Ҳар йили дунёда 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни сифатида нишонланади.
Қурғоқчилик – экинларнинг ҳосилдорлигини йўқолиши, ўрмон ёнғинлари ва сув танқислиги натижасида инсонлар ҳаётининг барбод бўлиши нуқтаи назардан энг дахшатли табиий офатлардан биридир.
Ернинг таназзулга учраши ва иқлим ўзгариши натижасида кучайган қурғоқчилик шиддатли тус олмоқда. Бу 2000 йилга нисбатан 29 фоиз кўп ва ҳар йили 55 миллион кишига таъсир қилади. 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир қилиши мумкинлиги башорат қилинмоқда. Шу боис бу глобал ва долзарб муаммо ҳисобланади.
Сўнгги қурғоқчилик дунё учун хавфли келажакка ишора қилмоқда. Сўнгги йилларда озиқ-овқат ва сув танқислиги, кучли қурғоқчилик туфайли юзага келган ўрмон ёнғинлари кучайган.
Бу йил Испаниянинг Мадрид шаҳрида чўлланиш ва қурғоқчилик кунини глобал нишонлаш бўйича тадбир бўлиб ўтади. Унда қурғоқчилик, сув танқислиги ва шунга боғлиқ иқлим ўзгариши оқибатларига қарши тадбирлар ўтказилади. Испания хукумати бу масалаларда биринчи ўринда туради ва энг яхши тажрибаларни алмашиши мумкин.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, БМТнинг чўлланишга қарши кураш Конвенцияси, 1994 йилда БМТнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш Конференциясида қабул қилинган. Бу 3 та Конвенциянинг биридир. Булар чўлланишга қарши кураш Конвенцияси, Иқлим ўзгариши Конвенцияси ва Биологик хилма-хилликни асраш Конвенцияларидир.
Ўзбекистон Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб, Конвенцияга аъзо бўлган давлатлардан ҳисобланади. Ушбу Конвенция 1995 йил 31 августда Ўзбекистон парламенти томонидан ратификация қилиниб, 1996 йилдан кучга кирди. Бугунги кунда мазкур Конвенцияга 196 та давлат аъзо.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси берган маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг 70 фоиз ёки 31,4 миллион гектар ери қурғоқчил майдонлардан иборат. Улар асосан табиий шўрланган, кўчма бархан қумликлар ва қумликлардан иборат чўл ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардан иборатдир. Орол денгизи сув сатҳининг қуриши туфайли Ўзбекистонда яна қўшимча 3 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум пайдо бўлди.
Натижада, ушбу регионда экологик муҳит ёмонлашиб, чўлланиш жараёнлари янада кучайди ва кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди. Биргина Оролбўйи минтақасида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида 2000-2018 йиллар давомида 8 миллион гектардан ортиқ ер майдонлари турли даражада шўрланди ва 1 миллион гектар ер майдонларида эрозия ҳолатлари кузатилди. Бу эса ушбу регионнинг 96 фоиз ҳудудини ташкил этади. Чўлланиш таъсирида ушбу ҳудудларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги қарийиб 40-45 фоизгача камайиб кетди.
Мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига бир қатор қўшимча функциялар юклатилди. Хусусан, республикада чўлланишни олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масалалари бўйича ҳалқаро ва минтақавий ташкилотлар билан самарали ўзаро хамкорликни таъминлаш шулар жумласидан.
Мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қўмита томонидан 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. “Йўл харитаси” 15 банддан иборат бўлиб, республикамиз учун энг долзарб қайноқ ҳудудлар танлаб олинган ва қисқа муддат ичида бир қатор ишларни амалга оширишга эришилди. Мисол учун, Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019-2022 йилларда қарийб 1,7 миллион гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилди.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида Қизилқум чўлларига туташ ҳудудларидаги суғориладиган водий ерларни ҳамда инфраструктураларни қум12:36
босишидан сақлаш мақсадида 200 минг гектардан ортиқ майдонда Бухоро яшил қалқонини яратиш, Навоий вилоятида 150 минг гектардан ортиқ чўл яйловлари ҳолатини яхшилаш мақсадида саксовулзорлар барпо этиш бўйича ишлар бошланган.
“Йўл харитаси” бўйича Навоий вилоятининг Нурота тоғ олди ерларидаги очиқ бўш майдонларда 10 минг гектар майдонда писта плантациялари ташкил этиш белгиланган бўлиб, бугунгача 2,5 минг гектардан ортиқ майдонда ташкил этилди ва яқин 4-5 йил ичида тўлиқ бажарилиши таъминланади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ўрмон фонди ерларидан ташқари қишлоқ хўжалигининг суғориладиган ерлари мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги объектларини қум босишдан ҳимоя қилиш мақсадида иҳота дарахтзорлари барпо қилиш ишлари давлат дастурига киритилди. Ушбу дастурга асосан 2018 йилда 500 гектар ва 2019 йил баҳорида 2 минг 495 гектар ва 2020 йилда 2 минг 500 гектар, 2021 йилда 2 минг 500 гектар ва 2022 йилда 1 минг 200 гектарга яқин майдонларда иҳота дарахтзорлари барпо этилди.
Ер юзида глобал миқёсда иқлим ўзгариши, чўлланиш жараёнлари кучайиб бораётган бир пайтда, айниқса бизнинг кам ўрмонли минтақамизда, асосан қумли чўл ҳудудларида ўрмонзорлар майдонларини кенгайтириш жуда муҳим масала.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, биринчи навбатда ўрмон барпо этиш тадбирларини амалга оширишдан олдин ўрмон барпо этиладиган ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити, шўрланиш даражаси, экиладиган кўчат тури ва экиш технологияларини аниқлаб олиш керак.
Қолаверса, кучли шўрланган ерларда шўрга чидамли бўлган қорабуроқ уруғи ва юлғун ниҳолларини экиш тавсия этилади. Ҳамда шўрга чидамли янги дарахт ва буталарни четдан келтириб бизнинг шароитда ўсишини ўрганиш бўйича тажрибалар ва илмий изланишлар олиб бориш тавсия этилади.
Саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари уруғлари ва кўчатларини экишнинг энг қулай муддати ноябрь ойи ўртасидан 10-15 мартгача қум-тупроқ қатламида етарли намлик тўпланган ва ҳаво ҳарорати илиқ бўлган муддатлар ҳисобланади ва ана шу даврда экилган уруғ ва кўчатларнинг ўсиб ривожланишига қулай шароит яратилади. Юқори кўкарувчанликка эришилади. Фақат ер музлаган даврлар бундан мустасно бўлиб, бу даврда уруғ ва кўчатлар экиш тўхтатилади.
Бир сўз билан айтганда, ўрмонзорлар майдонларини кенгайтириш, янги ўрмонзорлар барпо этиш тадбирларини амалга оширишга маҳаллий ҳамда мақсадли бюджет маблағларини жалб қилиш зарур. Шунингдек, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича хорижий молия институтлари ва донор ташкилотларининг маблағларини жалб қилишни кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА