Ўзбекистонда ҳар 100 та оиланинг 61 тасида шахсий машина бор
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг турмуш даражаси ва машина сотиб олиш қобилияти юксалиб бораётганини кўчалардаги тирбандликлардан ҳам сезиш қийин эмас.
Миллий статистика қўмитаси эълон қилган ҳисобот натижалари ҳам буни рақамлар билан тасдиқламоқда.
Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ҳар 100 та уй хўжалигига ўртача 61 та енгил автомобиль тўғри келиши маълум бўлди. Бу кўрсаткични аввалги даврлар билан солиштирсак, ўсиш суръатлари юқори эканини кўриш мумкин.
Масалан, бундан 15 йил аввал, яъни 2010 йилда ҳар 100 оилада бор-йўғи 21 та машина бўлган бўлса, 2015 йилга келиб бу рақам икки баравар ошиб, 42 тага етган. 2020 йилдаги 49 талик кўрсаткич эса бугунги кунда янада салмоқлироқ кўриниш олган.
Бундай усиш нафақат транспорт воситаларининг оммалашганини, балки автомобиль энди ҳашамат эмас, балки ҳар бир хонадон учун кундалик заруратга айланиб улгурганини англатади.
Рақамлар шуни курсатмоқдаки, ўзбекистонликларнинг автомобилларга бўлган эҳтиёжи ва имконияти йилдан-йилга барқарор суръатда ўсиб бормоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА