллий ноёб штаммларидан иборат. Микроорганизмларнинг хусусиятлари узоқ вақтдан бери самарали биологик бирикма сифатида танилган прополиснинг биологик фаол фракциялари қўшилиши билан кучайтирилади.
– Препаратни ишлаб чиқаришни ташкил етиш учун Ислом тараққиёт банкининг Трансформаторлар жамғармасидан грант олинди ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти билан биргаликда хусусий маблағлар жалб қилинди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Инновацион ишланмалар ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, шунингдек, давлат бюджетидан тижоратлаштиришга етказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан "AllWellLab" экспериментал ишлаб чиқариш майдончаси яратилди, – дейди М.Жуманова. Илмий тадқиқотлар ушбу ноёб бирикма препаратнинг қўшимча фойдали хусусиятларини беришини кўрсатди. У Ҳеликобактер.пилори колонизациясини пасайтиради, ошқозон яллиғланишини сусайтиради, яллиғланган тўқимани қайта тиклаш хусусиятга эга (у ошқозон ярасининг даволаниш вақтини импорт маҳсулотларга нисбатан 2 баравар қисқартиради), шунингдек иммунитет тизимининг самарали фаолиятига ёрдам беради.
Ушбу биологик фаол қўшимчадан фойдаланиш, меъда ярасини кучайишининг мавсумий қайталанишини самарали даволаш ва олдини олишга ёрдам беради.
Ҳозирги кунда 4минг қадоқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилди, улар дорихоналар тармоғига етказиб берилди ва Ўзбекистон бозорида муваффақиятли сотилмоқда.
Дарвоқе, илмий изланишлар доирасида кейинги ишлаб чиқариш учун 3 номдаги – антидиабетик, антиоксидант ва Б гуруҳ витаминларини синтезловчи хусусиятларга эга пробиотик препаратлар тайёрланмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА