Шу кунларда пойтахтимизда қишлоқ хўжалиги, хусусан пахтачилик соҳасидаги дунёнинг етакчи олим, тадқиқотчилари, йирик халқаро ташкилотлар вакиллари жам бўлган.
Бугун Тошкентда пахтачилик йўналишида энг йирик халқаро тадбирлардан бири – “VIII Жаҳон пахта тадқиқот конференцияси” (WCRC-8) иш бошлади.
Халқаро пахта тадқиқотчилари уюшмаси (ICRA), Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси (ICAC) ва Халқаро пахта геноми ташаббуси (ICGI) ҳамдамамлакатимиз Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев иштирок этиб, мамлакатимизда пахтачилик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айни йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги хусусида сўз юритди.
Қайд этилганидек, юртимизда пахта йиғим-теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймасликка қаратилган ишлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, 2021 йил “Cotton Campaign” коалицияси томонидан Ўзбекистон пахтасига бойкот бекор қилинди.
[gallery-19586]
Маросим доирасида пахта селекцияси ва генетикаси бўйича йирик илмий иш олиб борган ва натижаларни амалиётга татбиқ этган дунёдаги энг кучли олимлардан бири Давид Фанг “Йил тадқиқотчиси” сифатида эътироф этилиб, тақдирланди.
WCRC-8 доирасида турли учрашувлар ўтказилади, таниқли олимлар, экспертларнинг пахтани етиштириш ва қайта ишлаш, тўқимачилик бўйича маърузалари тингланади, шўъба йиғилишлари ташкил этилади.
Бу жараёнда пахтачилик ва тўқимачилик саноати соҳасидаги тадқиқотлар натижасида эришилаётган сўнгги ютуқлар билан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш имкони яратилади. Ғўза етиштиришга глобал иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ҳамда бошқа минтақавий муаммолар муҳокама этилиб, зарур ечимлар бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади. Жорий этилаётган илғор технология тақдимотлар орқали халқаро ҳамжамиятга таништирилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Ўзбекистон тарихида илк бор юртимизга Хитой, Туркия, Ҳиндистон, АҚШ, Испания, Тожикистон ва Қирғизистондан 2,5 минг тонна қурғоқчиликка ва тузга чидамли, ҳосилдорлиги гектарига 60-70 центнер, тола чиқими 42 фоиздан юқори 18 хил ғўза нави карантин талаби асосида олиб келинди ва 100 минг гектар майдонга экилди.
Замонавий ва хорижий агротехнологияни жорий этиш мақсадида Хитойдан 50 нафар маслаҳатчи, селекциячи ва муҳандис олим жалб қилинди. 12 минг гектар майдонда ХХР технологияси жорий этилди.
– Ушбу йирик анжуман мамлакатимизда илк бор ўтказилиши тарихий аҳамиятга эга, – дейди Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази директори Забардаст Бўриев. – Конференцияга 80 давлатдан илмий тадқиқотчилар, олимлари келган. Кўплаб фойдали тақдимотлар, жаҳон пахтачилиги йўналишдаги энг сўнги янгиликлар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилиняпти.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз пахтачилиги илм-фан ютуқлари билан ҳамоҳанг ривожланиши натижасида ҳосилдорлик мунтазам ошмоқда. Генетик тадқиқотлар натижасида янги навлар яратиляпти. Иқлим ўзгаришига, сувсизликка чидамли уруғ экилиб, ҳосилдорлик ошириляпти. Соҳага замонавий технологияларни кенг жалб этиш, хусусан дрон орқали ўсимликни зараркунандаларга қарши дорилаш борасида олиб борилган ишлар халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Конференция давомида турли долзарб масалалар бўйича экспертлар иштирокидаги умумий мунозаралар орқали маҳаллий шароитга мос ечимлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Пахтани тозалаш ва тўқимачилик маҳсулотларини қайта ишлашга оид инновациялар билан танишиш ҳам режалаштирилган.
Тадбирнинг сўнгги куни – 7 октябрда “Жаҳон пахта куни” халқаро олимлар ва меҳмонлар иштирокида нишонланади.
Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА