Юртимизда спортни ривожлантириш, мусобақалар ўтказиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, инвестициялар киритиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бу, кўплаб комплекс мусобақалар дастурига киритилаётган киберспорт ривожини мамлакатимизда янги босқичга олиб чиқиш ва Ўзбекистонда нуфузли мусобақаларни ўтказиш учун кенг имкониятлар тақдим этиши билан аҳамиятлидир.
Миллий олимпия қўмитаси ва PUBG MOBILE асосчиси — “Tencent” компанияси ҳамкорлигида мазкур тизимни ривожлантириш, мусобақалар ташкил этиш, инфратузилмани кучайтириш мақсадида 4 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш назарда тутилмоқда.

Айтиш лозим, жорий йилнинг 10–13 апрель кунлари пойтахтимиздаги “Renaissance Hall” майдонида PUBG MOBILE бўйича халқаро турнир бўлиб ўтади.
Унда 15 давлатнинг минг нафардан ортиқ иштирокчиси умумий мукофот жамғармаси 500 минг АҚШ долларидан иборат турнирда баҳс олиб боришади.
Куни кеча Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ва МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов турнирнинг ташкилий жиҳатлари масаласида Ўзбекистон киберспорт ассоциацияси вакиллари билан учрашди.

Мулоқот чоғида нафақат юртимизда, балки Марказий Осиё ҳудудида PUBG MOBILE оламидаги энг йирик турнир сифатида кўрилаётган тадбирнинг техник жиҳатлари муҳокама қилинди.
Миллий олимпия қўмитасининг киберспорт йўналишидаги фаолиятини кучайтириш ва унга сармоя жалб қилиш стратегияси йўлида муҳим қадам бўлган тадбир давомида мусобақа ҳомийлари томонидан ғолиблар учун пул мукофотларидан ташқари, автомобиллар ҳам тақдим қилиниши режалаштирилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА