Ўзбекистонда кўмирга муқобил пеллет ёқилғисини ишлаб чиқаришга тараддуд кўрилмоқда (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Энергетика вазирлиги томонидан Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод ва Хоразм вилоятининг Хива туманида пеллет маҳсулотини ишлаб чиқариш лойиҳасини татбиқ этиш белгиланган.
Шу қарорга асосан мамлакатимизда яна бир хайрли ишга қўл урилди. Бугунги кунда ушбу лойиҳа асосида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида қишлоқ хўжалиги фойдаланишидан чиқарилган 1000 гектар суғорилмайдиган ер майдонида павловния ва бошқа тез ўсувчан дарахтлар плантацияси барпо этилмоқда.
Ушбу янгилик ва тажриба билан яқиндан танишиш мақсадида бир гуруҳ журналистлар Энергетика вазирлиги масъуллари ҳамроҳлигида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида бунёд этилаётган плантациясида бўлди.
Куннинг жазирамасига қарамай, пресс-тур иштирокчилари учун ушбу чўл ҳудудида барпо этилган павловния плантациясига ташриф янада қизиқарли бўлди. Негаки, бу ерда ҳар бир қилинган иш ва яратилган яшил майдон билан боғлиқ фактлар катта янгилик экани билан эътиборимизни тортди.
Пресс-тур давомида масъулларнинг айтишича, ушбу лойиҳани татбиқ этиш ва бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳузурида “Био-пеллет” МЧЖ ташкил этилган. Плантацияда экиш учун кўчат етказиб бериш, экиш ҳамда уларнинг парвариши билан боғлиқ юмушларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида мазкур йўналишда етарлича тажрибага эга бўлган “Dripflex” МЧЖ билан шартнома тузилган. Шартномага мувофиқ, ажратилган ер майдонига 2 миллион 914,4 минг туп (шундан 800 гектарга 2 миллион 666,4 минг туп калифорния тераги ҳамда 200 гектарга 250 минг туп павловния) тез ўсувчи кўчатлар экилиши ва кўчатларни томчилатиб суғориш тизимини яратиш кўзда тутилган.
Хўш, ушбу плантация қайси мақсадларда барпо этилди? Мутахассисларнинг таъкидлашича, павловния дарахти ва калифорния тераклари етиштирилиб, уларни қайта ишлаш эвазига пеллет (ёғоч гранула ёқилғиси) ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Кўмирга муқобил сифатида кўриладиган ушбу пеллет ёқилғиси экологик жиҳатдан тозалиги билан ажралиб туради. Яна бир жиҳати, пеллет кўмирнинг ўрнини тўлиқ боса олади.
Шу сабабли, бугун ҳар жиҳатдан пишиқ ва пухта ўрганилган тажрибани ҳаётга татбиқ этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бир томондан белгиланган ҳудудларда ушбу тез ўсувчи кўчатларни парваришлаш ва яна экиш ишлари давом эттирилмоқда. Иккинчи томондан эса ишлаб чиқаришга тараддуд кўрилаётир. Ҳозирги кунда мамлакатимизга 2 та пеллет (ёғоч гранула ёқилғиси) ишлаб чиқариш қурилмалари келтирилди ва улар Хоразм вилоятининг Хива ҳамда Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманларида ишга туширилди. Айни вақтда Хива туманида ўрнатилган қурилма ишлаб чиқаришга тайёр ҳолатда. Бу ерда пеллет ишлаб чиқариш жараёни синовдан муваффақиятли ўтди.
“Био-пеллет” МЧЖ директори Аброр Ҳошимовнинг сўзига кўра, павловния плантациясини яратиш учун Сирдарё вилояти ҳокимининг тегишли қарори билан Мирзаобод туманидаги “Баҳористон” МФЙ ҳудудидан 1025,8 гектар ер майдони ажратиб берилган. Сув муаммо бўлгани учун кейинги йилларда бу майдонда экин экилмаган.
–Дастлаб тегишли вазирликлар масъуллари иштирокида ушбу ҳудуднинг ер тузилиши ўрганилди. Унга асосан шу ерга мос келадиган павловния ва калифорния теракларини экиш режалаштирилди. Бугунги кунда 374 гектар ер майдонига қарийб 1 миллион туп кўчат экилган. Айни пайтда экилган кўчатлар парваришланмоқда. Бу ерда томчилаб суғориш ишлари ҳам тўлиқ жорий қилинган. Бу кўчатлар тез ўсувчан дарахтлар ҳисобланади. Мақсад келажакда пеллет ишлаб чиқаришдир. Пеллет бу кўмирнинг ўрнига муқобил ёқилғи ҳисобланади. Масалан, ундан иссиқхоналар, мактаблар, боғчалар, ижтимоий объектлар учун ёқилғи сифатида фойдаланиш мумкин, –деди А.Ҳошимов.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, нафақат павловния дарахти ва калифорния теракларидан, балки қамиш, ёнтоқ, ғўзапоя, сомонлардан пеллет ишлаб чиқариш мумкин. Ҳозир бу бўйича ҳам тажрибалар ўрганиляпти. Негаки, павловния дарахтини етиштириш учун 5-6 йил керак бўлади. Шу боис, бу муддатни кутмай, кейинги йилда қамиш, ёнтоқ, ғўзапоя, сомонлардан пеллет ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
“Dripflex” МЧЖ иш бошқарувчиси Камолхон Саидов ушбу плантацияга экиш учун кўчат етказиб бериш, экиш ҳамда уларнинг парвариши ҳақида сўз юритди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GKX5JOXp6nU" title="O‘zbekistonda ko‘mirga muqobil pellet yoqilg‘isini ishlab chiqarishga taraddud ko‘rilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>– Бугунги кунга қадар 374 гектар ер майдонига 916,8 минг туп кўчат экилган. Майдоннинг 217 гектарига 720,5 минг туп калифорния тераги, 157 гектарига 196,3 минг туп павловния тез ўсувчи кўчатлар экилиб, улар учун томчилатиб суғориш тизими яратилди. Кўчатлар навбатма-навбат минерал ўғитлар қўшилган ҳолда суғорилмоқда. Кузги мавсумда кўчат экиш ишлари яна давом эттирилади ва бу жараён 2025 йилда тўлиқ якунланади. Лойиҳа туфайли шу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолидан 60 нафари доимий иш билан таъминланди. Мавсумий ишларда 400 гафарга яқин фуқаро жалб қилинди. Ўтган мавсумда экилган павловния кўчатлари ҳозир 2-3 метргача ўсди. Беш-олти йил ичида уларнинг узунлиги 18 метргача ўсади. Павловния дарахтлари асосан кечқурун суғорилади, – деди К.Саидов.
Плантациянинг суғориш тизими тўлиқ йўлга қўйилганидан сўнг маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир оилага бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришлари ва ўзлари учун даромад манбаини яратишлари учун 1 гектаргача ер майдони ажратиб бериш ҳам назарда тутилган. Аҳоли вакиллари дарахт кўчатлари ораларида мош, ловия сингари дуккакли ўсимликларни, қовун, тарвуз, ошқовоқ каби полиз маҳсулотларини етиштиришлари мумкин бўлади.
“Баҳористон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Яккатут маҳалласида яшовчи Лола Алламуродова ушбу лойиҳа ташкилотчиларига ўз миннатдорлигини билдирар экан, ушбу чўл ҳудудида бундай яшиллик яратилганидан ҳайратини яширмади.
–Очиғи, бу ҳудудда кўчатларнинг тутиб кетишига ишонмаган эдик. Ҳатто ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Негаки, сув муаммоси бор хароба жой бугун яшил майдонга айланмоқда. Шу билан бирга, кўплаб ҳамқишлоқларим иш билан таъминланди. Бу эса қишлоқ аҳолиси учун катта ёрдам бўлди. Ўзим ҳам барака топдим. Ҳар куни 8-9 соат ишлаймиз. Ишчилар учун тушлик берилади. Тўрт кунда бир оила 1 миллион 200 минг сўм ойлик оляпти. Ўзим ҳам тўрт кунда 800 - 1 миллиондан зиёд ойлик оламан, – деди Л.Алламуродова.
Энергетика вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, плантацияда экилган кўчаларни суғориш учун Жанубий Мирзачўл каналидан 20 минг метр масофадан диаметри 400 мм бўлган полиэтилен қувурлар орқали сув келтирилади. Айни кунларда қувурлар учун траншеялар кавлаш ҳамда қувурларни пайвандлаб, траншеяга кўмиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бу юмушлар жорий йилда тўлиқ якунланади.
[gallery-18604]
Мирзаобод тумани Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси мутахассиси Фозил Юсуфалиев ушбу лойиҳада сувни тежаш бўйича эришиладиган натижаларга урғу берди.
–Плантацияда суғориш учун олтита ҳовуз бунёд этилган ва олтита трансформатор ўрнатилган. Ушбу кўчатларни минг гектар ерга экиш сарҳисобига кўра, 2 миллион 700 метр куб сув, 150 тоннагача ўғит, 30 тоннагача ёқилғи, 700 миллион сўмгача ишчи кучи ва механизация ишидан 600 миллион сўмгача маблағ тежалиши кутилмоқда. Ҳовузларнинг ҳажми 40/50, чуқурлиги 10 метр бўлиб, уларнинг ҳар бирида иккитадан насос фильтрлари мавжуд. Энг муҳими, бу эзгу ишлар натижасида чўл ҳудудимиз яна қайта жонланаётгани кишини қувонтиради, – деди Ф.Юсуфалиев
Мутахассисларнинг Сирдарёда бошланган янги тажриба ҳақида фикрларини ва плантацияда амалга оширилаётган ишларни кўриб, инсониятнинг ҳар қандай ишларни амалга оширишга қодирлиги, ижодкорлиги ва яратувчанлигига фақат таҳсин айта оламиз. Бугун мамлакатимизда “яшил” энергетика жадаллик билан ривожланаётган бир пайтда, яқин келажакда кўмирнинг ўрнини унинг муқобили бўлган экологик тоза маҳсулот – пеллет бутунлай эгаллашига сира шак-шубҳа қилмаймиз.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири