Қарор ва ижро
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қарши курашиш, бу борада чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалий натижаларга эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Камбағалликни қисқартириш сиёсатини юритиш департаменти директори Илҳом МАМАТҚУЛОВ билан суҳбати юртимизда камбағалликни қисқартириш, уни ҳисоблашнинг мезони ва усуллари қай тартибда белгиланиши ҳамда бу борадаги дастлабки натижалар юзасидан бўлди.
– Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш йўналиши 2020 йилда давлат сиёсати даражасига кўтарилди, – деди Илҳом Маматқулов. – Президентимиз томонидан муваффақиятли халқаро тажрибадан келиб чиқиб, камбағалликни қисқартиришнинг таъсирчан воситаларини амалиётга жорий этиш, уни ҳисоблашнинг мезон ва усулларини ҳамда узоқ муддатга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқиш каби қатор вазифалар белгилаб берилди.
2020 йилнинг 23 сентябрида Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Ассамблея навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклифи берилгани фикримизга яққол мисолдир.
– Камбағаллик тушунчаси нима ва у қайси мезонлар асосида белгиланади?
– Камбағаллик тушунчаси, унинг халқаро мезонлари қай тартибда белгиланиши борасида жаҳонда умумқабул қилинган ҳамда ягона келишув мавжуд эмас. Ҳар бир мамлакат ўзи учун белгиланган камбағаллик мезонидан келиб чиқиб тавсифлайди.
Хусусан, БМТ таърифига кўра, камбағаллик инсоннинг ҳаёти давомида танлов ва имкониятларга эга бўлмаслиги, жамиятда тўлақонли иштирок этиш учун тўсиқларнинг мавжудлиги, бундан ташқари, оиласини боқиши ва кийинтириши, таълим олиши ёки касалхонада даволаниши, бирор соҳада фаолият юритиши ёки даромад олишга имкон берадиган меҳнат билан таъминлаш имкониятлари етишмаслиги каби чекловларда намоён бўлади.
Шунингдек, камбағаллик бу – инсонлар, уй хўжаликлари ва жамоаларнинг ижтимоий жиҳатдан чегараланганлиги, хавф-хатарлар олдида чорасизлигидир (БМТ Европа Иқтисодий комиссиясининг “Камбағалликни ўлчаш бўйича қўлланма”сидан, 2017 йил Нью-Йорк, Женева).
Бундан ташқари, Жаҳон банки томонидан барча давлатлар учун 2011 йилдаги нархларда камбағаллик чегараси мамлакатлар аҳолиси даромадларидан келиб чиқиб, паст, ўрта ва юқори даражаларига мувофиқ харид қобилияти паритети бўйича(purchasing power parity) 1,9, 3,2, 5,5 ва 21,7 АҚШ доллари этиб белгилаш тавсия этилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, алоҳида қабул қилинган камбағалликни аниқлаш услубиёти асосида жами даромади (ёки харажати) белгиланган камбағаллик чегарасига етмаган аҳоли қатламини камбағал аҳоли деб эътироф этиш мумкин.
– Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича илгари сурилган қандай комплекс ёндашув ва ностандарт усуллар амалиётга жорий этилмоқда?
– Мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришнинг институционал асослари яратилиб, ушбу масалаларни мувофиқлаштирувчи вазирлик ҳамда шу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб борувчи илмий марказ ташкил этилди.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда бевосита камбағалликни қисқартириш борасида халқаро ташкилотлар (БМТ тараққиёт дастури, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, ЮНИСЕФ ва бошқа), молиявий институтлар (Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки) ҳамда ушбу йўналишда илғор тажрибага эга мамлакатлар илмий марказлари (Хитой камбағалликни қисқартириш халқаро маркази) билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирда вазирлик томонидан қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликка қарши курашиш масалаларини БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган Глобал саммитни ўтказиш тўғрисидаги концептуал материаллар тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилда ШҲТ доирасида камбағалликка қарши курашиш мавзусида Халқаро конференция ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш бўйича идоралараро ишчи гуруҳини шакллантириш, Халқаро конференция концепциясини тайёрлаш бўйича изчил тадбирлар олиб борилмоқда.
Вазирлик ва Хитойдаги Халқаро камбағалликни қисқартириш маркази ўртасида камбағалликни қисқартириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш йўналиши жараённи шаффофлилиги, натижадорлиги ва манзиллилигини таъминлаш мақсадида давлат ижтимоий хизмат ва ёрдамларини автоматлаштирилган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали тақдим этиш амалиётга жорий этилди. Унинг функционал имкониятлари кенгайтирилиши натижасида кўрсатиладиган давлат ижтимоий хизматлари сони 30 тага етказилиши белгиланган.
– Ҳудудларда жорий этилаётган “Маҳаллабай” ишлаш тизими қандай самара бераяпти?
– Ҳаммамизга маълумки, “Маҳаллабай” иш тизимининг ташкил этилганлиги бу аслида камбағалликни қисқартиришнинг ностандарт усулларидан бири саналади. Мамлакатимизда мазкур масалага ўзига хос тарзда ёндашилмоқда, яъни илғор хориж тажрибасини пухта ўрганган ҳолда ички ижтимоий-иқтисодий имконият ва хусусиятлардан келиб чиқиб, ҳудудларда камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ишларни амалга ошириш имконияти яратилмоқда.
Жорий йилда даромад топишга қаратилган тадбиркорлик интилишларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда “Маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш орқали аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Маҳаллабай” ишлаш тизимида қуйидаги устувор йўналишларга эътибор қаратилади. Бунда оилаларнинг даромад манбаларини, шу жумладан, томорқа ерлардан фойдаланиш ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини «хонадонбай» ўрганиш, банд бўлмаган аҳолининг, айниқса, ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи курсларга йўналтириш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланишга амалий кўмаклашиш, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари ва стартап ғояларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган кредитлар ажратиш режалаштирилган.
Шунингдек, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари”ни (ихтисослашув йўналишларини) аниқлаш ва янги тадбиркорликни, шу жумладан, “драйвер” лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускорларга кўмаклашиш ва шу орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш, мавжуд имкониятларни (бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ер майдонлари ва бандликнинг анъанавий соҳалари) ўрганиш ва улардан самарали фойдаланиш орқали жойларда тадбиркорлик, инвестициявий ва рақобат муҳитини яхшилаш; самарадорлик ва даромадлилик тамойилларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга сифатли хизмат кўрсатиш, маслаҳат бериш ва бизнес-режаларни тайёрлаш учун банкларнинг қуйи бўғин ходимларини тўлиқ қайта тайёрлаш орқали мижозга йўналтирилган хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш кабилар бу жараёндаги муҳим вазифалардир.
Мазкур тизимнинг самарасига тўхталадиган бўлсак, “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида қуйидаги ишлар амалга оширилди. Масалан, ҳар бир маҳаллани комплекс ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. “Маҳаллабай” ишлаш тизимини самарали ташкил этишни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида эксперимент тариқасида “Маҳаллабай ишлаш маркази” ташкил этилди (йил якунигача вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида босқичма-босқич ташкил этилади).
Сўровномалар асосида 1,6 миллион нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз аҳолидан 825,9 минг нафарининг ишлаш истаги борлиги аниқланди (380,8 минг нафари, шундан, 149,1 минг ёшлар ва 140,7 минг хотин-қизлар бандлиги таъминланди). Касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиш истагини билдирган 176,4 минг нафар аҳолидан 92 минг нафари турли хил касб-ҳунарларга ўқитилди. Тадбиркорлик субъектларининг 60 мингга яқин муаммолари аниқланиб, улардан 29,8 мингтаси ҳал этилди. 148,8 минг тадбиркорлик субъектига 3,6 триллион сўм кредит ажратиш орқали 162,6 минг янги иш ўрини яратилди. Фойдаланилмай келинаётган 4,8 минг гектар томорқа ерлардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди.
Айни дамда эса “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг электрон базасини ишлаб чиқиш ҳамда вазирлик ва идораларнинг ўзаро интеграциялашган ахборот алмашинуви тизимини яратиш ишлари олиб борилмоқда.
– Пандемия шароитида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида жойлардаги 4 та сектор, маҳалла органлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда депутатлар билан биргаликда камбағал ва моддий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати – “Темир дафтар” тизими ташкил этилди. Ушбу тизим ўзини қай даражада оқламоқда?
– Ҳа, албатта. Мазкур тизимнинг шаффофлигини таъминлаш, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган ва сектор раҳбарлари томонидан алоҳида назоратга олинган оилаларни қайд этишга мўлжалланган saxovat.argos.uz дастури ишга туширилиб, оилаларнинг меҳнатга лаёқатли ишсизлари бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг “Вақтинчалик тартиби” тасдиқланди.
Ўтган давр мобайнида “Темир дафтар”га 594,9 минг оила ва уларнинг 2,5 миллион нафар аъзоси, шундан 659,1 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз оила аъзолари киритилган.
Вақтинчалик тартиб асосида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 654,6 минг нафар ишсиз аъзолари бандлиги таъминлаш орқали 543,3 минг оила (91 фоиз) рўйхатдан чиқарилди.
Дафтарларга киритилган эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус жамғармалар ташкил этилди.
Мазкур жамғармаларда 851,9 миллиард сўм маблағ тўпланди.Унда “Темир дафтар”га киритилган оилалар учун 399,4 миллиард сўм, “Аёллар дафтари”га киритилганлар учун 223,1 миллиард сўм ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилганлар учун 229,4 миллиард сўм маблағлар жамғарилган.
Таъкидлаш керакки, жорий йилнинг январь – май ойлари давомида “Темир дафтар”га киритилган оилаларга 156,6 миллиард сўмлик ёрдамлар кўрсатилган. Жумладан, 19,2 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 30,4 миллиард сўмлик пул маблағлари, 6,5 миллиард сўмлик дори-дармон воситалари, 3,5 миллиард сўмлик чорва моллари, 12,7 миллиард сўмлик парранда, тадбиркорлик қилиш учун 27,6 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар ва 56,4 миллиард сўмлик бошқа ёрдамлар кўрсатилган.
Ҳозирги кунда 3 та жамғармада 434,9 миллиард сўм маблағ жумладан, “Темир дафтар”га киритилган оилалар учун 128,3 миллиард сўм, “Аёллар дафтари”га киритилганлар учун 145,6 миллиард сўм ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилганлар учун 160 миллиард сўм маблағлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Темир дафтар”ни юритиш орқали ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилалар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.
Унга кўра, “Темир дафтар”га киритилганларга қуйидаги йўналишларда ёрдам кўрсатилиши белгиланган. Томорқада енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйиш, “Томорқа хизмати” ташкилотлари ва “Дала дўконлари”ни ташкил этиш, деҳқончилик учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ердан 0,1 гектардан 1 гектаргача ер бериш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар ажратиш, бизнес лойиҳалар тузишни ўргатишда ёрдам берилади.
Ҳозирги кунда “Темир дафтар” (saxovat.argos.uz) ахборот-таҳлил тизимидаги маълумотларни автоматлаштирилган тарзда шакллантириш учун тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизим ва маълумотлар базалари ҳамда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” билан интеграция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида ҳар бир маҳалла, туман ва шаҳарларнинг “ўсиш нуқта”лари аниқланди. Шу асосда “Ҳудудларда 2021 йилда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилиб тасдиқланди.
– “2021-2030 йилларга қадар Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳадан кўзланган мақсад нимадан иборат?
– Ўрта ва узоқ муддатларда камбағалликни қисқартиришнинг стратегик мақсадларини белгилаш мақсадида Жаҳон банки ва БМТ тараққиёт дастури экспертлари билан биргаликда“ 2021-2030 йилларга қадар Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ҳужжатда республикада камбағалликни қисқартириш учун комплекс ёндашилиб, қуйидаги устувор йўналишлар доирасида чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Унга асосан эҳтиёжманд аҳолига кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар турини кўпайтириш ҳамда сифатини яхшилаш орқали мавжуд тизимни янада такомиллаштириш, аҳоли эҳтиёжманд қатламини ижтимоий муҳофаза қилишнинг янги усул ва механизмларини доимий такомиллаштириб бориш орқали камбағаллик даражасини янада қисқартириш механизмларини жорий этиш кабилардир.
Хулоса шуки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида халқимиз осойишталиги ва улар бахту иқболи, саодатли ҳаётини таъминлашдек эзгу мақсадлар сингдирилган. Зеро, Президентимиз ташаббуси билан бошланган бундай саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон аҳолиси учун ана шундай фаровон ҳаётга кенг йўл очишига ишонамиз.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди