Ўзбекистонда I Марказий Осиё талабалар спорти форуми ўтказилади
2026 йил 29 сентябрдан 2 октябрга қадар Ўзбекистонда I Марказий Осиё талабалар спорти форуми бўлиб ўтади.
Тадбир Халқаро университет спорти федерацияси (FISU) президенти Леонц Эдернинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан ташкил этилмоқда. Форумдан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимизнинг талабалар спортини ривожлантириш борасидаги илғор тажрибасини халқаро спорт ҳамжамиятига кенг танитиш ва ушбу тажрибани бошқа давлатларда ҳам қўллаш имкониятларини муҳокама қилиш.
Форум доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда халқаро университет спорти ташкилотлари вакиллари иштирокида учрашув ва тадбирлар ўтказилади. Уларда талабалар спортини янада ривожлантириш, соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашга алоҳида эътибор қаратилади.
Тадбирда Халқаро университет спорти федерацияси раҳбарияти билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон ва Туркманистон талабалар спорти федерациялари вакиллари иштирок этиши режалаштирилган.
Талабалар спортида минтақавий ҳамкорлик янги босқичга чиқади
Бугун талабалар спорти нафақат ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш ва халқаро майдонга олиб чиқишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари иштирокида ўтказиладиган мазкур форум минтақада талабалар спортини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиши кутилмоқда.
Форум Ўзбекистоннинг талабалар спорти соҳасидаги салоҳияти ва тажрибасини халқаро миқёсда намоён этиш баробарида, Марказий Осиё ёшлари ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА